Бўлажак "супер-ҳит" - Meizu кучли флагманларни тақдим қилди!

Бўлажак

Бу йил Meizu кучли флагманлар билан бозорга қайтди. Компания бугун - Samsung Galaxy Note 9 девайсидан бир кун аввал илғор ва жозибадор смартфонларини тақдим қилди. Шу кунга қадар инсофли нархда ўртача имкониятли мобил телефонларини ишлаб чиқарган бренд ва ниҳоят кучлилар билан рақобат қилишга тайёр.

Meizu 16 ҳамда Meizu 16 Plus смартфон бозорининг "олий лигаси"да Xiaomi, OnePlus ҳамда Huawei флагманларига қарши курашга киришади.

Компания тўғри маркетинг ёндашувидан бориб, смартфонларнинг юқори ва қуйи талқинини ишлаб чиқармоқда.

Қуйи талқин 6 дюймли ва юқори талқин 6,5 дюймли экранга эга бўлган. Юқори талқиннинг батарея сиғими ҳам юқори.

Meizu 15 билан таққослаганда, янги девайслар тамомила ўзига хос дизайнда ишлаб чиқарилган: олд панелнинг 91,18% қисмини эгаллаб олган ромсиз экран бўйлаб тортилган нафис ҳошия, қўш сенсорли бош камера, ҳалқалик светодиодли фоточақноқ.

Meizu 16 модели 2018 йилнинг энг енгил флагмани бўлиб, 152 грамм тош босади.

Экран томонлари 18:9 ўлчамли, яъни чўзинчоқ. Флагманлар "истараси" iPhone X'дан фарқ қилади, яъни экран устида кесиқ йўқ.

Ён ромлар деярли билинмайди ҳамда корпус қалинлиги 1,43 мм.

Смартфон экранининг юқори ва қуйи қисмларидаги виртуал ҳошиялар юпқа ва уйғун бўлгани туфайли олд панел идеал даражада симметрик кўринади.

Янги дизайн концепцияси анъанавий mTouch аппарат клавишини назарда тутмаган. Ишлаб чиқарувчи энди смартфонни Super mBack 2.0 технологияси орқали бошқариш таклифини илгари сурмоқда. SuperSwape технологияси эса платформа самарадорлигини ошириб, фойдаланувчининг одатларини ўрганади.

Meizu илк маротаба ўзига хос "фишка" — дисплей остига жойлаштирилган бармоқ изи сканерини жорий қилган. Тақдимотда қайд этилишича, датчик бармоқ изини юқори аниқликда қайд этади ва хавфсиз ҳисобланади. Бармоқни таниш жараёни 0,25 секундда амалга ошади, унинг аниқлик даражаси — 99,12%.

Экран қуйисидаги ётиқ чизиқ бўлиб, унга бармоқ зарбини тушунадиган mEngine 2.0 технологияси татбиқ қилинган. Унинг ёрдамида сенсор экранни самарали бошқариш мумкин.


Meizu 16 ҳамда Meizu 16 Plus моделлари учун Super AMOLED-матрица танланган. Уни Samsung ишлаб чиқарган ва ҳар иккаласининг аниқлиги 2160х1080 пикселга тенг.

Платформа етакчи бўлган Snapdragon 845 билан "қуроллантирилган". Ҳозирги аксарият флагман смартфонлар ана шу чипда ишлайди. Шунингдек, Meizu жорий қилган мисли қувурча орқали чипсетни совитиш технологияси самарадорлик учун айни муддао.

Рақамларни яхши кўрадиганлар учун айтиш жоизки, Meizu 16 AnTuTu бенчмаркида 291 866 балл йиққан. Бу эса жуда ҳам юқори балл дегани.

Қолган жиҳатлар ҳам замонавий стандартда: 6/8 Гб оператив хотира, 64 Гб ёки 128 Гб пдоимий хотира.

Meizu 16 Plus моделининг 128/256 Гб доимий хотира талқинлари ҳам бор. Девайсларда хотирани кенгайтириш учун microSD эса мавжуд эмас.

Meizu аслида плеер ишлаб чиқарувчи компания бўлганини ҳисобга олсак, унинг смартфонлари доим меломанлар учун маъқул келган. Янги девайсларда ҳам стереодинамик, мини-жек ҳамда шовқинин камайтирувчи янги алгоритм мавжуд.

Meizu инженерлари объективлар сонини оширмаган бўлсалар ҳам, яхши камера ечими илгари сурилмоқда.

Олд камер 20 мегапикселли, унинг ёруғлик тақсимловчи линзаси f/2.0 стандартли. Орқа томонда эса иккита сенсор бор. Бош датчик - 12 Мп (Sony IMX380) кенг бурчакда сурат олади, қўшимча сенсор — Sony IMX350 телеобъектив бўлиб, унинг аниқлиги 20 Мп. Биринчи сенсорда ёруғлик ўтказиш имкони юқори - f/1.8. Камерада турли алгоритм, "сунъий ақл" жорий қилинган.

Смартфонлардаги интерфейслар ҳам замонавий: Bluetooth 5.0, икки диапазонли Wi-Fi, LTE, GPS ҳамда 3,5 мм ҳажмидаги аудио туйнукнинг борлиги қувонтиради. Бироқ аппаратнинг NFC ва Band 20 стандартларига эга бўлмагани ким учундир камчилик.

Meizu 16 билан боғлиқ камчилик эса аккумулятор бўлиши мумкин - батареянинг ток сиғими 3010 мА соат. Бироқ, қувватни кам ейдиган AMOLED-матрица ҳамда тежамкор 10 нанометрли чип, қолаверса mCharge тезкор қувват олиш технологияси бу муаммони бартараф қилиши мумкин.

Девайс 0 дан 67% гача тўлиши учун ярим соат керак бўлади. MEIZU маълум қилишича, тўлиқ қувват билан девайс ўртача 13 соат ишлайди.

Meizu 16th Plus аккумулятори эса 3640 мА соат. У ҳам тезкор қувват олади.

Девайслар Android Oreo операцион тизимига асосланган Flyme 7 прошивкаси бошқарувида ишлайди.

Meizu 16 ҳамда Meizu 16 Plus моделларининг кучли жиҳатлари қаторида уларга қўйилган "инсоф доирасидаги" нархни ҳам айтиш керак.

Meizu 16 моделининг 6/64 Гб тақини учун $395, ўрта имкониятли талқини бўлмиш 6/128 Гб модели учун $440 ҳамда юқори - 8/128 Гб талқини учун $483 доллар тўлашга тўғри келади.

Meizu 16 Plus учун эса $468 ҳамда унинг 6/128 Гб, 8/128 Гб талқинлари учун — $512, энг юқори — 8/256 Гб талқини учун $586 доллар сўралмоқда. Смартфон 20 августдан бошлаб сотувга чиқарилади.

MEIZU 16 техник жиҳатлар:

Алоқа: 2 та nano SIM-карта, LTE;
Экран: 6'', 18:9, 2160х1080 пиксел (401 PPI), SUPER AMOLED, 2.5D шиша;
Процессор: Qualcomm Snapdragon 845 (4 ядро Kryo Gold + 4 ядро Kryo Silver), совитиш учун мис қувурча технологияси бор;
График процессор: Adreno 630;
Хотира: 6/8 ГБ оператив хотира + 64/128 ГБ доимий;
Бош камера: 12 Мп + 20 Мп, OIS, 1.55 um, 6 та линза, ƒ/1.8 + ƒ/2.6, сенсорлар Sony IMX 380 + Sony IMX350, фазали ва лазерли фокуслаш, 6 тусли фоточақноқ, FLYME AI "ақлли" технологияси;
Олд камера: 20 Мп, 5 линзали, f/2.0;
Овоз: Qualcomm APTX ва SONY LDAC кодеклари, стереодинамиклар, аудио: 3.5 мм мини-жек;
Сканер: экран остига жойланган сканер;
Интерфейслар: Wi-Fi Dual Band, Bluetooth, GPS, ГЛОНАСС, Beidou, Galileo, SBAS, QZSS;
Аккумулятор: 3010 мА соат, mCharge тезкор қувват олиш;
Ўлчами: 150,5 х 73,3 х 7,3 мм;
Вазни: 152 грамм.

MEIZU 16 PLUS техник жиҳатлари:

Алоқа: 2 та nanoSIM-карталар, LTE тармоғи;
Экран: 6.5'', 18:9, 2160х1080 белги, SUPER AMOLED, 2.5D шишаси;
Процессор: Qualcomm Snapdragon 845 (4 ядро Kryo Gold + 4 ядро Kryo Silver), мисли қувурча орқали совитиш технологияси;
График процессор: Adreno 630;
Хотира: 6/8 ГБ оператив + 128/256 ГБ доимий хотира;
Бош камера: 12 Мп + 20 Мп, OIS, 1.55 um, 6 линзали, ƒ/1.8 + ƒ/2.6, сенсорлар - Sony IMX 380 + Sony IMX350, фазали ва лазерли фокуслаш, 6 тусли фоточақноқ, FLYME AI "сунъий ақл" технологияси;
Олд камера: 20 Мп, 5 линзали, f/2.0;
Аудио: Qualcomm APTX ҳамда SONY LDAC кодеклари, стереодинамиклар, 3.5 мм мини-жек, mEngine 2.0;
Сканер: экран остига жойланган бармоқ изи сканери;
Интерфейслар: Wi-Fi Dual Band, Bluetooth, GPS, ГЛОНАСС, Beidou, Galileo, SBAS, QZSS;
Аккумулятор: 3640 мА соат, mCharge тезкор қувватлаш технологияси;
Ўлчамлари: 160,4 х 78,2 х 7,3 мм;
Вазни: 182 грамм.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!