Microsoft инқилобий HoloLens 2 гарнитурасини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  564
  •  25.02.2019 16:38

Microsoft инқилобий HoloLens 2 гарнитурасини тақдим этди

MWC 2019 кўргазмаси доирасида Microsoft корпорацияси ўзининг ажойиб ишланмасини расман намойиш қилди. Бу – HoloLens 2 русумли тўлдирилган борлиқ гарнитурасидир.

ЎҚИНГ: Microsoft ниҳоят MWC кўргазмасида қатнашиб, инқилобий гаджетини кўрсатмоқчи!

Айтиш керакки, Azure, HoloLens, Dynamics 365 ва Microsoft Devices жамоалари ҳамкорлигида яратилган мазкур девайс ўзининг “аждод”идан барча жиҳатлари билан анча ўзиб кетган.

HoloLens 2 тижорий фойдаланишга мўлжалланган, Microsoft унинг потенциал буюртмачилари сифатида қуролли кучлар, йирик бизнес ташкилотлари, тиббиёт ва конструкторлик соҳаларидаги компаниялар бўлишини айтмоқда. Бунинг ажабланарли жойи йўқ – ахир, ушбу AR-гарнитура нақ 3500 АҚШ долларига нархланган! Дарвоқе, ўзи оригинал HoloLens ҳам бундан атиги 500 долларга арзонроқ эди.

Microsoft’нинг биринчи авлод AR-гарнитурасидан кўра HoloLens 2 кенгроқ – 57 даражали кўриш бурчагига эга, пикселлар зичлиги эса ўша ҳолида сақланган. Шунингдек, янги қурилмада 2К форматигача экранларни қўллаб-қувватлайди, у замонавий, янада аниқ ва тезкор ToF-камера билан қуролланган. Маълумотларнинг персонализацияси борасида катта ишлар қилинган: энди бу кўзойнак биометрик датчиклар ёрдамида фойдаланувчини эслаб қола олади ва кейинги гал айни унга мос созламаларни юклаб беради.

HoloLens 2 фойдаланувчининг нигоҳи қаёққа йўналганлигини кузатиб бора олади; шунингдек, чуқурликни аниқловчи time-of-flight датчиклари ҳамда машинавий таълим алгоритмлари ёрдамида имо-ишораларни танийди. Ҳаракатларни илғаб олиш даражаси шу қадар кучлики, ҳатто унинг ёрдамида виртуал фортепиано чалса бўлади!

Мазкур гарнитура Snapdragon 850 процессори базасида ишлайди, конструкцияда бешта микрофон, Wi-Fi адаптер ва USB-С порти ҳам бор. Уни Microsoft Cortana овозли ёрдамчиси орқали бошқариш мумкин.

HoloLens 2 шу йилнинг охирларидан Буюк Британия, АҚШ, Канада, Хитой, Германия, Ирландия, Франция, Янги Зеландия, Австралия ва Япония бозорларига чиқарилади.

ЎҚИНГ: Microsoft’нинг эксклюзив маҳсулоти ҳимоясини хакерлар беш кундаёқ бузишди – энди уни бепул кўчириб олиш мумкин!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!