Meizu компанияси Xiaomi’га қарши Pro 7’ни “жангга” тайёрламоқда

Meizu компанияси Xiaomi’га қарши Pro 7’ни “жангга” тайёрламоқда

Meizu вице-президенти Ли Нэн (Li Nan) ўзининг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Meizu Pro 7 флагман смартфонининг тақдимотига оз кунлар қолганига шама қилди. Компания раҳбари фойдаланувчиларга мурожаат қилиб, Meizu апрел ойида янги дизайндаги илғор смартфон тақдимотини режа қилганини, бу Meizu M5X эмаслигин маълум қилган.

Айтиш керакки, Meizu Pro 6 ҳам 2016 йилнинг апрел ойида намойиш қилинган. Шунингдек, бу ойда яна бир хитойлик компания — Xiaomi ҳам ўзининг Xiaomi Mi6 флагманини жамоатчилик эътиборига ҳавол қилишини инобатга олсак, Meizu рақобатга дош берадиган смартфонни ишлаб чиқариши керак бўлади. Маълумотларга кўра, икки ёнга қайрилган дисплейли флагман ҳозирданоқ кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Металл корпусли гаджетнинг олд панели юпқа ром ва силлиқ бурчаклари билан Samsung Galaxy S8 ва LG G6’ни эслатмоқда.

Маълумотларга кўра, Meizu Pro 7 диагонали 5,7 дюйм бўлган 4K сиғимли AMOLED-дисплей (яъни 3840 × 2160 пикселли!), MediaTek’нинг 10 нанометрли техник жараёнда ишлайдиган 10 ядроли кучли Helio X30 процессорига эга бўлади. Жумладан, унда 2,5 ГГц частота тезлигигача ишлайдиган Cortex-A73 ядроси ўрнатилади. Смартфондаги график-тасвирни қайта ишлаш учун эса яна бир самарали IMG 7XTP-MT4 видеокартаси масъул бўлади. Шунингдек, процессорда алоҳида LTE-модемининг бўлиши ҳам кутилмоқда.

Meizu Pro 7’да тасвир датчиги 12 мегапикселли Sony IMX362 камераси ўрнатилади. Meizu Pro 7’нинг оддий талқини 4 ГБ тезкор ва 128 Гбайт доимий ички хотирага эга бўлади. Шунингдек, гаджетнинг 6/8 Гбайт.ли тезкор хотирага эга талқинлари ҳам ишлаб чиқарилади.

Meizu компанияси нарх масаласида ҳам Xiaomi’дан орқада қолмаслик учун 2016 йилнинг адоғида тақдим қилган 10 ядроли процессор, 5.2 дюймли дисплейга эга Meizu Pro 6S “ақлли телефон”ини 390 доллардан 360 АҚШ долларига арзонлаштирди. Янги флагманнинг 450-500 АҚШ долларидан сотувга чиқиши маълум қилинмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!