Mi MIX 2S Россияда анча арзон сотувга чиқди

Mi MIX 2S Россияда анча арзон сотувга чиқди

Март ойида Xiaomi компаниясининг Mi MIX 2S флагмани тақдим қилинган эди. У ўзидаги кучли процессор, илғор фотокамераси билан мобил саноатда эътироф этилди. Бугун, 6 июнь куни ушбу аппарат Россия ҳудудида расман сотувга чиқарилди. Смартфон кутилганидан анча арзонга баҳоланди.

Xiaomi Mi Mix 2S флагмани 5,99 дюймли, IPS матрицали, томонлари 18:9 нисбатли, сиғими Full HD+ (2160 х 1080 пикселли) экранга эга бўлган.

Xiaomi Mi Mix 2S флагмани учун кучли Qualcomm Snapdragon 845 флагман процессори танланган. Шу билан бирга, 8 гигабайтли тезкор хотира смартфон имкониятини янада оширади. Доимий маълумотларни сақлаш учун смартфонда 256 гигабайтли хотира картаси ўрнатилган. microSD бўлмачаси орқали буни янада катталаштириш мумкин.

Ўқинг: Xiaomi янги смартфон тақдимотига таклиф қилмоқда

Орқа панелда бармоқ изи сканери ҳамда 2 та, ҳар бири 12 мегпиксел аниқлигида сурат олувчи, шунингдек оптик яқинлаштириш функцияси жорий қилинган бош камера сенсорлари жойлаштирилган. Бу сенсорларнинг асосийси учун илғор -- Sony IMX363 камера модули танланган. Xiaomi Mi Mix 2S девайсининг олд камера ҳам илғор ва унда "сунъий ақл" технологияси татбиқ этилган бўлиб, унинг ёрдамида смартфонни юз-қиёфа орқали блокировкадан чиқариш мумкин.

Xiaomi Mi Mix 2S флагманининг аккумулятори 3400 мА соат ҳажмидаги электр қувватни жам қилади. Бу аккумуляторни Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувватлаш мумкин. Шу билан бирга, бу батарея Qi стандарти бўйича симсиз ҳам қувват олади. Бунинг учун алоҳида қувватлаш станцияси харид қилиш керак.

DxOMark лабораторияси экспертларига кўра, Xiaomi Mi MIX 2S камераси синовларда 101 балл тўплаган. Яъни, ўзидан 2 баробар қиммат iPhone X билан тенг балл.

Ўқинг: Redmi 5A 10 баробар қиммат iPhone X каби сурат олиши мумкинми? Xiaomi'нинг мақсади шу!

Xiaomi Mi MIX 2S моделининг энг арзон талқини (6/64 ГБ хотира) 563 АҚШ доллари, юқори (6/128 ГБ) талқини 610 АҚШ долларидан сотувга чиқарилди. Смартфон имкониятларига қараганда бу -- энг мақбул нарх ҳисобланади. Унинг Россияда 600 АҚШ долларидан бошлаб сотилиши кутилаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi Mi Mix 2S'нинг қуйи талқини (6+64 ГБ) Хитойда 527 АҚШ доллари, юқори талқин эса (6+128 ГБ) 575 АҚШ долларидан сотилмоқда. Флагманнинг жорий ҳафта якунида "Малика"га етиб келиши кутилмоқда. Янгиликларни бизда кузатиб боринг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.