Mi MIX 2S — "Малика"даги энг арзон кучли флагман!

Mi MIX 2S —

Бир вақтлар 0,3 мегапикселли сурат оладиган илк камералар смартфонларга жорий қилинганида улар мисоли мўъжизанинг ўзи бўлган. Кун келиб смартфонларда видео қўнғироқни амалга ошириш кимнинг хаёлига келибди дейсиз! Ҳатто ўзи яқинда ташкил топган Xiaomi ҳам қисқа фурсат ичида етакчи камерафонларни яратиш ҳадисини олишини ўзи билмаган бўлса керак.

Шу кунга қадар ҳатто процессори кучли бўлган, жиҳатларига кўра нархи ўзини оқлайдиган флагманлар ҳам сурат олишда моҳир бўлмаганлар. Кучли камера, кучли процессор ва кучли техник жиҳатларга эга смартфонни ярим нархига харид қилиш -- мисоли тушдай гап бўлган. Бироқ, тўсатдан бозорга Xiaomi Mi MIX 2S кириб келди ҳамда муҳит тубдан ўзгарди.

Кириш

Бу моделнинг асоси бўлмиш Xiaomi Mi MIX 2 флагмани тақдимотига ҳам ҳали йил бўлгани йўқ эди. Samsung, LG, Huawei каби йирик ишлаб чиқарувчиларининг кучли смартфонлари билан беллаша оладиган ҳамда ярим нархига бозорга чиқарилган флагман ҳар жиҳатдан фойдаланувчи учун маъқул келди.

Кучли процессор, 6/64 гигабайтдан кам бўлмаган хотира, сифатли ва деярли ромдан холи дисплей, умумий жиҳатлар керагидан ортиқ эди. Бироқ камера масаласида Xiaomi Mi MIX 2 рақибларидан бир оз орқада бўлгани панд бераётган эди.

Унинг бош камераси оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган бўлса ҳам, сурат кўнгилдагидек эмас эди. Xiaomi Mi MIX 2 ўрта ҳол смартфон каби чидаса бўладиган сурат олади. Бу ўринда Xiaomi компаниясини ҳам тушуниш мумкин, ахир гаджет рақибларининг ярим баҳосига сотувга чиқарилган.

Компания бошқа жиҳатлардан фойдаланувчиларни ҳайратга солишни яхши кўради: овози тиниқ, "сунъий онг"га асосланган функциялар. Компания Mi MIX 2S орқали бу камчилигини ҳам бартараф қилди.

Смартфон ромдан холи бўлган экрани, қўш сенсорли бош камераси, "аждоди"га қараганда енгил ва ихчамлиги билан диққатга сазовор. Шу билан бирга, Mi Mix 2S Xiaomi'нинг симсиз қувват оладиган илк смартфони бўлди. Қуйида унинг ўзига хосликлари билан яқиндан танишамиз.

Дизайн
"Меросхўр"нинг афти-ангори аввалгисидан тубдан фарқ қилмайди. Унинг истараси Mi МИКС бошлаб берган услубда ишлаб чиқарилган. Аслида сўнгги йиллардаги мобил телефонларнинг барчаси Mi MIX моделидан нусха кўчирган. Бугун ромсиз экран янгилик эмас. Xiaomi эса арзон смартфонларига ҳам шундай дизайнни раво кўрмоқда. Корпус эса мисоли сэндвич: олд ва орқа шиша панелларни пўлат банд бириктириб туради. Том қисми эса керамикадан ишланган.

Смартфон ташқи кўринишининг ҳашами бугунги кучли ва унга рақиб бўлган девайслардан қолишмайди. Агар сиз Mi MIX ҳамда Mi MIX 2 моделларини яхши билсангиз, Mi Mix 2S моделини ҳам яхши танийсиз. Бироқ ўзгаришлар йўқ эмас.

Олдинги модел билан солиштирганда, Xiaomi Mi Mix 2S флагмани олд панелининг қуйи ҳошияси бир оз қисқарган. Олд панел қуйисида, ўнг бурчакда эса селфи камера жойлашган.

Смартфон орқа панели шиша хомашёсидан, ён ромлар эса 7000 сериясига мансуб тоза алюминий металлидан тайёрланган. Шу билан бирга, смартфоннинг корпуси керамикадан тайёрланган махсус талқини ҳам ишлаб чиқарилади.

Оддий талқин қора рангли, керамика талқини эса оқ рангли корпусда ишлаб чиқарилади.

Дизайндаги яна бир фарқ бош камеранинг ўрни ва кўриниши. Аввалги моделда бош камера бир дона бўлгани ва марказга жойлаштирилган бўлса, янги моделда бу бир оз бошқача.

Xiaomi Mi MIX 2S камераси iPhone X флагманига ҳавас қилган: унинг сенсори қўш ҳамда тиккасига орқа панелнинг чап томонига жойлаштирилган. Эҳтимол, тақлид энсамизни қотирар, бироқ бундай ёндашув Mi MIX 2S моделига жуда ярашган.

Смартфон қўлда қулай жойлашади. Ён томон ромлар қалингина бўлгани боис, уни кафтда мустаҳкам ушлаш ҳам осон. Бошқа томондан эса металл банд ясси бўлагни учун қўлга ботмайди.

Агар смартфон дисплейи столга қараган ҳолда ётган бўлса, уни олиш қийин — юпқа ва силлиқ ром бунга йўл қўймайди. Бироқ Mi MIX 2 шундай ҳолатда ётганида уни осонлик билан олиш мумкин.

Бармоқ изи сканери ҳам орқа панелга жойлаштирилган. Корпуснинг қулай ерида, айни бармоққа мос марказда. Смартфонни илк маротаба қўлга олганда орқа панел қанчалар ялтираб кўринса, бир муддат ўтиб унда қолган излар боис, уни таний олмай қоласиз.

Экран ёнлари қора ҳошиядан холи бўлган. Олд панелнинг қуйисида эса очиқ жой мавжуд. Бу ерга сенсор тугмаларни жойлаштирганда зўр бўлар эди, афсуски улар бу ерда йўқ. Шундай бўлса ҳам, аввалги моделлар каби, олд панелнинг бир бурчагида олд камера учун жой ажратилган. Бундай ечимнинг ҳам яхши ва ёмон томонлари бор. Бу тўғрида қуйироқда тўхталаман.

Қуйи ром остида яна бир светодиодли чироқ бор. Бу чироқ фойдаланувчи бирор нимани ўтказиб юборса, огоҳалнтиради. Экран қуйисида эса суҳбат динамиги учун зўр-базўр жой топилган.

Қаршимизда ҳашамдор ҳамда чироқли смартфон турибди. Унга назар ташлар экансиз, мини-жек, яъни аудио қулоқчинлар учун анъанавий туйнукнинг йўқлигини сезасиз.

Шу билан бирга, сим-карта учун бўлмачани тортар экансиз, Mi MIX 2 қўшимча хотира картасини ҳам қўллаб-қувватламаслигини биласиз. Қадоқда эса USB-C порти учун переходник бор. Унинг ёрдамида қулоқчинни гаджетга улаш мумкин. Шу билан бирга, 64 гигабайтли доимий хотира ҳам фойдаланувчи учун етади.

Умуман олганда, Xiaomi Mi MIX 2S флагманининг ташқи кўриниши масаласида девайс фойдаланувчини хафа қилмайди.

Тўғри, керамик панелга эга талқинни зарблардан ҳимоя қилиш қийин. Фойдаланувчининг бахтига қадоқда смартфонга қўшиб жилд ҳам беришади. У смартфонни асосан тирналишлардан ҳимоя қилади. Бу ғилоф девайсни бармоқ изларидан ҳимоя қилади.

Дисплей ҳамда овоз имкониятлари
Аниқ ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Mi MIX 2S ҳам "аждоди" каби 5,99 дюймли дисплей билан таъминланган. Унинг томонлар нисбати 18:9 ўлчамли.
Экраннинг пикселлар сиғими 2160x1080 та белгига тенг. Яъни, Full HD сиғимдан бир оз кўп. Нега экран 2560х1440 ёки 4К сиғимли эмас? Албатта, ишлаб чиқарувчи учун бундай экранни қўйиш ҳам муаммо эмас, бироқ у ҳолда Mi MIX 2S аккумулятори бир қувват билан жуда кам вақт фаолият кўрсатар эди. Худди Samsung Galaxy S9 каби.

Xiaomi Mi MIX 2S экрани ёрқин ва кўринишиданоқ ёш ва қарини мафтун қилади. Айниқса экран ёнлари ва тепа қисми ҳошияга эга бўлмагани диққатни тортади.

Ёрқинлик заҳираси яна 100 кд/м2 миқдорга кўпроқ бўлганида, янада яхши бўлар эди. Шу ҳолатида ҳам ёмон натижа кўрсатмайди. Контраст, яъни ранглар ўртасидаги фарқ жуда юқори, шунингдек гамма миқдори ҳам идеал -- sRGB ранг-тус фазосидаги қамров миқдори 100фоиз.
Экраннинг ранг-тус узатиш аниқлиги ҳамда рангли ҳарорат миқдори ҳам мақтовга лойиқ.

Xiaomi Mi MIX 2S дисплейининг имтиҳон натижалари:
Ёруғликнинг максимал даражаси (500 кд/м2 бўлса яхши эди):
409/1 кд/м2
Контраст (қанча кўп = шунча яхши):
1399:1
Рангли қамров (sRGB) (90-100% — идеал, кўп бўлса = ёмон):
100 %
DeltaE (кам бўлса = яхши):
3,08
Гамма (идеал — 2,2):
2,2
Ранг ҳарорати (идеал = 6500K):
7600

Смартфон битта динамикка эга бўлган. У ҳам одатга кўра корпус қуйисидан ўрин эгаллаган. Унинг овоз узатиши яхши. Меломанлар унга ўрта ва қуйи частоталарнинг етишмаслигини дарров пайқайдилар. Бу муаммо Huawei P20 флагманида ҳам кузатилади. Умуман олганда эса, экран ҳам, овоз узатиш тизими ҳам сизни ранжитмайди.

Камера
Mi Mix 2 бир сенсорли бўлгани сабабли баъзида Xiaomi Mi A1 моделидан ҳам ёмонроқ сурат олар эди. Янги модел эса қўш модулли ва унга икки карралик оптик яқинлаштириш функцияси жорий қилинган.
Xiaomi Mi Mix 2S - Xiaomi компаниясининг айни кундаги энг кучли флагманларидан биридир. Унинг камера технологияси чиндан ҳам самарали ва илғор.


DxOMark экспертларининг фикрларига кўра, смартфон фотосурат олишда 101 балл тўплаган. Видео тасвир олишда эса бир оз паст - 88 балл. Ўртача тўплаган баҳоси 97 балл. Яъни, у сураткашликда iPhone X ҳамда Huawei Mate 10 Pro каби кучли флагманларга тенг рақиб.

Xiaomi Mi Mix 2S модели бош камерасида 2 та сенсор мавжуд:
12 мегапикселли Sony IMX363 модули оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган;

Яна бир 12 мегапикселли камера модули учун танланган Samsung S5K3M3 сенсори телеобъектив вазифасини бажаради ва унга 2 карралик яқинлаштириш функцияси жорий қилинган.

 

Xiaomi Mi Mix 2S флагманининг бош камерасидаги "шовқинни" йўқотиш ҳамда автофокусни аниқ белгилаш алгоритмлари DxOMark мутахассисларини ҳайратда қолдирган.

Xiaomi Mi Mix 2S камерасини фойдаланувчилар шу кунларда турли шароитларда синаб кўришга киришиб кетганлар. Унда олинган суратлар сифати, ранглари ҳамда деталлари билан таҳсинга сазовор. Mi Mix 2 билан солиштирганда, камера технологияси анча илғорлашган.

Қуйидаги суратлар Mi Mix 2S камерасидаги қўш сенсорда олинган.

Тўғрисини айтганда, натижалар биз кутганимиздан ҳам яхши. Айниқса, ёруғлик паст шароитда олинган суратларда деталларнинг яхши акс этиши диққатга сазовор.

DxOMark мутахассисларининг гувоҳлик беришича, Mi Mix 2S бош камерасининг рангларни ифодалай олиш ҳамда автофокуслаш бўйича имкониятлари Galaxy S9+ моделидан ҳам юқори экан.

Ёруғлик паст шароитда сурат олишга келганда аксарият кучли флагманларнинг камераси ҳам ҳаяжонланиб қолади. Бироқ Mi Mix 2S паст ёруғликда ҳам ўзига бўлган ишончни сақлаб қола олди. Суратдаги рангнинг тўйингани, шовқиннинг камайгани яққол сезилади.

Xiaomi Mi Mix 2S девайсининг олд камера ҳам илғор ва унда "сунъий ақл" технологияси татбиқ этилган бўлиб, унинг ёрдамида смартфонни юз-қиёфа орқали блокировкадан чиқариш мумкин.

Олд камера фойдаланувчини унчалик ҳам хурсанд қилмайди. Хусусан у олган суратлар диапазони заиф ва ёруғлик камайиши билан шошиб қолади.

Видео тасвирга олишда эса флагман таассуротли. Смартфон секундига 30 та кадрли 4К сиғимли тасвир олади. Унда Full HD сиғимли видеолар ҳам олиш мумкин. Оптик барқарорлаштириш орқали тасвир янада ёрқин. Тасвирдаги овоз устида эса бир оз ишланса яхши бўлар эди.

Процессор ҳамда аккумулятор имкониятлари
Mi MIX оиласининг анъанавий ўзига хослиги сифатида кучли чипга эга бўлишини айтиш мумкин. Mi MIX 2S ҳам бундан мустасно эмас.

Смартфон энг янги ва илғор чип бўлмиш Qualcomm Snapdragon 845 бошқарувида ишлайди. Бу процессорни Sony Xperia XZ2, OnePlus 6 ҳамда LG G7 ThinQ ёки бошқа Андроид флагманларда учратиш мумкин. Samsung Galaxy S9 моделининг баъзи талқини эга бўлган Exynos 9810 чипи ундан бир оз тезкор.

Агар кейинги 2-3 йил давомида аҳамиятини йўқотмайдиган чип керак бўлса, Snapdragon 845 айни муддао. Шу чип эвазига Mi MIX 2S осонлик билан ўзидан икки баробар қиммат Huawei P20 флагманларини бенчмаркларда ортда қолдиради. У Samsung Galaxy S9 платформасидан эса бир оз тезкор.

Мисол учун, AnTuTu бенчмаркида Mi MIX 2S 273 минг балл тўплаган. Жаҳон миқёсида танилган AnTuTu бенчмарки натижаларига кўра, Exynos 9810 чипига эга Samsung Galaxy S9 модели 241470 балл тўплаган.

Кучли процессордан ташқари, Mi MIX 2S учун 6 ёки 8 гигабайтли тезкор хотира ўрнатилган. Унинг 64 ҳамда 128 ГБ доимий хотирага эга талқинлари сотувга чиқарилган. microSD эса Xiaomi Mi MIX 2S моделида кўзда тутилмаган.

Янги смартфон Android 8.0 Oreo тизими бошқарувида фаолият кўрсатади, бунинг учун эса тизимнинг MIUI 9.5 талқини ишлаб чиқилган.

Xiaomi Mi Mix 2S флагманининг аккумулятори 3400 мА соат ҳажмидаги электр қувватни жам қилади. Бу аккумуляторни Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувватлаш мумкин. Шу билан бирга, бу батарея Qi стандарти бўйича симсиз ҳам қувват олади. Бунинг учун алоҳида қувватлаш станцияси харид қилиш керак.

Mi MIX 2S флагманини фаол фойдаланганда, тўлиқ қувват унга 11-12 соат дош беради. Агар тежамкорлик қилинса, тўлиқ қувват 1,5-2 кунга етади.

Xiaomi Mi Mix 2S модели 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Смартфон LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 5.0, GPS ҳамда NFC тармоқларида фаолият кўрсатади.

Рақиблар
Бош камераси икки сенсорли бўлган Huawei P20 модели Xiaomi Mi MIX 2S флагманининг жиддий рақиби. Улардан бирини танлаш қийин. P20 фотосурат олишда нисбатан кучли бўлса, Mi MIX 2S моделининг 128 ГБ доимий хотира талқини анча арзон. Шу билан бирга, экрани каттароқ ва унинг кесиғи йўқ :)
Huawei P20 аккумулятори бир оз узоққа етади ва унинг олд камераси ҳам яхшироқ. Унда microSD учун бўлмача йўқ.
Huawei P20 модели Тошкент шаҳрида 5 103 000 сўмдан таклиф этилмоқда.
Юқори талқиндаги Mi MIX 2S эса 4,640,000 сўмдан сотилмоқда.

Xiaomi Mi MIX 2S моделининг техник жиҳатлари:
Операцион тизим: Android 8.0 Oreo, MIUI 9.5.4
Экран: 5.99”, 2160x1080, 18:9, IPS, 403 ppi
Процессор: Qualcomm Snapdragon 845, 8 ядро (4x Kryo-385 Silver 1,7 ГГц + 4x Kryo-385 Gold 2,7 ГГц);
Графика: Adreno 630;
Тезкор хотира: 6 ГБ;
Доимий хотира: 64/128 ГБ;
Алоқа: LTE, Wi-Fi (IEEE 802.11ac), Bluetooth 5.0, GPS, GLONASS, NFC;
Камера:
Бош камера - қўш
матрица сиғими: 12 Мп & 12 Мп;
диафрагма: f/1.8 & f/2.4;
пиксел ўлчами: 1,4 мкм & 1 мкм;
матрица ўлчами: 1/2,55" & 1/2,9”
видео сифати: [email protected] FPS / [email protected] FPS / [email protected] FPS
4 ўқли оптик барқарорлаштириш;
Олд:
матрица сиғими: 5 Мп;
диафрагма: f/2.0;
пиксел ўлчами: 1,4 мкм;
видео сифати: 1080p;
Аккумулятор: 3400 мА соат, ажралмас;
Ўлчамлари: 151x75x8 мм;
Вазни: 190 грамм.

Хулоса
Ўтган йилги флагман "Mi MIX 2S" номи билан қайта туғилди. Ташқи кўриниши янада жозибадор тус олиб, кучли смартфонга, "ўткир кўз" камерафонга айланди.
У энди сурат олишда iPhone X билан беллашади ва уни ортда қолдиради.
Агар сиз тунда ҳам сурат олишга ўч бўлмасангиз, Xiaomi Mi MIX 2S сиз учун энг муносиб флагман.
Xiaomi Mi MIX 2S ромсиз дисплейи, керамикадан тайёрланган панеллари билан ўзига хос.
Xiaomi Mi MIX 2S Qualcomm Snapdragon 845 чипига эга бўлган энг арзон флагман. Экран ва овоз имкниятлари ҳам рақобатга дош беради.

Ўқинг: Бугун Европада йил смартфони аниқланди

Хулоса

Ўтган йилги флагман

8.6балл

Huawei P20 модели Xiaomi Mi MIX 2S флагманининг жиддий рақиби. Улардан бирини танлаш қийин. P20 фотосурат олишда нисбатан кучли бўлса, Mi MIX 2S моделининг

Экран

Камера

Процессор

Дизайн

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • дизайн ўзига хос
  • процессор кучли
  • камера яхши
  • симсиз қувватлаш мумкин
  • қадоқда жилди бор

 Камчилиги

  • олд камера кучсиз
  • корпус сувдан ҳимяланмаган
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!