Микроскоп камерали OPPO Find X3 Pro чиқди – ҳар томонлама ўзгача флагман!

  •   DiMaX
  •  1016
  •  12.03.2021 12:06

Микроскоп камерали OPPO Find X3 Pro чиқди – ҳар томонлама ўзгача флагман!

Кеча – 11 март куни OPPO компанияси онлайн тадбир ўтказиб, Find X3 туркуми смартфонларини тақдим қилди. Ушбу серияга тўртта модел кирган, ҳозир эса уларнинг энг кучлиси – Find X3 Pro билан танишамиз.

ЎҚИНГ: Йилнинг энг кутилаётган камерофони Geekbench’да тест топширди

OPPO Find X3 Pro моделининг ўзига хосликларидан бири унинг дизайнидир: «Терминатор 2» услубидаги орқа панел камера блогини ҳам қоплаб турувчи яхлит шиша бўлагидан ишланган. Корпус қалинлиги атиги 8,26 миллиметр, вазни эса 193 грамм келади. Компания уни IP68 стандартига кўра сув ва чангдан ҳимоялаган.

Флагманнинг олд юзасини 6,7 дюймлик AMOLED-дисплей буткул эгаллаб олган, унинг тасвир узатиши Billion Color QHD+ форматида (3216х1440 пикселлик). Экранда пикселлар зичлиги 525ppi, унинг максимал ёрқинлиги эса 1300 нит. Дисплей кенг контраст коэффициентига (5 000 000: 1) ҳамда мослашувчан (5 дан 120 герцгача) янгиланиш частотасига эга. Булардан ташқари, четлари қайрилма экран юзасига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Find X3 Pro гаджетининг яна бир мақтангулик жиҳати – бош камерасидир: унда 50 мегапикселлик Sony IMX766 датчигидан бирданига иккитаси қўлланган. Улардан бири кенг бурчакли, яна бири эса ўта кенг бурчакли объектив билан тақдим этилган. Учинчи модул – 13 мегапикселлик аниқликдаги перископ камера бўлиб, у 2 карралик оптик ва 5 карралик гибрид зумга эга.

Квадрокамеранинг тўртинчи сенсори ҳаммасидан қизиқ: аниқлиги 3 мегапикселлик бўлса-да, нақ 60 карралик зумни таъминловчи макрообъективга эга! Бошқа смартфонлардаги амалий фойдаси бўлмаган макромодуллардан фарқли равишда, бу – моҳиятига кўра – мобил микроскопдир.

Смартфон дисплейининг тирқишига эса 32 мегапикселлик олд камера ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман 10 сонияда 15 млн долларлик сотилди!

OPPO Find X3 Pro флагмани, табиийки, Snapdragon 888 процессори асосида ишлайди ва 12/256 гигабайтлик тезкор/доимий хотирага эга. Уни компания стереодинамиклар, NFC модули ва 4500 мА/соатлик аккумулятор билан таъминлаган. Девайс симли усулда 65 ваттлик, симсиз тарзда эса 30 ваттлик тезкор зарядлаш технологияларини қўллаб-қувватлайди.

Дарвоқе, машҳур композитор Ганс Циммер махсус ОРРО Find X3 Pro учун эксклюзив рингтонлар ва билдиришнома товушларини яратган. Бу бастакор 200 дан ошиқ лойиҳалар муаллифи, «Оскар», иккита «Олтин глобус», учта «Грэмми» ҳамда «Тони» мукофотларининг совриндори ҳисобланади.

Find X3 Pro камерофони 14 апрелдан сотувга чиқади, OPPO унинг учун 1149 евро миқдорида нарх белгилаган.

ЎҚИНГ: Унча-мунчага ўз нархини йўқотмайдиган ўнта смартфон

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!