Microsoft Edge браузери WebCore асосида янгиланди: энди у русчада овозли ўқишни ҳам эплайди!

  •   DiMaX
  •  410
  •  09.04.2019 11:41

Microsoft Edge браузери WebCore асосида янгиланди: энди у русчада овозли ўқишни ҳам эплайди!

Windows операцион тизими ва бошқа дастурий таъминот маҳсулотлари билан машҳур бўлган компания Internet Explorer браузеридан воз кечиб, унинг ўрнига Microsoft Edge дастурини тақдим этган. Энди эса мазкур браузернинг янги версиясини синаб кўриш мумкин.

ЎҚИНГ: Android-смартфон эгаларини рекламадан Microsoft Edge браузери қутқаради

Microsoft Edge’нинг янги версияси Chromium браузеридаги WebKit движогида қўлланган WebCore кодига асосланган. Уни тўртта версияда тарқатишади, айни дамда эса улардан иккитасини ўрнатиб олиш имкони мавжуд. Булар – дастурчиларга мўлжалланган Dev ҳамда янада тажрибавий Canary талқинларидир. Ҳозирда уларни фақат Windows 10 тизимли компьютер, ноутбук ва планшетларгагина ўрнатиш имкони бор.

Edge ҳам энди деярли Chrome браузери каби ишлайди ва ҳатто унинг учун ишлаб чиқилган барча кенгайтмаларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Кенгайтмаларни Microsoft дўкони ёки Chrome Web Store орқали ўрнатиб олиш мумкин. Дастлабки созламаларга кўра қидирув учун Bing тизими танланган, ҳозирча бошқалари жорий этилмаган. Аммо созламалари орқали YouTube’даги контентни излайдиган қилиб қўйиш мумкин.

Янгиланган Edge браузерини биринчи ишга туширганингизда, у сизнинг Windows 10 тизимига киришдаги аккаунтингиз орқали тизимга киради. Chrome аккаунтингиздаги маълумотларингизни у қабул қилмайди ва синхронлаштирмайди. Бироқ Edge’нинг олдинги версиясидаги ҳамда Internet Explorer’даги «Хатчўп» – «Закладка»ларингизни янги браузерга кўчириб ўтказишингиз мумкин. (Ҳа, фойдаланувчилар ҳалиям Internet Explorer’дан бирор нима кўчириб ўтказишлари мумкин, деб ҳисоблайдиган оптимистлар бор экан Microsoft’да!)

ЎҚИНГ: Chrome хавфли экан, Google уни тезда янгилашингизни тавсия этяпти!

Microsoft Edge’да скриншот қилиш ҳамда уларнинг устига ёзиш, чизиш имконияти олиб ташланган – эҳтимол, бунга етарлича талаб йўқлиги учундир. Бироқ браузер сайтлардаги матнларни овоз чиқариб ўқий олади ва бунда рус тилини ҳам қўллаб-қувватлайди! Дарвоқе, браузер созламалари орқали уни рус тилига ўтказиш мумкин, лекин бу билан унинг интерфейси русча бўлиб қолмайди – ҳали тўлиқ ўтказиб бўлишмаган, шекилли.

Браузернинг бўш ҳолдаги бошланғич саҳифасида ўзингиз тез-тез кириб турадиган сайтлар ҳаволаларини бириктириб қўйишингиз мумкин. Саҳифанинг пастки қисмида эса Microsoft News янгиликлар тасмасига ўтиш ҳаволаси мавжуд, аммо у фақат инглиз тилида.

Дастурнинг созламалари ҳозирча русага ўгирилмаган, аммо Chrome ва Chromium браузерларидан кўра қулайроқ ишланган. Инглизчадан салгина хабари бор бўлган фойдаланувчи Microsoft Edge’ни ҳам интерфейс жиҳатидан, ҳам сайтларнинг ишлаши бўйича ўзига мослаб олиши мумкин. Масалан, бу браузер сайтларнинг бир неча («куки»ларни йиғиш, жойлашувни аниқлаш, камера ва микрофонни ёқиш, расмларни акс эттириш каби) ҳаракатларини чеклай олади.

Агарда сиз ҳам Windows 10 тизимли қурилмангизда Microsoft Edge’ни синаб кўрмоқчи бўлсангиз, мана бу ҳавола орқали уни юклаб олиш саҳифасига ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Мусулмонларга мўлжалланган энг қулай браузер билан танишинг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.