MI 6X смартфони Xiaomi мухлисларининг ҳафсаласини пир қилади

  •   DiMaX
  •  3900
  •  02.04.2018 14:36

MI 6X смартфони Xiaomi мухлисларининг ҳафсаласини пир қилади

«Хитойча Apple» бир вақтнинг ўзида флагман ҳамда ўрта ва қуйи нарх тоифаларига мансуб смартфонлари устида ишламоқда. Жумладан, куни кеча TENAA ташкилоти базасида Xiaomi Mi 6X телефонига оид маълумотлар пайдо бўлган эди.

ЎҚИНГ: Қўш камерали, ҳамёнбоп Mi 6X рўйхатга олинди

Энди интернет тармоғида ушбу қурилманинг бир қатор янги хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Аммо улар Xiaomi компанияси фанатларини унчалик ҳам хурсанд қилмаса керак.

Гап шундаки, бу смартфонга Snapdragon 626 платформаси ўрнатилар экан. Кузатувчилар буни «орқага қадам» дея баҳолашмоқда. Зеро, компаниянинг бундан қуйи тоифага мансуб Redmi Note 5 Pro моделига ҳам бундан кучлироқ Snapdragon 636 процессори жойланмоқда.

Қолган жиҳатларига келадиган бўлсак, Xiaomi бу гаджетига диагонали олти дюймлик, Full HD+ форматли дисплей ўрнатади. Mi 6X моделининг тезкор хотираси 4, доимий флеш-хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга. Унинг қўшалоқ асосий камераси 20 + 8 мегапикселли модулларга эга, уларнинг диафрагмаси мос тарзда F/2.0 ҳамда F/1.8 кўрсаткичларга эга. Селфилар учун унга 20 мегапикселли олд камера жойланади.

Айтиб ўтиш ўринлики, анъанага кўра, Xiaomi Mi A2 смартфони ҳам Mi 6X модели билан бир хил бўлади. Фақат биринчиси халқаро бозор, иккинчиси ички бозор учун мўлжалланган. Mi A2 моделида Android 8.1 тизим талқини ўрнатилиши айтилаётир, Mi 6X учун эса унинг MIUI график қобиғидаги талқини танланади.

ЎҚИНГ: Mi A2: Xiaomi'дан янги бестселлер -- нархи ва жиҳатлари!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!