Microsoft WannaCry вирусининг айбдорини ва ҳимояланиш чорасини айтди

Microsoft WannaCry вирусининг айбдорини ва ҳимояланиш чорасини айтди

Экспертларнинг фикрича, 12 майда тарқалган WannaCry оммавий вируси Интернет тарихидаги энг глобал кибер-таҳдид бўлиб, 150 дан ошиқ давлатда йирик ташкилотларга, оддий фуқароларга жиддий зарар етказган. Касперский лабораторияси маълумотларига кўра, жабрланганлар сони бўйича АҚШ, Россия, Испания, Бразилия, Ҳиндистон етакчилар қаторида. Шу билан билан бирга, экспертлар бу ҳужумнинг 2-тўлқинига тайёргарлик кўриш кераклигини маслаҳат беришмоқда.

Вирус тўхтатилган, бироқ йўқ қилинмаган
Жума куни тунда, яъни идора ва офисдаги ишлар якунланганидан сўнг зарарланган компютерлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар бугун — ҳафтанинг илк иш кунида аниқ бўлади. Яъни, вирус таҳдидининг ҳақиқий кўлами бугун маълум бўлади.

13 май куни мутахассислар тарқалаётган вирусни тўхтатишган бўлишса ҳам, кўп ўтмай унинг янги талқини тарқатилган. Мутахассислар ҳозирча бу зарарли файлнинг таркибини ўрганишмоқда.

Microsoft позицияси: айбдор ким?

Microsoft компанияси кибервируснинг тарқалиши бевосита АҚШ махсус хизмати билан боғлиқлигини маълум қилган. Компания зудлик билан Windows XP, Windows 8 ва Windows Server 2003 операцион тизимлари учун янгиланишларни эълон қилди. Бироқ, улар зарарланмаган компютерларни ҳимоя қилади. Бу вирусдан ҳимояланишнинг ягона чораси — операцион тизимни янгилаб олишдир.

Microsoft компанияси президенти Брэд Смитнинг маълум қилишича, WannaCry вирусининг тарқалиши Microsoft Windows’даги ҳимоя бўшлиғи билан боғлиқ. Бу ҳимоя бўшлиғи АҚШ хавфсизлик агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва турли маълумотлар тўплаш учун фойдаланилган. Яъни, шунинг ёрдамида турли компютер тизимларига кириб, керакли маълумотлар олиб келинган. Ундан сўнг ҳимоя бўшлиғи тўғрисидаги маълумот ҳаккерлар томонидан ўғирланган ва шунга мувофиқ WannaCry ишлаб чиқилган.

Microsoft бундан хабардор бўлгани боис, муаммони ҳал қилиш йўлида Windows’нинг сўнгги талқинларини янгилаб келган. Бироқ, аксарият Windows фойдаланувчилари, жумладан давлат ва бизнес ташкилотлари операцион тизимларни янгилашга жиддий эътибор қаратишмаган. Натижада, ҳаккерлар йирик муассаса ва компанияларнинг фаолиятларини издан чиқаришга муваффақ бўлишган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!