Microsoft Lumia 640 – энг яхши алоқа сифатига эга смартфон

Microsoft Lumia 640 – энг яхши алоқа сифатига эга смартфон

Nokia брендидаги телефонлар аввалдан кучли сигналга эга антенналари билан фарқланиб турган. Айни ушбу хусусиятларни Lumia моделидаги смартфонлар мерос қилиб олган кўринади. Дания энергетика агентлиги ва бир қатор телекоммуникация компаниялари томонидан ҳамкорликда ўтказилган синовлар натижасида Microsoft Lumia 640 жаҳондаги энг кучли антенна сигналига эга смартфон деб топилган. Синовлар жами 26 та маркадаги телефонларда ўтказилган. Телефонлар ҳаракатсиз ва ҳаракатда бўлган ҳолатда текширилган.

Қизиғи шундаки, мазкур синовларда Apple смартфонлари унчалик қониқарли натижа кўрсатмаган. Тестларда Lumia 650, Sony Xperia Z5 Compact ва сўнгги Samsung флагманлари (Galaxy S5 mini’дан ташқари) яхши кўрсаткични қайд қилишган.

Ольборг университетининг профессори Герт Педерсеннинг айтишича, баъзи смартфонларнинг сигнал кучи сезиларли даражада такомиллаштирилиши керак. Бундай смартфонларга у Apple қурилмаларини мисол қилиб ўтган. Шунингдек, профессор, телефонлар қутисида антенна сигналининг кучи акс этган стикрларни жойлашни таклиф қилган.