Mi Mix Fold тақдим этилди: илк Xiaomi букламафони, суюқ линзали камерага эга биринчи смартфон! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1195
  •  31.03.2021 16:24

Mi Mix Fold тақдим этилди: илк Xiaomi букламафони, суюқ линзали камерага эга биринчи смартфон! (+видео)

Xiaomi компанияси 29 мартдаги мега-тақдимотини Mi 11 Pro смартфони анонси билан бошлаган эди. Бироқ тадбирнинг бош қаҳрамони – Xiaomi Mi 11 Ultra премиум-флагмани DxOMark рейтингида биринчи ўринга чиқиб улгурди. Шунингдек, булардан ташқари яна Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонлари ҳам тақдим қилинди.

ЎҚИНГ: Энг кўп қайси смартфонларнинг қалбакилари чиқяпти? (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Мега-намойиш 30 март куни ҳам давом этди ва «Хитойча Apple» унда анчадан бери кутилаётган букламафонини кенг жамоатчиликка кўрсатди. Xiaomi Mi Mix Fold номини олган ушбу қурилма компаниянинг биринчи букламафони бўлиши билан бирга, Mi Mix туркумининг узоқ танаффусдан кейин чиққан вакилидир.

Тадбирнинг биринчи куни кўрсатилган Xiaomi Mi 11 Ultra моделини муболағасиз флагманлар орасида қирол дейиш мумкин бўлса, иккинчи куни тақдим этилган Mi Mix Fold унисидан ҳам зўр чиқди.

Дисплейлар

Xiaomi Mi Mix Fold смартфони катта – диагоналига 8,01 дюймлик қайишқоқ OLED-дисплей билан жиҳозланган. Томонлари ўзаро 4:3 нисбатли экран 2480х1860 пикселлик аниқликда тасвир узата олади. Максимал ёрқинлиги 900 нит бўлган дисплей HDR10+ ҳамда Dolby Vision технологияларини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Смартфон букилганида эгилувчан дисплей корпуснинг ичкари қисмида қолади, ёйилганида эса кичикроқ планшетга айланади. Mi Mix Fold учун Xiaomi махсус U-симон ошиқ-мошиқ ишлаб чиққан ва у бошқа компаниялар букламафонларида қўлланганларидан 27 фоизга енгил.

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, синовларда бу шарнир ва дисплей 200 мингта, кейин яна 1 миллион марта очилиб-ёпилишга яраган.

Mi Mix Fold корпусининг ташқи томонида яна битта – 6,52 дюймлик AMOLED-экран жойлашган. Унинг аниқлиги 840х2520 пикселлик, томонлари ўзаро 27:9 нисбатда. Бу дисплей ҳам HDR10+ ва Dolby Vision технологияларига эга, кадр янгиланиши 90, сенсор қатламнинг янгиланиши эса 180 герцлик частотали.

Камера

Одатда буклама смартфонларда дисплей биринчи ўринда турарди, аммо Mi Mix Fold моделининг асосий фахри – унинг камерасидир! Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланган 140 миллион юань (тахминан 21 317 080 АҚШ доллари) миқдоридаги маблағ ва бир неча йиллик машаққатлар самараси ўлароқ, унинг камераси бошқача чиққан.

Xiaomi тасвирларга ишлов бериш учун камерага ўзининг Surge C1 чипини жорий этган. Бундан ташқари, телеобъективда суюқ линза ишлатилган – бунақаси умуман мобил индустрияда бўлган эмас!

Бу – махсус шаффоф суюқлик билан тўлдирилган қайишқоқ плёнка бўлиб, худди инсоннинг кўзи каби, ўз шаклини ўзгартира олади. Бундан ташқари, суюқ линза -40°C дан то 60°C гача ҳароратга бардошли ва зумни 3 карраликдан 30 карраликкача созлаш имконини беради. Объектив фокусировкасининг минимал масофаси атиги 3 сантиметрни ташкил этади, бу эса макросуратлар олишда муҳим ўрин тутади. Ва буларнинг барчаси ортида 8 мегапикселлик оптик сенсор туради.

Бош камера жамланмасида яна 108 мегапикселлик ISOCELL HM2 датчиги қўлланган, у тўққизта пикселни битта қилиб бирлаштира олади. Учинчи – 13 мегапикселлик сенсор эса кенг бурчакли (кўриш бурчаги 123 даражали) объективга эга.

Смартфоннинг кичик экрани юқори ўнг бурчагидаги тирқишга эса 20 мегапикселлик селфи камераси ўрнатилган.

Бошқа жиҳатлари

Xiaomi Mi Mix Fold энг илғор Android-процессор – Snapdragon 888 базасида тайёрланган ҳамда LPDDR5 тоифали тезкор ва UFS 3.1 стандартидаги доимий хотира чиплари билан таъминланган. Унинг қизиб кетмаслиги учун яратилган совитиш тизими катта буғ камерасини, термогелни ва бир неча қатлам графит варақчаларни ўз ичига олган.

Букламафон аккумулятори 5020 мА/соатлик ток сиғимига эга аниқроғи – у ҳар бири 2460 мА/соатлик иккита қисмдан иборат. Қурилма 67 ваттлик тезкор қувватланади, лекин симсиз зарядланиш қобилияти йўқ. Смартфоннинг тўртта динамиги Harman Kardon томонидан созланган; бармоқ изи сканери ён томонга ўрнатилган ва NFC модулига эга.

Стандарт версиядаги Mi Mix Fold орқа қопқоғи Gorilla Glass тобланган шишасидан ишланган. Бундан ташқари, махсус Ceramic Special Edition талқини ҳам чиқади – унинг қора тусли орқа панели керамикадан ишланган ва лазерли гравировкага эга, яна тугмачалари олтиндан ясалган.

Нархи-чи?

Xiaomi мазкур маҳсулотини 16 апрелдан бошлаб Хитойда сотади. Унинг учун тезкор/ички хотира конфигурациясига қараб қуйидагича нархлар белгиганган:

  • Mi Mix Fold 12/256 ГБ — $1520/€1300
  • Mi Mix Fold 12/512 ГБ — $1670/€1430
  • Mi Mix Fold 16/512 ГБ — $1970/€1700

Эътибор берган бўлсангиз, Mi Mix Fold асосий рақиблари – Samsung ҳамда Huawei букламафонларидан бир ярим бараварга арзон. Афсуски, Xiaomi уни глобал бозорга (ҳар ҳолда, ҳозирча) чиқармоқчи эмас.

ЎҚИНГ: Xiaomi 2020 йилда қанча фойда олганини маълум қилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!