Meizu M5s: арзон смартфон харид қилиш учун 5 сабаб

Meizu M5s: арзон смартфон харид қилиш учун 5 сабаб

2016 йилнинг ёзи Meizu компанияси учун омадли келган эди. Ҳамёнбоп M3s смартфони ихчамгина металл корпусига жойланган бир қанча имкониятлар эвазига жуда оммалашди. Бу муваффақиятнинг давоми бўлиши аниқ эди. Meizu M5 номли навбатдаги арзон смартфон "меросхўр" сифатида дунёга келди.

Шундан сўнг, 2017 йилнинг 15 феврал куни Meizu компанияси янги Meizu M5s номли ҳамёнбоп телефонини тақдим қилди. Ушбу смартфон ҳам металл корпус ҳамда mTouch 2.1 стандартидаги “Home”тугмасидан ўрин олган бармоқ изи сканери билан ўзига хос.

5,2 дюймли M5s кўринишидан 5.5 дюймли Meizu M5 Note моделининг техник жиҳатдан содда талқини бўлди.

Meizu M5s — 5.2 дюймли HD дисплейга, саккиз ядроли ва 64 битли процессорга, металл корпусга, бармоқ изи сканерига эга бўлган Android-смартфон.

Meizu M5s нимаси билан ўзига хос?
Янги модел учун компания бир оз каттароқ экран танлашга қарор қилган. Натижада, диагонали 5.2 дюймли экран танланган. Аввалги моделлар каби бармоқ изи сканери экран қуйисидан ўрин эгаллаган.

Корпус металлдан ишланган. Унинг шакли эса Meizu M3s билан солиштирганда - ўзгарган.

Meizu M5s учун 3 гигабайтли оператив хотира танланган бўлса ҳам, ҳамёнбоп смартфон процессори аввалги моделдан соддароқ: MediaTek MT6753 (аввалгисида MediaTek MT6750). Бу тўғрида қуйида тўхталамиз.

Смартфондаги бош камера 13 мегапикселли. Унга фазали автофокус ҳамда қўш тусли светодиодли фоточақноқ ўрнатилган.

Meizu M5s аккумуляторининг сиғими 3000 мА соат ва уни тезкор қувватлаш мумкин! Одатда ҳамёнбоп девайслар учун ноёб жиҳат! Қуйида бу моделни яқиндан ўрганамиз. 

Meizu M5s (M612H) моделининг асосий техник хусусиятлари:

Процессор: MediaTek MT6753, 8 ядроли ARM Cortex-A53, @1,3 ГГц;
Видео-карта: Mali-T720;
Операцион тизим: Android 6.0;
Сенсор дисплей: IPS 5,2″, 1280×720, 282 ppi;
Оператив хотира (RAM): 3 ГБ;
Доимий хотира: 16/32 ГБ;
Nano-SIM: 2 та;
microSD: 128 гигабайтгача;
Алоқа имкониятлари: GSM/GPRS/EDGE (850/900/1800/1900 МГц), WCDMA/HSPA+ (850/900/1900/2100 МГц), TD-SCDMA, LTE Cat.4 FDD (B1/3/7), TD LTE (B38/40);
Қўшимча: Wi-Fi 802.11a/b/g/n (2,4 ва 5 ГГц), Bluetooth 4.0 BLE, GPS, A-GPS, Глонасс, Micro-USB, USB OTG;
Бош камера: 13 Мп, автофокус, f/2,2, видео 1080p;
Олд камера: 5 Мп, f/2,0, фокусни белгилаш;
Сенсорлар: оралиқ-масофа, ёруғлик, магнит майдон, бармоқ изи сканери, акселерометр, гироскоп;
Аккумулятор: 3000 мА·соат, тезкор қувват олади;
Ўлчамлари: 148×73×8,4 мм
Вазни: 147 грамм.

Ташқи кўриниш

Смартфон олд панели Meizu шу вақтга қадар ишлаб чиқарган сотувдаги бошқа мобил телефонларга ўхшаб кетади. Олд панелга қайрилма ёнли 2.5D ҳимоя ва безак шишаси ётқизилган. Бу шишанинг DragonTrail брендига мансублигини тахмин қилиш мумкин. Ён томондаги ромлар у қадар қалин эмас.

Экран қуйисида Meizu учун анъанавий механик mTouch тугмаси жойлаштирилган. Унинг атрофи металл ҳошия билан ўраб олинган. Бу тугма бир оз ботиқ шаклда. Унинг вазифаси ҳам аввалгидай сақлаб қолинган: бармоқ изини сканер қилиши билан бирга, бармоқнинг зарбига кўра, бу тугма орқали "орқага", "бош экранга қайтиш" амалларини бажаради.

Экран юқорисида — суҳбат динамиги, олд камера, ёруғлик датчиги, оралиқ-масофа датчиги, огоҳлантирувчи светодиодли индикатор мавжуд.

Смартфон ёнларига диққат билан назар ташланса, корпус шакли бир оз юмалоқ услубда ва экран бурчаклари ҳам ёрқин акс этади.

Корпус қуйисидаги жамланма ўзгармаган: MicroUSB порт, унинг ёнларида симметрик дизайнда ишланган туйнуклар. Уларнинг остида динамик ҳамда суҳбат микрофони ўрнатилган.

Корпуснинг қуйи ва юқори қисмлари махсус безак пластик хомашёсидан тайёрланган. Бу эса смартфонга алоқа сигналларини қабул қилиши учун айни муддао.


Корпуснинг чап қисмида — SIM-картв ва MicroSD картаси учун бўлмача.

Бу бўлмача гибрид бўлиб, унга nano шаклли иккита SIM-карта ёки битта сим-карта ҳамда MicroSD хотира картасини ўрнатиш мумкин.

Аудио қулоқчинлар учун стандарт туйнук том қисмида жойлашган:

Овозни бошқариш ҳамда ўчириб/ёқиш тугмаси — корпуснинг ён томонида жойлашган:

Орқа панел тўлиқ металлдан ишланган. Ундаги логотип, камера ҳамда қўш тусли светодиоди бор фоточақноқ анъаналарга хос услубда жойлаштирилган.

Орқа панелнинг қуйи ва юқори қисмларига пластик улоқ кийдирилган, улар корпус рангида бўялган бўлса ҳам, туси бир оз фарқ қилади.

Юқори ва қиммат моделларда пластик қисм ва металл панелни нафис ялтироқ улоқлар бирлаштириб туради. Ҳамёнбоп моделларда (жумладан, Meizu M5s моделида ҳам) соддароқ ечимдан фойдаланилган.

Аввалги моделлар билан таққослаб кўрганда, Meizu M5s'да туб ўзгариш йўқ. Бироқ компания смартфоннинг эргономикаси, яъни шаклдорлигига эътибор қилган. Натижада, M3s моделига қараганда Meizu M5s кафтда яхши жойлашади.

Экран қанчалик яхши?
Meizu M5s смартфон экрани 5,2 дюймли, унинг дисплей сиғими HD (720 x 1280 пиксел). Экран 2.5D туридаги силлиқ ҳошияли ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган.

Meizu M5s экранининг ҳар дюймига тўғри келадиган пикселлар сони бир оз кам: 282 ppi. Натижада, ҳамма пиксел ҳам аниқ-тиниқ акс этмайди.

Икки томондаги ён томондаги қора виртуал ромлар қўшиб ҳисоблаганда 3,5 мм, қуйи ва юқори ромлар — тахминан 16 мм.

Экран учун танланган IPS-матрица ҳавосиз қават усулида ишлаб чиқарилган.

Қолган жиҳатлари: максимал ёрқинлик миқдори 380 кд/м2.

Meizu M5s экрани ёғ-доғга қарши бўлган олеофоб қатламаси билан қопланган. Бу пленка аввалгиларидан анча сифатли.
M5s ҳамёнбоп смартфон бўлгани туфайли унинг экрани бир қарашда фойдаланувчи учун маъқул келса ҳам, айрим инжиқ смартфон фойдаланувчилари экранда ёруғлик миқдори камлигини пайқайдилар.

Бироқ экранда маълумотни кўриш ёки ўқиш учун максимал ёруғлик даражаси етарли. Қуёш нури остида ҳам экран тасвирни яхши намойиш қилади.

Самарадорлик имкониятлари
Meizu одатда янги бирор смартфон ишлаб чиқараётганда "электрон юрак" танлаш борасида ғалати қарорларга келади: Meizu M2 Note эга бўлган чипсет унинг авлоди бўлмиш M1 Note'нинг чипидан кучсизроқ эди.

Худди шу тарих Meizu M5s билан ҳам содир бўлди: унга ўрнатилган MediaTek MT6753 процессори 1.3 ГГц частота интервалига эга. M3s ва пластик корпусли M5 эга бўлган MediaTek MT6750 чипи эса ундан илғоррроқ эди. Тўғри, бу жуда катта фарқ дегани эмас.

Андроиднинг ўзлаштирилган Flyme талқини қувватни тежаши, бир маромда ишлаши ҳамда самарадорлиги билан яхши танилган.

Смартфон икки хил талқинда ишлаб чиқарилади: 16 ёки 32 ГБ доимий хотира ҳамда 3 гигабайтли оператив хотира.

Битта SIM-карта ўрнига доимий хотирани кенгайтириш учун МicroSD хотира картасини қўйиш мумкин.

Алоқа имкониятлари
Смартфондаги GPS-модул муаммосиз ишлайди ҳамда сунъий йўлдош сигналини яхши тутади.

Смартфонда икки диапазонли Wi-Fi 802.11 a/b/g/n ҳамда Bluetooth 4.0 модули, NFC ҳамда инфра-қизил модул мавжуд.

Оовз ҳамда динамик сифати борасида имкониятлар етарли ҳамда ўрта даражали.

Қувват таъминоти
Аккумулятор корпусдан ажралмайди ҳамда унинг ток сиғими 3000 мА соат. Смартфон 18 ваттли mCharge тезкор қувват олиш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, 3000 мА соат сиғимли аккумуляторни 56% қувватлаш учун бор-йўғи 30 дақиқа керак бўлади.

Смартфон тўлиқ қуввати бугунги фаол фойдаланувчилар қўлида бир кеунга етади. Тўлиқ қувват билан 10 соат видео томоша қилиш мумкин.

Камера имкониятлари қандай?
Гаджетдаги бош камера 13 мегапикселли. Камера фазали автофокус тизими ва икки тусли фоточақноққа эга. Телефонда 5 мегапикселли олд камера мавжуд.

Ҳамёнбоп смартфонлардаги камера имкониятларини содда қилиб ифодалаш мумкин: ёруғлик етарли бўлса, сурат ҳам кўнгилдагидек бўлади. Қоронғуда эса қўлимизда арзон смартфон турганини тушуниб етамиз.

Қуйидаги суратлар ёрдамида Meizu M5s камераси имкониятлари хусусида хулоса қилинг.

Хулоса ўрнида ...
Meizu M3s 2016 йилда яхши сотилган бўлса, унинг нархи ўз жиҳатларини керагидан ортиқ оқлаган. Meizu M5s эса техник жиҳатдан у қадар ўзгармаган, бироқ нарх бир оз кўтарилган.

Шундай бўлса ҳам, ҳамёнбоп Meizu M5s моделини харид қилиш учун айрим сабаблар бор: металл корпус, қулай экран, тезкор қувват олувчи батарея.

Meizu ҳамёнбоп чипсет танлагани боис, гаджет самарадорлиги у қадар ҳам мақтагулик эмас.

Meizu M5s харид қилиш учун 5 сабаб:
Анъанавий ва яхши ташқи кўриниш ҳамда сифатли корпус материали;
сифатли экран;
аккумулятор имкониятлари;
тезкор қувват олиш функцияси;
аниқ ва тезкор ишлайдиган бармоқ изи сканери.

Meizu M5s харид қилишга тўсиқ бўлиши мумкин 2 жиҳат:

содда самарадорлик (инжиқ фойдаланувчилар учун);
ўрта имкониятли камера.

Нарх ва наво
Meizu M5s Хитойда 2017 йилнинг 20 февралидан сотувга чиқарилган эди. Девайснинг 16 ГБ талқини 116 АҚШ доллари, 32 ГБ талқини 145 доллардан сотилган. Телефон бугунги кунда ҳам халқаро бозорда яхши сотилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Юртимизда гаджетни ўртача 1 млн сўмдан харид қилиш мумкин.

Унутманг, Terabayt.uz нашрининг имкониятлари кенгайиб бораётган Тerashop дўкони ишончли смартфон ва гаджетлар харид қилиш учун айни муддао.

Хулоса

Meizu M5s — 5.2 дюймли HD дисплейга, саккиз ядроли ва 64 битли процессорга, металл корпусга, бармоқ изи сканерига эга бўлган Android-смартфон.

6.4балл

Янги модел учун компания бир оз каттароқ экран танлашга қарор қилган. Натижада, диагонали 5.2 дюймли экран танланган. Аввалги моделлар каби бармоқ изи сканери экран қуйисидан ўрин эгаллаган.

Экран

Камера

Процессор

Дизайн

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop 998 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • сифатли корпус
  • сифатли экран
  • яхши аккумулятор
  • тезкор қувват олиш функцияси

 Камчилиги

  • содда самарадорлик
  • ўрта имкониятли камера
Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.