Meizu Watch чиқди: флагман Snapdragon чипи, eSIM ва NFC (+видео)!

  •   DiMaX
  •  279
  •  01.06.2021 12:37

Meizu Watch чиқди: флагман Snapdragon чипи, eSIM ва NFC (+видео)!

Бир неча йиллик кутишдан сўнг Meizu компанияси ўзининг илк тўлақонли ақлли соатини расман тақдим этди. Meizu Watch русумли гаджет электрон SIM-карта билан жиҳозланган.

ЎҚИНГ: HarmonyOS тизимида ишлаётган Huawei Watch 3 илк «жонли» видеода!

Мазкур қурилма Huawei компаниясининг HarmonyOS (хитойчаси – Hongmeng) операцион тизими билан чиқиши айтилган эди. Бироқ Meizu уни ўзининг Flyme OS for Watch тизими базасида тайёрлабди.

Meizu Watch тўртбурчак шаклдаги, диагоналига 1,78 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Тасвир аниқлиги 448х368 пикселлик (326 ppi), ёрқинлиги эса 500 нит бўлган экран юзасига Corning Gorilla Glass брендининг 2,5D-шишаси ётқизилган. Соатни бошқариш учун корпуснинг ён қиррасида биттагина моддий тугмача қўлланган.

Девайснинг техник таъминоти асосини Qualcomm компаниясининг шу тур гаджетлар учун флагман платформаси – Snapdragon Wear 4100 процессори ташкил этади. Meizu Watch кўплаб циферблатларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, янгиларини яратиш имконини ҳам беради. Мазкур смартвотчни бошқа ақлли қурилмаларни бошқариш, кирувчи қўнғироқларга жавоб бериш учун қўллаш мумкин. Шунингдек, масофадан туриб смартфон камерасини ишга тушириш, унда мусиқани бошқариш имкониятлари ҳам мавжуд. Доимий хотираси 8 гигабайт эканлиги боис, қўшиқларни бевосита соатнинг ўзида сақлаш мумкин.

ЎҚИНГ: Автономлиги 14 кунга борувчи, GPS чипли ва IP68 ҳимояли Realme Watch 2 Pro чиқди (видео)

Meizu Watch ёрдамида пульсни, қоннинг кислородга тўйинганлик даражасини, артериал қон босимини, уйқу сифатини ва стресс даражасини кузатиб борса бўлади. Аксессуар кўплаб спорт режимларини қўллаб-қувватлайди.

Мазкур ақлли соатнинг ўзига хосликларидан бири – электрон SIM-карта, яъни eSIM технологияси жорий этилганлигидир. Унинг шарофати билан Meizu Watch смартфонга боғланмасдан, тўлиқ автоном режимда ҳам ишлай олади, унинг ўзиданоқ қўнғироқ қилиш мумкин! Смарт-соатда NFC чипи ҳам мавжуд, лекин у фақатгина шу компаниянинг Meizu Pay тўлов тизимини қўллаб-қувватлайди. Қурилма аккумулятори 420 мА/соатлик бўлиб, у смартвотчнинг 36 соатгача автоном ишлашини таъминлайди.

Meizu Watch ўз юртида бугун – 1 июндан сотувга чиққан, нархи 235 АҚШ долларига тўғри келади. Унинг глобал бозорга тақдим этилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: ТОП-5: Дунё бозорида қайси ақлли соатлар энг кўп сотиляпти? (2021 йил 1-чорак)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!