Meizu ҳаёт экан: унинг махфий камерали янги флагманини видеода кўрсатишди!

  •   DiMaX
  •  686
  •  29.01.2021 15:45

Meizu ҳаёт экан: унинг махфий камерали янги флагманини видеода кўрсатишди!

Xiaomi’нинг асосий рақибларидан ҳисобланган Meizu компанияси бултур 8 май куни ўтказган онлайн конференцияда Meizu 17 туркуми смартфонларини расман тақдим қилганди. Унгача ўтказилган тестда ушбу модел Xiaomi Mi 10, Huawei P40 Pro ҳамда Oppo Find X2 Pro флагманларини ортда қолдирган эди. Лекин кейин бу смартфонсоз анча «жимиб» кетган.

ЎҚИНГ: Meizu ёки Xiaomi: кимнинг смартфони яхшироқ?

Meizu аллақачон ўз оммабоплигини йўқотган бўлса-да, компания ҳамон фаолият кўрсатмоқда ва ҳатто янги флагманини тайёрлаб улгурган ҳам. Meizu 18 русумли бу смартфони кадр янгиланиш частотаси 120 герц бўлган OLED-экран билан жиҳозланмоқда. Унинг камераси кўп модулли, аккумулятори 4500-5000 мА/соатлик ва тезкор қувватланувчи бўлишини айтишмоқда.

Энг муҳим жиҳатларидан бири – Meizu 18 смартфонида селфилар учун экраности камера қўлланишини айтишмоқда. Жумладан, Weibo ижтимоий тармоғида пайдо бўлган қуйидаги видеороликда айнан шу модел кўрсатилган, дейишяпти:

Янги флагманнинг «электрон юраги» сифатида Qualcomm компаниясининг энг кучли процессори – 5 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган Snapdragon 888 чипсети танланган. Meizu 17 моделининг май ойида намойиш этилганидан келиб чиқадиган бўлсак, унинг давомчиси ҳам баҳорда дебют қилса керак.

Дарвоқе, AnTuTu бенчмаркининг бултур августдаги ўз эгасини рози қилган ТОП-10 смартфон рейтингида иккинчи ўринни Meizu 17 Pro модели олган эди. Ўз нархини кўп йўқотмайдиган смартфонларнинг кузда эълон қилинган рейтингида эса Meizu 16s Pro флагмани кумуш медалга лойиқ кўрилган.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?