Meta компанияси Twitter "қотили"ни тайёрламоқда!

Meta компанияси Twitter

Twitter'ни сотиб олгач, Илон Маск унда кўплаб сезиларли ўзгаришларни амалга оширди, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ёқмади ва улар Twitter муқобилларини қидира бошладилар. Натижада Mastodon каби бошқа платформалар анча оммалашди. Ҳозир ҳам Twitter обуначиларини йўқотишда давом этар экан, унинг ўрнини эгаллаш учун худди шундай микроблоггинг платформалар ишлаб чиқилмоқда: бири собиқ Twitter раҳбари, Жек Дорси томонидан яратилаётган BlueSky бўлса, яна бири ижтимоий тармоқлар гиганти, Meta томонидан тайёрланаётган янги илова бўлади.

Март ойида Меtа компанияси матнли янгиликларни улашиш учун янги мустақил илова устида ишлаётганини расман маълум қилган эди ва эндиликда бизда у ҳақда кўпроқ маълумотлар бор – ICYMI муаллифи, Лиа Ҳаберман ўзининг Substack'даги саҳифаси орқали Instagram бўлажак Twitter рақобатчисининг эҳтимолий маркетинг слайдини улашди. Янги ижтимоий тармоқ, эҳтимол, ҳали номланмаган. Улашилган материлда у шунчаки "Instagram'нинг суҳбатлар учун матнга асосланган янги иловаси" дея келтирилган. Унинг код номи эса "P92" ёхуд "Project 92" ва шу билан бирга "Barcelona" эканлиги айтилмоқда.

Маълум бўлишича "ҳозирча ном олмаган илова" Instagram билан қисман боғланган бўлади. Унга сиз ўз Instagram аккаунтингиз билан киришингиз/рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Бунда сизнинг маълумотларингиз ва обуначиларингиз янги иловага ўзгаришсиз ўтади.

Фото: Лиа Ҳаберман

Улашилган маркетинг материалида сиз бўлажак илованинг скриншотларини кўришингиз мумкин. Бир қарашда у Instagram ва Twitter'нинг бирлаштириб юборилган вариантига ўхшайди. Илова ичида сиз асосий лентани кўрасиз ва у ерда сиз 500 тагача бўлган белгили матнли постларни ҳаволалар, расмлар ва 5 дақиқагача бўлган видеоларни бириктирган ҳолда улаша оласиз. Қолаверса, сиз постларга худди Instagram'дагидек юракчали лайклар босишингиз изоҳ қолдиришингиз ҳам мумкин бўлади.

Маркетинг материалида келтирилишича, платформада хавфсизликка жиддий қаралади ва сиз унда сизга кимлар изоҳ қолдира олиши ва кимлар сизни ўз постларида белгилай олишини бошқара оласиз. Сиз Instagram'да блоклаган аккаунтлар ушбу ижтимоий тармоққа ҳам худди шундай тарзда кўчиб ўтади. Меtа янги ижтимоий тармоғи учун ҳам Instagram қонун-қоидаларини қўллайди.

Энг муҳими янги платформа марказлаштирилмаган бўлади. Унинг ActivityPub протоколига асосланганлиги Mastodon ва BlueSky билан ўзаро ҳамкорликда ишлашга имконият яратади, яъни сизнинг профилингиз ушбу ижтимоий тармоқларда ҳам кўринадиган бўлади. Улардаги фойдаланувчилар сизнинг профилингизни кўриши сизга обуна бўлиши ва сизга таъсир қиладиган амалларни бажариши мумкин ва сиз ҳам худди шундай имкониятларга эга бўласиз.

Ҳозирда Меtа ўзининг янги иловасини таниқли шахслар билан синовдан ўтказмоқда. Миш-мишларга қараганда Instagram'нинг янги Twitter рақобатчиси июн охирида чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!