Mi 7 нархи, расмий сурати ва бошқа маълумотлари Xiaomi сайтига чиқиб кетди

  •   DiMaX
  •  6658
  •  05.05.2018 16:15

Mi 7 нархи, расмий сурати ва бошқа маълумотлари Xiaomi сайтига чиқиб кетди

Xaiomi яқинда ромсиз Mi Mix 2S, кейинроқ Mi 6X смартфонларини тақдим этган эди. Жорий ойда ушбу компаниянинг яна камида учта моделдаги мобил қурилмаси намойиши кутилаётир – ҳамёнбоп Redmi S2 телефони,  Mi 7 флагмани ҳамда Mi Max 3 фаблети.

ЎҚИНГ: Mi Max 3’нинг тақдимот вақти, нархи ва хусусиятларини айтишди

Булар орасидан Xiaomi Mi 7 флагманининг 23 май куни тақдим этилиши айтилган. Ушбу гаджетнинг айрим хусусиятлари ва суратлари интернетга «сизиб чиққан»идан хабарингиз бор. Бугун – 5 май санасида эса бу смартфоннинг нархи ҳам маълум бўлди.

Қизиғи шундаки, ҳали расман тақдим этилмаган Mi 7 нархлари бу гал эҳтиётсизлик сабабли айнан ишлаб чиқарувчининг сайтига чиқиб кетган. Компания ходимлари буни пайқаб қолиб, тезда маълумотни яширишган, аммо веб-саҳифадан олинган скриншотлар тарқалиб улгурган.

«Сизиб чиққан» хабарга кўра, 6/64 гигабайтлик тезкор ва доимий хотирага эга бўлган Mi 7 моделига 2799 юань миқдорида қиймат белгиланган, бу эса тахминан 440 АҚШ долларига тенг келади. Флагманнинг нисбатан «бағри кенг» – хотираси 6/128 гигабайтлик бўлган модификацияси учун эса 3299 юань (520 доллар) тўлашга тўғри келади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 7 экрани суратлари чиқди: «ўйиқ»ли экран ва тўлақонли 3D Face юз сканери!

Нархларидан ташқари яна шуниси ҳам аниқланганки, Mi 7 флагманининг экрани диагоналига 6 дюймлик ўлчамда бўлади. Томонларининг ўзаро нисбати 18:9 га тенг бўлган ушбу OLED-дисплей тасвир аниқлиги эса FHD+ форматидадир. Расмий сайтга чиқиб кетган суратга кўра, мазкур дисплейнинг ўзига бармоқ изи сканери ҳам татбиқ этилмоқда (эҳтимол, бу хусусият фақат Mi 7 Plus моделида бўлар).

Шунингдек, Xiaomi навбатдаги флагмани учун илғор Snapdragon 845 чипсетини танлаган. Унинг батареяси 3500 мА/соат сиғимга эга бўлиб, Qi технологияси бўйича симсиз қувватлана олади. Mi 7 асосий камераси 16 мегапикселли, f/1.7 диафрагмали бўлиши ҳам айтилган.

«Хитойча Apple»нинг шу пайтгача бозорга тақдим этилган бошқа моделлардаги кўплаб смартфонлари эса юртимизда ҳам расман сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон бўйлаб БЕПУЛ етказиб берилувчи Xiaomi смартфонлари ва бошқа гаджетлари нархлари (2018 йил 28 апрель)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!