“Microsoft” Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқув-синфини очди

“Microsoft” Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида  ўқув-синфини очди

 

Дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири «Microsoft» корпорацияси 2017 йилнинг 26 апрел куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да махсус ўқув синфини очди. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.

Замонавий IT-синфи моноблок компьютерлари билан жиҳозланган бўлиб, барча зарур жиҳозлар «Microsoft» корпорацияси томонидан беғараз тақдим этилган ҳамда лицензияга эга дастурий таъминотлар ва ечимлар, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун қўшимча ускуналар билан таъминланган.

Мазкур синфнинг очилиши билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари «Microsoft»нинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги ўз билимларини мустаҳкамлашади. Бунда IT-синфдан давлат органлари, хусусий компаниялар, кенг аҳоли вакиллари иштирокида турли хилдаги маҳорат мактабларини, тренингларни ва семинарларни ўтказишда фойдаланилади.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари вакилларининг иштирокида «Microsoft Education Day» семинари ҳам бўлиб ўтди. Семинар давомида «Microsoft» корпорацияси вакиллари қатнашчиларга таълим муассасалари учун «Microsoft»нинг замонавий ечимлари тўғрисида маълумот бердилар.

Жумладан, “Microsoft”да махсус “Инновацион педагоглар” ҳамжамияти мавжуд бўлиб, у бутун дунёдан минглаб ўқитувчиларни бирлаштиради. Ҳар йили мазкур ўқитувчилар орасидан ўқувчилар учун ўқув жараёнида технологиялардан қизиқарли ва самарали фойдалана оладиганлари “E2 Educators Exchange” конференциясида тўлиқ компания ҳисобидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Семинар давомида қайд этилганидек, компания ўзининг “Microsoft Imagine Academy” таълим ресурсини ривожлантирмоқда, унинг ёрдамида иштирокчилар замонавий технологиялар ва дастурлаш тўғрисида билим олишлари мумкин бўлади. Қайд этилдики, сўнгги уч йил давомида “Microsoft” корпорацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига мазкур дастурнинг устунликларидан фойдаланиш имкониятини бермоқда.