Microsoft’нинг «ақлли» таржимони энди интернетсиз ҳам ишлайди

  •   DiMaX
  •  2137
  •  19.04.2018 14:45

Microsoft’нинг «ақлли» таржимони энди интернетсиз ҳам ишлайди

2016 йили Microsoft Translator сервиси «сунъий идрок»ка уланган, натижада унинг таржимаси сифати сезиларли даражада ошган эди. Ҳозиргача унда машина таълими алгоритмларининг ишлаши учун интернетга уланиш талаб этиларди. Энди эса унинг мобил клиенти офлайн режимда, яъни интернетга уланмасдан ҳам ўгира оладиган бўлди.

ЎҚИНГ: Android учун энг яхши таржимон-иловалар

Microsoft Translator’нинг «ақлли» таржимасини илк бора Huawei Mate 10 ҳамда Honor 10 View флагманларида ишлатиб кўрсатишди. Маълумки, бу қурилмаларда «сунъий онг» ишини тезлаштирувчи нейрон процессор мавжуд. Кейин эса Microsoft дастурчилари бу тизимни махсус чипсиз – оддий смартфонларда ҳам ишлашга мослаштиришди.

Бошланишига у рус, немис, француз, испан, итальян, араб, корейс, португал, тай ва соддалаштирилган хитой тиллари учун татбиқ этилди. Вақти билан бошқа тиллар учун ҳам офлайн режимда таржима функцияси ишга тушириб борилади.

Ижобий томони шундаки, Microsoft Translator’нинг интернетсиз ишлаши учун смартфонга махсус талаблар қўйилмайди – «ақлли» таржимон уларнинг ҳаммасида офлайн ишлайверади. Фақат эски ва жуда арзон моделларда унинг алгоритмлари ишлаши учун жой етишмаслиги ҳам мумкин.

Компаниянинг тан олишича, интернетсиз ўгиргандан кўра онлайн-таржима бироз аниқроқ чиқиши мумкин. Улар орасидаги фарқ унча катта эмас, лекин аввалги талқинига нисбатан таржима сифати жуда илгарилаб кетган.

Microsoft аллақачон мазкур сервиснинг Android-иловасини янгилай бошлаган, уни мана бу ҳавола орқали ўрнатиб (ёки янгилаб) олишингиз мумкин. «Ақлли» таржимоннинг янгиланган iOS талқини эса ҳозирча App Store’да тасдиқланишини кутмоқда. Улардаги яна бир қулайлик – офлайн луғатлар ўлчами икки каррагача кичрайтирилган.

ЎҚИНГ: Microsoft Office’да энди гапириб туриб матн тердириш мумкин!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!