Microsoft ўзининг Windows операцион тизимлари учун CCleaner'га ўхшаш дастур ишламоқда

Microsoft ўзининг Windows операцион тизимлари учун CCleaner'га ўхшаш дастур ишламоқда

Microsoft компанияси ўзининг Windows 10 ва ундан юқори версиядаги операцион тизимида ишлайдиган компютерлар самарадорлигини оширишга қаратилган PC Manager дастури устида ишламоқда. CCleaner'ни эслатиб юборадиган ушбу дастур Windows'да аллақачон мавжуд бўлган айрим функцияларни ўзида мужассамлаштирган марказ бўлиб, у Windows 11 дизайнида яратилган. Бу худди Task Manager'нинг соддалаштирилган вариантига ўхшайди.

Дастур иккита асосий: Cleanup (Тозалаш) ва Security (Хавфсизлик) бўлимларини ўз ичига олади. Cleanup бўлимидаги Boost асосий тугмасини босиш компютердаги вақтинчалик файлларни тозалайди ва оператив хотирани ортиқча ресурслардан бўшатади.

Шунингдек, ушбу бўлимда сиз компютер "соғлиғини" текширишингиз мумкин. Бунда PC Manager компютерни тозалаш мумкин бўлган нарсаларга, вирусларга, потенсиал зарарларга ва ўчириш мумкин бўлган стартап иловаларга текширади ва агар копмютерингизда сукут бўйича танланган веб-браузер Microsoft Edge бўлмаса, дастур уни алиштириш таклифини ҳам беради. Эҳтимол, бу Microsoft'нинг фойдаланувчиларни ўз браузерига ўтишга ундайдиган ҳаракатларидан яна биридир.

Бўлимдаги Storage management'да сиз компютерингиз хотирасини бўшатиш учун "чуқур тозалаш" сканеридан фойдаланишингиз ёки катта файлларни топиш ва уларни бошқаришингиз мумкин. Шу билан бирга, ушбу менюда сизни Windows созламаларининг "Иловаларни бошқариш" ва Storage Sense бўлимларига йўналтирадиган тугмаларни ҳам кўришингиз мумкин.

Худди Task Manager'да бўлгани каби PC Manager'нинг Cleanup бўлими айни вақтда ишлаб турган дастурларни ва стартап иловаларни бошқариш имконини берадиган бўлимларга ҳам эга.

Security'да эса сиз компютерингизни вирусларга қарши сканерлашингиз мумкин. Қолаверса, ушбу бўлим Windows янгилашини текшириш, ҳамда, сукут бўйича браузерни ўзгартириш ва бошқа созламаларни ўз ичига олган "Браузер ҳимояси" менюсини ҳам ўз ичига олади.

Айни вақтда PC Manager оммавий бета версиясида бўлиб, уни сиз pcmanager.microsoft.com расмий сайтидан юклаб олишингиз мумкин. Қизиғи шундаки, сайт Хитой тилида.

ЎҚИНГ: Microsoft тасодифан Windows 12 прототипини кўрсатиб қўйди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!