MediaTek энди ноутбук бозорига «ҳужумга ўтди»

  •   DiMaX
  •  429
  •  11.09.2020 16:36

MediaTek энди ноутбук бозорига «ҳужумга ўтди»

Тайванлик чипсоз – MediaTek кейинги пайтларда анча фаоллашиб, флагман ва ўрта нархли смартфонлар учун бир нечта моделда 5G-процессорлар тақдим этмоқда. Мазкур компания энди хромбуклар бозорига ҳам кириб келишини расман эълон қилди.

ЎҚИНГ: Флагман процессорлар жанги: Dimensity 1000+ деярли барча бенчмаркларда Kirin 990 5G’ни маҳв этди!

Аниқроғи – MediaTek ўзи шунақа ноутбук ишлаб чиқмайди, балки хромбуклар учун процессорлар тақдим қилади. Жумладан, кейинги йили у Chrome OS операцион тизимли ноутбуклар учун махсус тайёрланган MT8195 чипсетини намойиш этмоқчи. Мазкур процессор 6 нанометрлик технологик жараёнга таянади; демак – у анча энергия тежовчи бўлади ва хромбукларнинг автономлик вақти ошувига хизмат қилади.

Кутилаётган чипсетнинг конфигурациялари ҳақида MediaTek ҳозирча бирор маълумот бермаган. Лекин унинг MT8195 модели айнан хромбуклар учун махсус яратилган процессор бўлади. Ҳозир ҳам хромбукларда ишлатилаётган MediaTek MT8183 ҳамда MT8173 чипсетлари эса аслида планшетларга мўлжалланган платформадир.

MediaTek вакили ўз сўзида хромбуклар бозорига чиқиш ҳақида гапирар экан, Apple корпорациясини мисол қилиб келтирган. Купертинолик гигант макбукларда Arm архитектурали ўз процессорларига ўтаётганидек, хромбукларни ҳам янгича чипларга ўтказиш вақти келди, деган у.

ЎҚИНГ: Яп-янги AMD ва Intel процессорли ноутбукларни тезкорлиги ва автономлиги бўйича таққослаб кўрсатишди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!