Microsoft'нинг Edge браузери сиз ҳар бир ташриф буюрган сайтни учинчи томонга жўнатяпти

Microsoft'нинг Edge браузери сиз ҳар бир ташриф буюрган сайтни учинчи томонга жўнатяпти

Microsoft Edge браузерида "ижодкорга обуна бўлиш" деган функция бор бўлиб, у сизга YouTube ва умуман, бутун интернет бўйлаб севимли контент яратувчиларингизга обуна бўлиш имконини беради. Бироқ ушбу функция тўғри ишламаётганга ўхшайди – Edge сиз ташриф буюрган барча сайтлар ҳаволасини ўзининг Bing API веб-сайтига юбораётгани хабар қилинмоқда.

Махфийлик билан боғлиқ муаммо биринчи бўлиб ўтган ҳафта Reddit фойдаланувчилари томонидан пайқаб қолинган. Маълум бўлишича, Microsoft Edge'нинг энг сўнгги версияси bingapis.com сайтига сиз ташриф буюрган деярли барча саҳифаларнинг тўлиқ ҳаволасини юборади.

Microsoft Edge'нинг ижодкорга обуна бўлиш функцияси. Расм: Reddit (The Verge орқали)

Edge қандай қилиб ва нима учун сиз кирган сайтлар ҳаволасини Bing API сайтига юбораётгани номаълум, бироқ EarTrumptet дастури ишлаб чиқувчиларидан бири, Рафаел Риверанинг айтишича, бунга Edge'га яқинда қўшилган "ижодкорга обуна бўлиш" функциясининг тўғри ишламаётганлигида сабаб бўлмоқда.

Гарчи Microsoft фойдаланувчилар ташриф буюрган саҳифалар ҳаволалари нима учун bingapis.com сайтига юборилаётганини ҳақида тушунтириш бермаган бўлса ҳам, у бу масаладан хабардор эканлигини маълум қилган. 

"Биз бундан хабардормиз, текширяпмиз ва ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш учун тегишли чораларни кўрамиз", дейди Microsoft компаниясининг алоқа бўйича директори Кейтлин Роулстон ўзининг The Verge нашрига берган баёнотида.

Агар сиз Edge браузери фойдаланувчиси бўлсангиз ва интернетда кирган ҳар бир веб-сайтингиз ҳаволаси учинчи томонга юборилишини хоҳламасангиз сизга Microsoft муаммони текшириб, уни ҳал қилгунига қадар "ижодкорга обуна бўлиш" функциясини ўчириб қўйиш тавсия қилинади. Бунинг учун браузернинг Settings (Созламалар) менюсидан Privacy (Махфийлик), Search and Services (Қидирув ва Хизматлар) бўлимига ўтинг ва у ердан пастга тушиб, Show suggestions to follow creators in Microsoft Edge функциясини ўчириб қўйинг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!