Mi6x: арзон смартфонлар қироли энди Ўзбекистонда!

Mi6x: арзон смартфонлар қироли энди Ўзбекистонда!

Mi5x/Mi A1 моделларининг яхши сотилгани Xiaomi компаниясини илҳомлантира олди. Бу орқали ишлаб чиқарувчи ўрта нархли смартфон моделларини ҳам яхши сота олишига ишонди. Mi6x "аждоди" бўлмиш Mi5x моделидан тубдан фарқ қилади: замонавий дизайн, янгиланган дастурий таъминот тизими, яхши имкониятли камера.

Девайс ромдан холи бўлган олд панели ҳамда қўш сенсорли бош камераси билан ўзига хос.

Шу билан бирга, Mi6x модели ҳам яхши жиҳатлар билан бирга, камчиликдан ҳам холи эмас. Қуйида ушбу смартфонни яқиндан ўрганамиз.

Қадоқни очганда ...

Қадоқда Mi6x смартфони билан бирга USB Type-C кабели, 5В/2А стандартида ток ўтказувчи қувватлаш кабели, шаффоф тусдаги силикон чехол, SIM-картлар бўлмачасини чиқариш учун тўғноғич, 3,5 мм ҳажмдаги аудио туйнук ўрнига Type-C переходниги мавжуд. Ҳа, бу телефонда стандарт шаклдаги аудио туйнук йўқ. Бундай техник ечим ниҳоят, ўрта нархли смартфонлар дизайни учун ҳам одатий ҳолга айланмоқда.

Дизайн

Юқорида қайд этганимиздек, туркумнинг аввалги авлод смартфонлари билан таққослаганда, Mi6x дизайни — Xiaomi бир қадам олға борган. Замонавий «тўлиқ экранли» дизайн смартфон олд панелини кўркам кўринишга келтирган.

Mi6x олд панелидаги юқори ва қуйи ҳошиялар сезиларли даражада қисқарган. Экран қирраларининг ясси юмалоқ шаклда ишлангани эса смартфонга 2018 йилнинг шукуҳини, салобатини бағишлаган. Айнан шу жиҳатлар эвазига смартфон жозибадор, юпқа ҳамда бир қарашда мафтункор кўринишга эга бўлган.

Mi6x корпуси тўлиқ металлдан ишланган, унинг йиғилиши юқори сифатли. Корпус қалинлиги 7,3 мм (бир оз бўртиб турган камера модулини ҳисобга олмаганда), вазни — 168 грамм.
Девайс ўлчамлари: 158,8 х 75,54 х 7,3 мм, вазни — 166 грамм.

Mi6x корпуси ёнларининг бир оз ясси ва қайрилма бўлгани туфайли, смартфон сирғанчиқ, бироқ ундан ғилофсиз ҳам қўрқмай фойдаланиш мумкин. Юпқа ромлар ҳисобига, шунингдек 18:9 нисбатли чўзинчоқ экран боис телефон аппаратини бир қўлда ҳам бемалол бошқариш мумкин.

Mi6x савдога 5 хил рангдаги корпусларда чиқарилмоқда: қора, кўк, пушти, тилла ранг ҳамда қизил.

Клавиш ҳамда порт жойлашуви ўзгаришсиз қолган.

Девайс корпусининг ўнг томонида — овозни бошқариш учун чўзинчоқ тугма ҳамда унинг ярмича келадиган ўчириб-ёқиш тугмаси бор.

Mi6x томида — инфра қизил порт ҳамда қўшимча микрофон бор.

Корпус қуйисида — суҳбат микрофони, динамик ҳамда USB Type-C порти мавжуд.

Mi6x дисплейининг остида суҳбат динамиги, олд камера модули ҳамда ёруғликни аниқлаш датчиги, оралиқ-масофа сенсори ҳамда ҳодисалардан хабар берувчи светодиодли индикатор бор.

Энди экран остидаги тугмалар ўрнини виртуал клавишлар эгаллаган. Шу билан бирга, смартфонни бирор хатти-ҳаракат билан ҳам бошқарса бўлади. Қуйида улар ҳақида ҳам маълумотни тақдим этамиз.

Телефон аппаратига илк назар солганда бош камеранинг бўртиб турган модуллари бир оз қўпол таассурот қолдириши мумкин. Аниқ-тиниқ кўриниб турибдики, бундай ечим iPhone X флагманидан ўзлаштирилган, унинг корпусдан бир неча миллиметр бўртиб туриши ҳам шундан. Натижада, смартфон орқаси билан ерга ётқизилганда, ўйнаб туради.

Орқа панелда бармоқ изи сканери учун ҳам жой ажратилган. Анъанага кўра бу сенсор аниқ ва тезкор ишлайди.

Дисплей

Xiaomi Mi 6X учун диагонали 5,99 дюймли, пиксел сиғими Full HD+ (2160 х 1080 пикселли) дисплей танланган.

IPS-матрица Tianma технологияси асосида ишлаб чиқарилгани — Mi6x моделининг устун томонларидан бири. Натижада, сурат сифати фойдаланувчида таассурот қолдиради.

Xiaomi Mi 6X экранининг ранг-тасвир узатиши бир меъёрда. Экранда визуал оғиш ва камчилик кўзга ташланмайди. Контраст даражаси - 1:1259.

Визуал жиҳатдан Xiaomi Mi 6X дисплейини илиқ ёки совуқ ҳароратли дейиш хато. Унинг тасвир узатиши нейтрал. Шу билан бирга, экраннинг ёруғлик диапазони ҳам ҳайрон қолдиражи -- 1 дан 384 кд/м² гача!

Яъни, қуёшли кунда ҳам ташқарида экран тасвирни яхши намойиш қилади. Смартфоннинг минимал ёруғлик даражаси ҳам яхши бўлгани боис, ундан тунги шароитда ҳам кўзни эҳтиёт қилган ҳолда фойдаланиш мумкин. Тасвир ёрқинлиги ва дисплей сифатига кўра Xiaomi Mi 6X экранини Redmi Note 5 экрани билан тенглаштириш мумкин.

Процессор ва платформа самарадорлиги

Mi5x/Mi A1 моделларида Qualcomm Snapdragon 625 чипсети ўрнатилган бўлса, янги девайс платформа самарадорлиги бир оз ошган.

Саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 660 процессори, 4 ёки 6 гигабайтли тезкор ҳамда 64 ёки 128 гигабайтли доимий хотира платформа самарадорлиги учун аҳамиятли. AnTuTu бенчмаркида смартфон 139 минг балл тўплаган. Mi5X (Snapdragon 625) билан таққослаб кўрилганда унинг самарадорлиги 51% га ошган.

Xiaomi Mi 6X процессори икки кластерли: ҳар бири 4 ядродан таркиб топган, частота интервали биринчисида 2,2 ГГц, иккинчисида — 1,84 ГГц.

Xiaomi Mi 6X моделида графикани ишлашга Adreno 512 видео картаси масъул. Чип тезкорлиги ва самарадорлиги кўзга ҳам дарров ташланади: Real Racing 3 каби график-тасвирга бой ўйинларда ҳам кадрларнинг частота алмашуви секундига 60 тани ташкил қилади. Яъни, бу борада муаммо йўқ.

Хотиранинг маълумотни ёзиш тезкорлиги ҳам юқори, бироқ флагманларники каби эмас. Мисоли Redmi Note 5 моделидаги каби.

Xiaomi Mi 6X'даги тезкор хотира сиғими 6 ГБ, доимий — 64 ГБ.гача етади. Сотувда 4/64 ҳамда 6/128 ГБ талқинлари ҳам бор. Доимий хотирани microSD ёрдамида катталаштириш имкони мавжуд эмас.

SIM-картага мўлжалланган бўлмача фақат иккита NanoSIM карталарни қўллаб-қувватлайди. Дарвоқе, мана шу бўлмача ҳам металлдан тайёрланган, пластик эмас.

Камера
Xiaomi Mi 6X бош камераси учун Sony IMX486 сенсори танланган ва бу модулнинг ёруғлик тақсимловчи қурилмаси f/1.75 стандартли ҳамда Redmi Note 5 Pro каби бу талқин ҳам 12 мегапикселли аниқлигидаги суратлар олади.

Ёрдамчи Sony IMX376 сенсори эса 20 Мп сиғимли. Бош камерада портрет режимида суратга олишда "сунъий ақл" функцияси татбиқ қилинган. Бу сенсорда икки карралик яқинлаштириш функцияси бор.

Xiaomi Mi 6X селфи камераси учун 20 мегапикселли Sony IMX376 сенсори танланган ҳамда бу камера ҳам светодиодли фоточақноқ ва "сунъий ақл" функциясига эга бўлган. Яъни, шароитдан келиб чиқиб камера ўзини созлай олади ва сифатли суратлар муҳрлайди.


Камеранинг сурат олиши ёмон эмас. Бироқ, ёруғлик паст шароитда деталлар бир оз йўқолиб қолади.

Орқа фони ғира-шира портрет режими ҳам кўпчилик учун айни муддао.
Олд камерадаги Sony IMX386 модули ҳам яхши сурат олади. Бу сенсорда сурат олаётганда имкон қадар тасвирни "чиройли қиладиган" функцияларни ўчириб қўйиш керак. Акс ҳолда, камера деталларни яхши муҳрламайди.

Бош камерада 4К сиғимли видео тасвирга олиш мумкин, шунингдек секинлаштирилган видео ҳам олиш мумкин. Видео суратга олганда суратни рақамли барқарорлаштириш функцияси ҳам бор.

Видео тасвирдаги сурат сифати ёмон эмас, овоз ҳам яхши.

Алоқа имкониятлари
Xiaomi Mi 6X моделидаги Симсиз алоқа интерфейслари қаторида Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0 (aptX HD, LDAC кодеклар), шу билан бирга маиший техникани бошқариш учун инфра қизил портни айтиш мумкин.

Xiaomi Mi 6X смартфонида NFC модули йўқ ва бу ким учундир жиддий камчилик. Смартфон LTE тармоғининг 3 ва 7 диапазонларини қўллаб-қувватлайди, яъни унинг Ўзбекистонда 4G тармоғида ишлаши билан муаммо йўқ.

Xiaomi Mi 6X алоқанинг 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 5 LE, GPS + ГЛОНАСС тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Гаджетда USB Type-C порти ҳам мавжуд.

Xiaomi Mi 6X смартфони Android 8.1 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган MIUI 9 талқини бошқарувида фаолият кўрсатади.
Ўзига хос жиҳатлар

Суҳбат динамигининг овоз заҳираси юқори ҳамда шовқин жойда ҳам суҳбатдошни яхши тинглаш мумкин.

Микрофон фаолияти билан ҳам муаммолар йўқ. Асосий динамик ҳам товушни баланд пардада жаранг сочади.

Вибро қўнғироқ жуда кучли бўлмаса ҳам, чўнтакда осон сезилади.

Смартфонни хатти-ҳаракат билан бошқариш

MIUI операцион тизимининг ўзига хосликларидан бири шуки, смартфонни моддий тугмаларсиз ҳам, ҳаракат ёрдамида бошқариш мумкин.

Мисол учун, иш столини очиш учун экраннинг пастки қисмидан бармоқни қуйига тортишингиз керак бўлади. Шунингдек, бармоқни экранга ушлаб туриш, чап ёки ўнг ёнга суриш орқали ҳам фойдаланилаётган дастурларни чақириб олиш мумкин бўлади.

"Қувват тоши" имкониятлари
Xiaomi Mi 6X аккумуляторининг электр токи сиғими 3010 мА соатни ташкил қилади. Уни QuickCharge 3.0 технологиясига кўра тезкор қувватлаш имкони ҳам мавжуд.
Snapdragon 660 чипи қувватни тежашда унчалик ҳам моҳир эмас.
Бир маротаба қувватлаб, смартфондан ўртача фойдаланганда, тўлиқ қувват унга тахминан 1,5 кунга етади. Бу эса бир неча соатлик интернетдан фойдаланиш, ёзишмалар, бир неча соат мусиқа тинглаш, сурат олиш ва ярим соат ўйин ўйнаш дегани.

Quick Charge 3.0 ёрдамида Xiaomi Mi 6X смартфони аккумуляторини 1 соат ва 20 дақиқа ичида тўлиқ қувватлаб олиш мумкин. Қадоқдаги қувватлаш мосламаси эса смартфонни икки соатда қувватлайди.

Нарх-наво
253 долларга девайснинг 4+64 ГБ хотирали талқинини, 285 доллар эвазига 6+64 ГБ хотирали талқинини, 316 долларга эса 6+128 ГБ талқинини харид қилиш мумкин. Смартфон 2018 йилнинг 27 апрелидан бошлаб сотувга чиқарилди. Таққослаш учун айтамиз, Snapdragon 660 чипига эга бўлган Meizu 15 модели учун $396 доллар сўралмоқда.
Ўзбекистонда эса 6+64 ГБ хотирали талқин 2,2 миллин сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Хулоса ўрнида ...
Xiaomi Mi 6X моделининг жузъий камчиликлари хусусида тўхталганда тўловларни қисқа масофада контактсиз тўлаш имконини берадига NFC модулининг йўқлигини айтиш керак.
Камера ҳам бундан яхшироқ бўлиши мумкин эди. Бироқ, смартфон флагман эмас, ўрта даражалаи, нархи ҳам анча паст.


Xiaomi Mi 6X дизайни ва корпуси ниҳоятда жозибадор, бироқ Xiaomi корпусдан 2 миллиметр бўртиб турган бош камера модули орқали бундай гўзалликка путур етказган.
Экран, дизайн, текзор процессор — буларнинг бари юқори сифатли, айниқса нарх билан солиштирганда.
Маълумотларга кўра, смартфон халқаро бозорга Xiaomi Mi A2 номи билан чиқарилади. Бу ўтган йилги Mi A1 девайсининг меросхўри бўлиб, бу модел ҳам "тоза" Android тизимига эга бўлади.

Xiaomi Mi6X моделининг техник жиҳатлари:

Алоқа тармоқлари: GSM (850/900/1800/1900 МГц), WCDMA/HSPA (900/1800/1900/2100 МГц), FDD-LTE (B1, B3, B5, B7, B8, B34, B38, B39, B40, B41), TD-SCDMA, CDMA;
Платформа: Android Oreo'ниг MIUI 9 талқини;
Дисплей: 5,99", 2160 х 1080 белги, 18:9, 403ppi, 1500:1, IPS;
Бош камера: қўш сенсорли, 12 Мп, (Sony IMX486, 1,25 мкм, f/1.75) + 20-Мп (Sony IMX376, 2 мкм, TetraCell, f/1.75), 4К@30fps;
Селфи камера: 20 Мп, Sony IMX376, 2 мкм, TetraCell;
Процессор: 8 ядроли, 4 x 2,2 ГГц + 4 x 1,8 ГГц, Qualcomm Snapdragon 660;
Видео карта: Adreno 512 650 МГц;
Оператив хотира: 4/6 ГБ LPDDR4X;
Ички хотира: 64/128 ГБ eMMC 5.1;
Қўшимча хотира: йўқ;
GPS ва ГЛОНАСС: бор;
Bluetooth 5.0 HID: бор;
Қўшимча: Wi-Fi (802.11a/b/g/n/ac), 2x2 MU-MIMO, USB Type-C;
nano-SIM: қўш;
Бармоқ изи сканери: бор;
Аккумулятор: 3010 мА соат, QuickCharge 3.0 18W;
Ўлчамлари: 158,7 х 75,44 х 7,3 мм;
Вазни: 168 грамм.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 1 789 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!