Meizu M6s тавсифи: модалар ортидан қувган ҳамёнбоп смартфон

Meizu M6s тавсифи: модалар ортидан қувган ҳамёнбоп смартфон

Ўтган йилнинг бошида Meizu компанияси Meizu M6 моделининг янгиланган Meizu M6s талқини тақдимотини ўтказди. Аввалига кўпчилик янги модел эскисининг «пардозланиб», бир оз ўзгартириш киритилган варианти бўлса керак, деган хаёлга борди. Бироқ компания бренд ишқибозларига кутилмаган янгиликлар, қизиқарли функцияларга бой смартфонни тақдим этди.

Бугун Terashop.uz дўконида 1,2 млн сўмдан сотилаётган Meizu M6s (32GB Black) смартфони ҳақида тўлиқроқ маълумот олишни истасангиз, қуйидаги тавсифимиз айнан сиз учун. Унда ушбу ақлли телефоннинг техник хусусиятлари, кўриниши, устунликлари ва камчиликлари тўғрисида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Тавсифни тўлиқ ўқиб бўлгач, ушбу смартфонни сотиб олиш ҳақидаги қарорингиз қатъий бўлишига шубҳа қилмаймиз. Қани кетдик!

Техник хусусиятлари

  • Процессор: SoC Samsung Exynos 7872, 6 ядер ARM (4×Cortex-A53 @1,6 ГГц, 2×Cortex-A73 @2,0 ГГц), графика GPU ARM Mali-G71
  • Операцион система: Android 7.0, Flyme 6.3 интерфейси билан
  • Дисплей: IPS 5,7″, 1440×720 (18:9), 282 ppi
  • Хотира: 32/64 ГБ, ОЗУ 3 ГБ + microSD 128 ГБ гача (гибрид бўлма)
  • Сим-карта: 2 х nanoSIM
  • Симсиз технологиялар: Wi-Fi 802.11 a/b/g/n (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooth 4.1 (LE)
  • Асосий камера: 16 МП (пиксел ҳажми 1.12 мкм), 5 элементли объектив, апертура f/2.0, фазали (PDAF) автофокус, икки даражали чақноқ
  • Олд камера: 8 МП (пиксел ҳажми 1.12 мкм), 4 элементли кенг бурчакли объектив, апертура f/2.0, ArcSoft селфи редактори
  • Аккумулятор: олинмайдиган, литий-полимерли, 3 000 мА*с, mCharge тезкор қувватлаш
  • Ўлчамлари: 152х72,5х8 мм
  • Вазни: 160 г

Комплектация

  • Смартфон
  • Қувватлаш қурилмаси
  • Қувватлаш ва компьютерга улаш учун кабел
  • SIM-карталарни чиқариб олиш учун калитча

Комплектациядаги энг муҳим нарса – тезкор қувватлашни қўллаб-қувватловчи блок. Ишлаб чиқарувчилар одатда QuickCharge технологиясидан пулни тежайди ва фойдаланувчилар уни алоҳида сотиб олишларига тўғри келади. Meizu бу борада сахийлик қилди.

Дизайн, эргономика

M6 смартфонининг корпуси мустаҳкам поликарбонатдан тайёрланган бўлса, M6s модели анодланган (сирти электролиз усулида оксин пардаси билан қопланган) алюминий корпусга эга бўлди. Бунда ишлаб чиқарувчи ушбу моделнинг ташқи кўринишига катта эътибор қаратган. Смартфон ҳамёнбоп бўлса ҳам, унинг дизайни Pro смартфонлар даражасида ишлаб чиқилган. Жумладан, жилосиз қопламали металл unibody-корпус ва орқа панелдаги айрим элементлар, масалан, кенг радиошаффоф қопламалар ўрнини эгаллаган ингичка, ўзига хос услубда қайрилишларга эга пластик тилим билан боғлиқ. M6s учун қора, олтинранг, кумушранг ва кўк ранглар кўзда тутилган.

Дисплей томонлари мутаносиблиги 18:9 этиб белгилангани ҳам смартфоннинг ташқи қиёфасига таъсир кўрсатгани аниқ. Яъни, экраннинг узунлиги корпус эргономикасига ижобий таъсир кўрсатган. 5,7 дюйли M6s кенглиги 5,2 дюймли M6 моделига нисбатан бир оз қисқароқ (72,8 мм ўрнига 72,5 мм). Бу борада M6s 5,7 дюйм ва «баланд» экранли «синфдоши» Xiaomi Redmi 5 билан таққосланганда ҳам устунроқ – 72,8 мм эмас 72,5 мм, вазни эса 157 г ўрнига 160 г.

M6s корпусининг олд қисми, жумладан экран четлари бир оз қайрилиб тайёрланган 2.5D эффектли шиша билан ҳимояланган.

Экраннинг юқори қисмида зеб берилган суҳбатлашиш карнайи, ёруғлик ва яқинлашиш датчиги (чапда), шунингдек олд камера объективи ва кўк-оқ нур таратувчи ёруғлик диодли чақноқ (ўнгда) жойлаштирилган. Чақноқни ишга тушириш учун Light Flow иловасини ишга туриш талаб этилиши мумкин.

Экран остидаги майдонча бўш – бошқарув панели «Ортга», «Асосий» ва «Сўнгги иловалар (меню)» виртуал тугмачалари орқали амалга оширилади.

Чап ёнда овоз баландлигини бошқариш тугмачасидан ташқари, nanoSIM форматидаги иккита сим-карта учун ёпиқ бўлмача жойлаштирилган. Бунда иккинчи сим-карта ўрнига microSD хотира картаси ўрнатилиши ҳам мумкин. Бўлмачани очишга мўлжалланган калитча комплектдан ўрин олган.

Бармоқ изи сканери ўнг ёндаги «чуқурча»га ўнг қўлнинг бош бармоғи (чапақайлар учун, эҳтимол, чап қўлнинг кўрсаткич ёки ўрта бармоғи) учун жуда қулай ўринга жойлаштирилган. Сканер майдончасидан юқорироқда эса ўчириш/ёқиш тугмачаси ўрин олган.

Корпуснинг устида фақатгина иккинчи микрофон учун тешикча қолдирилган (экран томондан ўнг бурчакка яқин жойда).

Пастки қисмда microUSB туйнуги (юлдузча кўринишидаги иккита винт ўртасида), унинг икки томонида эса «мультимедиа» карнайининг безакли панжараси (экран томондан ўнгда), 3,5 ммли аудио-туйнук ҳамда суҳбатлашиш учун микрофон (чапда) жойлашган.

Орқа панелга Meizu логотипи туширилган. Ундан тепароқда икки тусли ёруғлик диодли чақноқ ва металл гардиши бир оз бўртиб чиққан асосий камера объективи жой олган.

Орқа панелнинг пастки қисмида эса компания номи, ишлаб чиқарилган мамлакат ва мазкур смартфон модели ҳақидаги қайдлар акс эттирилган.

M6s смартфонини кафтда ушлаш қулай ва сирпаниб тушиб кетиш эҳтимоли паст. Бир қўл билан бошқаришга «Махсус имкониятлар» ("Спец. возможности") бўлимидаги махсус созлама ёки «ақлли» ишоралар ёрдам беради.

Экран

M6s смартфони Meizu бренди остида чиқарилган ускуналар ўртасида биринчи бўлиб томонлари мутаносиблиги 18:9 бўлган ва HD+ (1440х720 пиксел) сиғимли «юқори» 5,7 дйюмли IPS-экран билан таъминланди. Бир дюймда пикселлар сони 282 ppi. Кўпчиликнинг назарида экран сиғими кичикдек кўринади. Бунга қисман қўшилиш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам бугун смартфонлар бозорида сиғими 2160х1080 бўлган кўплаб моделлар мавжуд. Аммо улар биринчидан қиммат, иккинчидан кўп энергия талаб қилади. Тасвирлар сифатига келсак, аксарият ҳолатларда уларга нисбатан эътирозлар йўқ: кўриш бурчаги ажойиб, дисплей қатламлари ўртасида ҳаволи бўшлиқ йўқлиги сабабли қуёш нурлари остида ҳам тасвирлар яхши кўринади, рангларни табиий ҳолатда узатиши яхши, бармоқ изларига қарши олеофоб қоплама сифати ҳам юқори. Бироқ сиғимнинг етарли эмаслиги кичик шрифтларда яққолроқ кўзга ташланади, уларда пикселизация сезилиб туради.

M6s смартфонида экран ёруғлиги даражасини қўлда ёки автомат («Автоёруғлик») бошқариш мумкин. Мультитач технологияси бир вақтда экран сатҳига беш марта тегинишни аниқлаши AntTuTu Tester ва MultiTouch Tester дастурлари орқали тасдиқланди.

Ранглар қуюқлигини созлаш орқали рангларни «иссиқ» ёки совуқроқ қилиш мумкин. Мовий ранг ҳарорат фильтрини - кўзларни ҳимоялаш режимини жадвал бўйича ёки исталган вақтда қўлда фаоллаштириш мумкин. Шунингдек, кўзларни зўриқтирмаслик учун шрифтлар катталигини ҳам ўзгартириш мумкин. 2.5D эффектли ҳимоя шишасига сифатли олеофоб қоплама суртилган.

Процессор ва иш самарадорлиги

Одатда Meizu смартфонларида MediaTek микросхемалари қўлланилади. Бироқ M6s моделида ўрта синфга мансуб смартфон ва фаблетларда фойдаланиш учун мўлжалланган 6 ядроли Samsung Exynos 5 Series 7872 мобил процессори қўлланилган. Унинг кристали 14 нанометрли FinFET LPP технологик жараён бўйича тайёрланган ва 1,6 ГГцгача частотада ишловчи 4 та ARM Cortex-A53 ҳамда 2 ГГцгача частотали 2 та ARM Cortex-A73 ядросини ўз ичига олади. График операцияларни тезлаштириш учун 1,2 ГГц частотали битта блокни ўз ичига олган Mali-G71 MP1 ёрдамчи процессори қўлланилган. Эълон қилинган маълумотларга кўра, Exynos 5 Series 7872 самарадорлик борасида Snapdragon 625 чипларидан устунликка эга, тасвирларни қайта ишлашда эса алоҳида афзалликка эга эмас.

Exynos 5 Series 7872 платформасидаги қурилмаларга 1920х1200 пикселгача сиғимга эга дисплейлар ўрнатилиши мумкин. Процессор ўтказувчанлик қобилияти сониясига 12,8 Гбит бўлган LPDDR3 оператив (тезкор) ҳамда ўқиш тезлиги 250 МБ/с, ёзиш – 125 МБ/с  флеш карталаридан фойдаланишга имкон беради. Симсиз қувватлаш технологияси ва коммуникациялар  (Wi-Fi 802.11n ва Bluetooth 5.0), шунингдек GPS ва ГЛОНАСС сунъий йўлдош тизимларини қўллаб-қувватлайди. Ичига ўрнатилган LTE-модем (Cat.7/Cat.13) 300 Мбит/с гача тезликдаги маълумотларни қабул қилиш ҳамда 150 Мбит/с гача тезликда узатиш имкониятига эга. M6s бортига 3 ГБ тезкор хотира ўрнатилган.

Meizu M6s AnTuTu бенчмаркида ўрнатган натижалари

Meizu M6s GeekBench бенчмаркида ўрнатган натижалари

Meizu M6s 3DMark бенчмаркида ўрнатган натижалари

Асосий тестлардан олинган натижалар ўрта синфга оид смартфонлар учун хос. «Оғир» ўйинлар учун ушбу модел мақбул танлов эмас.

M6s ички хотираси ҳажми 32 ГБ ёки 64 ГБ бўлиши мумкин. Хотира ҳажмини 128 ГБгача бўлган microSD/HC/XC хотира карталари билан кенгайтириш мумкин. Бироқ ундан фойдаланиш учун иккинчи сим-картадан воз кечишга тўғри келади. USB-OTG технологияси смартфонни USB-флешкаларга улашга имкон беради.

Ҳар икки бўлмача ҳам 4G тармоғида ишлайди. Бир вақтда иккита nanoSIM-карта ўрнатилган тақдирда, Dual SIM Dual Standby (DSDS) режимида битта радиоканалдан навбатма-навбат фойдаланади. Сизмиз коммуникациялар жамланмасида Bluetooth 4.1 (LE) ва Wi-Fi 802.11 a/b/g/n (5 ГГц + 2,4 ГГц) ўрин олган, бироқ NFC интерфейси кўзда тутилмаган.

GPS Test дастури натижаларига кўра қўнимни аниқлаш ва навигацияда GPS ва ГЛОНАСС сунъий йўлдошлари сигналларидан фойдаланилади. A-GPS технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Камералар

Смартфон орқа камераси 16 мегапиксел бўлиб, битта пикселнинг ҳажми 1,12 микрометрни (1 микрометр - метрнинг миллиондан бир қисмига тенг) ташкил этади. 5 та элементдан иборат бўлган объектив эса қоронғу жойларда сифатлироқ расмга олишни кафолатловчи f/2.0 қорачиқ (апертура/диафрагма) ҳамда ҳаракатдаги объектларни видеога олишда жуда қўл келувчи тезкор фазали автофокус билан таъминланган. Томонлари нисбати 4 га 3 ни ташкил этган фотосуратларнинг энг юқори сиғими 4608х3456 нуқтани (16 МП) ташкил этади.

Ўз навбатида, 8 мегапикселли сенсор (бир пиксел ҳажми 1,12 мкм) f/2.0 ёруғлик кучига эга кенг бурчакли ва 4 линзали объективга эга бўлди. Бироқ у автофокус ва чақноқсиз. Энг катта ҳажмли фотосуратлар 3264x2448 (8 МП, 4:3) нуқтани ташкил этади.

Ушбу камералар бир сонияда 30 кадрли Full HD (1920x1080 сифатга эга видеоларни ёзиш қобилиятига эга бўлиб, файлларни MP4 (AVC - видео, AAC – товуш) контейнерларида сақлади. Таймлапсларни қайд этиш учун 0,5; 1; 2; 4 ва 8 сониялик вақт оралиғи кўзда тутилган. Секинлаштирилган тасвир 60 сония билан чекланган бўлиб, HD (1280х720) форматда суратга туширади.

«Камера» иловасида асосий экранинг пастида тасвирни бошлаш учун сенсорли тугмача жойлаштирилган. Горизонтал свайп билан «Портрет», «Авто» ёки «Видео» тасвирга олиш режимлари танланади. Юқоридаги пиктограммалар эса керакли фильтрларни белгилаш, HDR режимини фаоллаштириш, чақноқ режимини белгилаш ҳамда қўшимча режимлар ёки созламалар менюсига ўтишда қўлланилади. Еттита қўшимча режим, масалан, «Қўлда созлаш» ва «Сканер» режимларини ўз ичига олади. Созламаларда эса, жумладан, фотосуратлар ҳажми ва видеолар сифатини ўрнатиш мумкин.

Аккумулятор ва автономлик

М6s моделига ўрнатилган чиқарилмайдиган аккумулятор сиғими 3 000 мА*с ни ташкил этади. Бунда mCharge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси кўзда тутилган. Смартфон билан комплектдаги 18 ватли UP1220E (5 В/9 В/12 В, 2 А) қувватлаш адаптери ёрдамида тахминан ярим соатда батареяни ярмигача қувватлаш мумкин.

AnTuTu Tester дастурида смартфон аккумулятори 8 367 балл тўплади. HD-сифатли МР4 форматидаги видеороликлар жамланмасини экран ёруғлигини максимал даражага чиқариб узлуксиз кўрилганда, аккумулятор қуввати 6,4 соатга етди.

«Батарея» бўлимида аккумулятор қувватини тежашнинг икки хил режими (жумладан «Супер-режим») тавсия этилади. Бироқ улар ишга туширилганида смартфон тўлиқ самарадорликда ишламайди.

Дастурий ўзига хосликлар

Смартфон Android 7.0 (Nougat) операцион системаси бошқаруви остида ишлайди. ОС Flyme OS 6.3.1.0G интерфейси билан қопланган. Мазкур лончерда иловалар менюси мавжуд эмас, дастурлар, хатжилдлар ва виджетлар ёрлиқлари иш столининг ўзида жойлашган. Юқоридан пастга свайп қилинганда тушувчи «парда»да тезкор созламага мўлжалланган 15 та белги жойлаштирилади, яна учтаси, жумладан скринкаст (экрандан ёзиб олинган видео) қўшимча рўйхатдан ўрин олган. Кўришда муаммоси бўлганлар ёки ҳайдовчилар учун катталаштирилган пиктограмма ва ёзувчи «енгил» режими қўл келиши аниқ.

M6s смартфони фойдаланувчига бошқаришнинг икки хил усулини таклиф этади. Улардан бири экран остидаг анъанавий «Ортга», «Асосий» ва «Озирги иловалар(меню)» тугмачалари бўлган классик бошқарув. Иккинчи усулда эса экран остидаги тугмачалар йўқолиб, смартфон Meizuнинг ўзига хос «ҳалқача» усулидаги ишораси орқали бошқарилади. Бунда Flyme интерфейсида дисплейнинг пастки қисмида Super mBack сенсор тугмачаси ўрнатилган. «Ҳалқача» кўринишида экранга босиш билан асосий экранга қайтилади, ўнгга ва чапга свайп орқали эса ишга туширилган иловаларга ўтилади. Ишга туширилган барча дастурлар рўйхатини очиш учун экраннинг пастки қисмидан юқорига свайп амалга оширилиши лозим.

Қандай созланишидан келиб чиқиб, ишлатилаётган иловалар горизонтал ёки вертикал ҳолатда очилади. Бунда «Барчасини ёпиш» тугмачаси экраннинг пастида (горизонтал рўйхат учун) ёки тепасида (вертикал рўйхат учун) жойлашган бўлади.

«Махсус имкониятлар» бўлимида болалар, ўйин ва классик Flyme каби махсус режимлар жойлаштирилган. Худди шу ерда смартфонни тезкор «уйғотиш» учун ишоралар ҳам ўрин олган.

Смартфоннинг ўнг «биқини»га жойлаштирилган mTouch 2.1 бармоқ изи сканери тез ишлайди, бир вақтда бештагача бармоқ изини сақлаш ҳамда 0,2 сония ичида ҳар қандай бурчак остида папилляр изларни аниқлаш хусусиятига эга. Ушбу қурилма ёрдамида нафақат смартфонга киришни чеклаш, балки ҳар қандай иловани ишга туширишга чеклов қўйиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, рўйхатга олинган бармоқлардан бирини «шахсий» режим учун танлаш мумкин.

Wi-Fi тармоғига уланиш учун унинг хавфсизлигини текшириш, бундан ташқари, маълумотлар алмашиш тезлигини аниқлаш мумкин.

Хулосалар

«Баланд» экранлар модаси ортидан бораётган Meizu компанияси ўз смартфонлари дизайнини янгилашни бошлаган. Ҳамёнбоп M6s смартфонида эса нафақат дизайн, балки Pro-сериясига хос бўлган металл корпус ҳам қўлланилган. Бундан ташқари, қурилманинг орқа камераси сифати, mCharge тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлаши, ўнг ёндаги бармоқ изи сканери билан ҳам ажралиб туради.

Бироқ хотирани кенгайтириш учун иккинчи сим-картадан воз кечиш кераклиги, дисплей сиғимининг нисбатан пастлиги (HD+) ҳамда NFC интерфейсининг мавжуд эмаслиги унинг ожиз томонларидан ҳисобланади.

Ютуқлари:

  • Ихчам металл корпус
  • «Баланд» экран
  • Асосий камера
  • mCharge тезкор қувватлаш
  • Ён томондаги бармоқ изи сканери
  • Бошқарув панелининг икки талқини

Камчиликлари

  • Дисплей сиғимининг пастроқ экани (HD+)
  • NFC интерфейси мавжуд эмас
  • Иккинчи сим-карта ўрнига хотира картаси қўйилиши

Хулоса

0балл

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz 1 270 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!