Mi A2: Xiaomi'дан янги бестселлер -- нархи ва жиҳатлари!

Mi A2: Xiaomi'дан янги бестселлер -- нархи ва жиҳатлари!

2017 йилда Хитойнинг Xiaomi корпорацияси жаҳон смартфон бозорига Mi A1 мобил алоқа воситасини тақдим этган эди. Шубҳасизки, бу модел бозорнинг энг харидоргир смартфонларидан бирига айланди. Android One, яъни Google таъминлайдиган "тоза" операцион тизимда ишлайдиган телефон аппарати кўп жиҳатлари билан харидорларга манзур бўлди.

Жумладан, нисбатан ҳамёнбоп нарх, металл корпус, кучли техник жиҳат, қўш сенсорли бош камера, «тоза» Android тизими ва бошқа ўзига хос жиҳатлар. Компания бугунги кунга қадар жаҳон миқёсида бир неча миллион дона сотилган бу моделнинг меросхўри бўлмиш Xiaomi Mi A2 моделини ҳам ишлаб чиқариш арафасида турибди.

Бугун инсайдерлар томонидан мазкур модел акс этган бир нечта суратлар Интернет тармоғида эълон қилинди.

Айтиш жоизки, анъанага кўра, Xiaomi Mi A2 смартфони Mi 6X билан бир хил бўлади. Фақат биринчиси халқаро бозор, иккинчиси ички бозор учун мўлжалланган. Mi A2 ўзлаштирилмган, яъни Google ишлаб чиққан Android тизими, Mi 6X эса Xiaomi ўзлаштирган MIUI прошивкасида ишлайди.

Суратлардан кўриниб турибдики, янги ҳамёнбоп смартфон модели ниҳоятда жозибадор. Хусусан, олд панел ромдан холи дизайнда ва 18:9 стандартида тайёрланган. Экран сиғими ҳам шунга мувофиқ, 2160 га 1080 пиксел (Full HD+) ни ташкил қилади.

Корпуснинг орқа томонида iPhone X'даги каби вертикал жойлашган икки сенсорли бош камера ҳамда бармоқ изи сканери учун жой ажратилган.

Xiaomi Mi A2 смартфони корпусининг қуйи қисмида универсал USB Type-C порти, 3,5 мм.ли аудио туйнук мавжуд.

Техник ўзига хосликлар хусусида тўхталадиган бўлсак, бу модел Xiaomi Surge S2 процессорида ишлайди. Фирманинг шахсий ишланмаси бўлмиш бу чип 4 та Cortex-A73 ва 4 та Cortex-A53 ядроларидан иборат ва 2,2 ҳамда 1,8 ГГц частота тезлигида ишлайди.

Xiaomi Mi A2 Wi-Fi 802.11 a/b/g/n, Bluetooth 5.0, NFC, GPS, LTE модем каби коммуникация моделларига эга бўлади. Унинг қуввати учун ток сиғими 3300 мА соат бўлган аккумулятор масъул.

Бу модел август-сентябрь ойлари оралиғида сотувга чиқарилади. Унинг баҳоси 280 доллар этиб белгиланиши кутилмоқда.