Mi 6X таниқли дўкон каталогида пайдо бўлди

Mi 6X таниқли дўкон каталогида пайдо бўлди

Oppomart бугунги кунда жаҳоннинг таниқли электрон дўконларидан бири ҳисобланади. Смартфон саноатида тақдим қилинган ва сотувга чиқарилишига оз қолган янги мобил алоқа қурилмалари кўп ўтмасдан мазкур савдо платформаси каталогида пайдо бўлади.

Кеча ушбу дўконнинг электрон пешлавҳаларида Xiaomi ҳали тақдим қилмаган Mi 6X смартфонига оид маълумотлар пайдо бўлди. Бу смартфон қўш сенсорли бош камераси ҳамда ромсиз экрани билан ўзига хосдир.

Oppomart интернет-магазинида ёзилишича, Xiaomi Mi 6X смартфони аппарат таъминоти учун фирманинг ўзи ишлаб чиқарган 8 ядроли Surge S2 процессори масъул бўлади. Мазкур чип бундан бир неча ой аввал, аниқроғи шу йилнинг янаврида тақдим қилинган эди.

Ҳозиргача маълум хабарларга кўра, Xiaomi Mi 6X смартфонидаги 5,99 дюймли IPS-экран сиғими 2160 га 1080 пикселли (FHD+) бўлади. Бу экран ҳам замонавий кўринишда, яъни 18:9 ўлчамида ишланади.

Xiaomi Mi 6X модели 4 гигабайтли тезкор ҳамда 64 гигабайтли доимий хотирага эга бўлади. Бош камерага 2 та 12 мегапиксел аниқлигидаги камера модуллари ҳамда 8 мегапиксел аниқлигидаги камера ўрнатилади. Телефонда, шунингдек универсал USB Type-C порти бўлиб, унинг ёрдамида девайснинг 4000 мА соат сиғимли аккумуляторини тезкор қувватлаш мумкин.

Аҳамиятли жиҳати, Xiaomi Mi 6X кўринишидан iPhone X аппаратини ҳам эслатиб юборади. Бироқ, унинг "пешонаси"да машҳур ўйиқ йўқ. Шу билан бирга, металлдан тайёрланган орқа панелда бармоқ изи сканери бор.

Xiaomi Mi 6X қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo'нинг ўзлаштирилган MIUI 9 прошивкасида ишлайди. Смартфоннинг 283 АҚШ долларидан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!