Мессенжердан яширин номда фойдаланиш тақиқланмоқда

Мессенжердан яширин номда фойдаланиш тақиқланмоқда

24 май куни Россия Давлат думасига мессенжер-иловаларга шахси номаълум фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни тақиқлаш таклиф қилинган қонун лойиҳаси тақдим этилди. Модомики, қонун қабул қилинадиган бўлса, номи яширилган фойдаланувчилар мессенжерлардан фойдалана олмайдилар.

Депутатлар мессенжерларда фойдаланувчи шахсини мобил телефон орқали аниқлаш тизимидан фойдаланишни таклиф қилмоқдалар. Бунда керакли маълумотни тақдим қилишга мобил алоқа операторлари масъул бўладилар. Ҳужжат лойиҳасида, мессенжерларнинг давлат органларининг мажбурий смс-хабарларини тарқатишлари, шунингдек спам, хуруж ва бошқа номувофиқ хабарларни чеклашни жорий қилишлари мажбурий қилиб белгиланади.

Бу қонунга бўйсуниши лозим бўлган мессенжер ва сайт-хизматлар рўйхати Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий алоқалар бўйича федерал хизмати (Роскомнадзор) томонидан шакллантирилади. Ҳозирча қоидалар фойдаланувчилар мулоқот қилишлари мумкин бўлган барча сайтларга нисбатан қўлланилади.

Агар ушбу ҳужжат лойиҳаси тасдиқланадиган бўлса, қонун 2018 йилнинг 1 январидан кучга киради. Қонунга бўйсунмаган мессенжерлар мамлакат ҳудудида блокировка қилинади.

«Биз Россияда фаолият олиб бораётган компанияларнинг қонунларимизга риоя қилишларига эришмоқчимиз. Бунинг ижобий натижасини россиялик фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни чеклаб, ҳимоя қилган Uber компанияси, салбий натижасини эса соҳа бошқарувчиси талабларига бўйсунмай охир-оқибат блокировка қилинган LinkedIn мисолида айтишим мукин», дейди Россия Алоқа вазири Николай Никифоров.

Ҳозиргача Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий алоқалар бўйича федерал хизматининг талабларини рад қилгани учун Zello, Line ва Blackberry мессенжерлари фаолияти тақиқлаб қўйилган. Шунингдек, Telegram ва бошқа йирик иловаларнинг тақдири ҳам таҳдид остида турибди.

Шунингдек, депутатлар Россия қонунларига бўйсунмаган мессенжерларни миллион рублгача жаримага тортишни асословчи қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқмоқдалар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.