Meizu Zero расман намойиш қилинди – ҳеч қанақа тугмача, динамик, SIM-карта уячаси ва порти бўлмаган илк смартфон!

  •   DiMaX
  •  1829
  •  23.01.2019 16:19

Meizu Zero расман намойиш қилинди – ҳеч қанақа тугмача, динамик, SIM-карта уячаси ва порти бўлмаган илк смартфон!

Хитойдаги технологик компаниялардан бири – Vivo умуман бирорта ҳам порти ва тугмачаси бўлмаган смартфон тайёрлаганини айтиб, унинг тақдимотига тайёрланаётган эди. Аммо кутилмаганда Meizu ҳам отни қамчилаб қолди – ҳамюртидан аввал худди шундай қурилмасини расман намойиш этди!

ЎҚИНГ: Meizu Zero – мутлақо тугмачасиз ва тирқишсиз биринчи смартфон илк «жонли» суратда!

Meizu Zero деб номланган ушбу ҳақиқий инновацион қурилма ҳар қандай тирқишлардан холи илк Android-смартфон сифатида тарихга кирди. Бошқа моделлардан фарқли равишда, унинг корпусида кўпгина одатий унсурлар йўқ. Масалан – унга бармоқ изи сканери, динамик ва микрофон умуман ўрнатилмаган. Уларнинг барча вазифаларини эса биттагина AMOLED-дисплей бажаради!

Диагоналига 5,99 дюймлик мазкур экран mSound 2.0 технологиясини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилган. Meizu Technology вице-президенти Ли Нан (Li Nan) таъкидлашича, бундай дисплейдан эшитиш учун қулоққа айнан битта нуқтасини тўғрилаш шарт эмас. Ҳатто қулоққа смартфоннинг орқа панелини тутган ҳолда ҳам бемалол гаплашавериш мумкин.

Табиийки, ноодатий смартфоннинг корпуси ҳам ўзгача: у «unibody» технологияси асосида яратилган бўлиб, керамик қопламага эга. Шу туфайли ҳамда тирқишлари йўқлиги эвазига смартфонни IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимоялаш унча қийин бўлмаган.

Meizu Zero яратувчилари олдида турган асосий масалалардан бири – аккумуляторни қувватлаш эди. Ҳеч қанақа USB-порт қўлланмагани учун унга симсиз қувватлаш технологиясини татбиқ этишган. Мазкур моделда 18 ваттгача қувват узатиш йўлга қўйилган, демак, Meizu Zero батареясининг қувват олиш тезлиги оддий смартфонларнинг симли қувватланиш тезлигидан паст бўлмайди. Компаниянинг фахр билан таъкидлашича, симсиз қувватлашнинг ушбу технологиясини ишлаб чиқишга икки йил вақт сарфланган ва у нақ 75 та патент билан муҳофаза этилган!

Смартфонда SIM-карта уячаси ҳам йўқ – унинг ўрнига eSIM технологияси қўлланган, қулоқчин улаш учун эса Bluetooth интерфейсидан фойдаланилади. Корпуснинг ён тугмачалари ўрнига ўша ҳудудларда сенсор юзалар жойланган бўлиб, улар босишнинг қанчалик кучли эканини ҳам фарқлайди.

Инқилобий девайснинг асосий камераси худди Meizu 16 моделидаги каби – 12 мегапикселлик Sony IMX 380 ва 20 мегапикселлик Sony IMX 350 датчиклари. Олд камеранинг аниқлиги эса 20 мегапикселни ташкил этади.

Meizu Zero ҳозирча якка кристалли Snapdragon 845 процессори базасида яратилган. Лекин, Ли Нан сўзларига кўра, Qualcomm Snapdragon 855 чипи оммавий тарзда кенг миқёсда етказиб берила бошлагач, тирқишсиз смартфон ҳам дарҳол унга «кўчиб ўтади». Бундан ташқари, инқилобий гаджет антеннаси бошиданоқ 5G тармоғига мосланган, демак, Meizu Zero’нинг кейинги варианти бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини ҳам қўллаб-қувватлайдиган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Мазкур смартфонда LPDDR4X туридаги тезкор хотира қўлланган, аммо компания ҳозирча унинг ҳажмини айтмаган. Сабаби оддий – Meizu ҳозирча бу қурилмасини бозорга чиқаришга тайёр эмас. Эҳтимол, йилнинг кейинги чорагида уни янгиланган вариантда – Snapdragon 855 чипи билан тўлақонли тақдим этишар ва сотувга ҳам чиқаришар.

Ҳозирча эса унинг рақибини кутамиз – уни эртагаёқ тақдим этишади.

ЎҚИНГ: «Жонли» видео: Мутлақо тугмачасиз ва тирқишсиз Vivo смартфонини ушлаб кўрганлар уни «силлиқланган шағал» ва «металл совун»га ўхшатишди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!