Microsoft муҳим сабаб билан HoloLens 2 тақдимотини кечиктирмоқда

  •   DiMaX
  •  310
  •  19.10.2018 17:21

Microsoft муҳим сабаб билан HoloLens 2 тақдимотини кечиктирмоқда

2015 йили прототипи кўрсатилган HoloLens номли аралаш борлиқ «ақлли» кўзойнагининг дастурчиларга мўлжалланган версиясини 2016 йили сотувга чиқаришганди. Microsoft компанияси ушбу гарнитуранинг иккинчи авлодини 2019 йилнинг бошида тақдим этиши режалаштирилаётган эди.

ЎҚИНГ: Сунъий онг: Microsoft’нинг уйқусини қочирган чиплар

Лекин мазкур тақдимот 2019 йилнинг иккинчи чораги охирига қолдирилди, дея хабар беришмоқда инсайдерлар. Бунинг сабаби эса кўзойнакда қўлланиладиган Windows Core OS операцион тизимининг тайёр эмаслиги билан боғлашмоқда.

Кодли номи Sydney бўлган HoloLens 2 гарнитураси ўз «аждод»ига нисбатан кенгайтирилган кўриш майдонига эга бўлади. Шунингдек, Microsoft уни анча енгил ва фойдаланишга қулай ҳам қилаётир.

Хабарларга кўра, янги «ақлли» кўзойнакда ARM архитектурасига асосланган процессор қўлланилади. Бунинг эвазига гарнитуранинг автономлиги, яъни битта қувват билан ишлаш вақти ошади. Шу билан бирга, HoloLens 2 сўнгги авлод Kinect сенсорига ҳамда самарадорликни ошириш учун махсус яратилган «сунъий идрок» чипига ҳам эга бўлади.

Microsoft ушбу гарнитурасининг нархини сезиларли даражада туширишни режалаштирмоқда, зеро, уни корпоратив бозорга чиқармоқчи. Эслатиб ўтамиз, дастурчилар учун тақдим этилган биринчи авлод HoloLens нақ 3 000 доллар туради.

ЎҚИНГ: Мутахассислар: Apple смарт-кўзойнаклари ҳам iPhone каби муваффақиятга эришади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.