Микротўлқинли печдан тўғри фойдаланаяпсизми?

Микротўлқинли печдан тўғри фойдаланаяпсизми?

Хонадонларда йилдан-йилга электр жиҳозлар сони ортиб бормоқда. Бир томондан улар ишимизни енгиллатиб, вақтимизни тежашда ёрдам беради. Бошқа тарафдан эса уларнинг саломатликка таъсири ёки тўғри фойдаланиш борасида турли фикрларга дуч келиш мумкин.Келинг, кўп учрайдиган саволларга аниқлик киритамиз.

Нурлари саломатлик учун зарарлими?

Мутахассислар фикрига кўра, микротўлқинли печдан тўғри фойдаланилса, у инсон саломатлиги учун хавф туғдирмайди. Унда овқат иситилаётган (пиширилаётган) пайтда қаршисида турмаслик лозим. Печнинг эшиги мустаҳкам ёпилишига аҳамият беринг. Уни эшиги очиқ ҳолатда ишга тушириб юборманг. Айнан мана шу ҳолларда микротўлқин нурлари саломатликка хавф туғдириши мумкин. Ишлатишдан аввал албатта қўлланмаси билан танишиб чиқинг.

Ҳажм муҳимми?

Микротўлқинли печда бирор таом пиширишни истасангиз, маҳсулотлар (масалан, гўшт ёки картошка)ни унча катта бўлмаган тўртбурчак шаклда ва бир хил ҳажмда тўғранг. Шунда улар бир текисда пишади. Микротўлқинли печнинг иссиқлик ҳарорати маҳсулотга 5 см. сингади. Агар маҳсулот ҳажми бундан каттароқ бўлса, пишмай қолиши мумкин.

Қандай идиш лозим?

Микротўлқинли печ учун мўлжалланган махсус идишлардан фойдаланинг. Бундай идиш бўлмаса, керакмика ёки шишали идишларни ишлатиб кўриш мумкин. Аммо аввалига идиш чидамлилигини синанг: бунинг учун идишга сув солиб, уни ҳарорат кўрсаткичи энг баландига қўйилган  микротўлқинли печга 5 дақиқага солинг. Агар сув совуқлигича қолиб, идиш қизиб кетса, демак, бундай идишни микротўлқинли печ учун ишлатиб бўлмайди. Олтин суви югуртирилган ва металл қисқичли идишларни ҳам печда қўллаб бўлмайди. Микротўлқинли печ учун думалоқ идишлар ишлатган маъқул. Бурчакли идишлар чети иссиқликни кўпроқ тортгани боис овқатнинг чети куйиши мумкин.

Нима пишириш мумкин?

Баъзи маҳсулотларни микротўлқинли печда пишириб бўлмайди. Масалан, унга намлиги кам бўлган нонни солсангиз, қотиб қолиши, сосискалар эса «портлаб» кетиши мумкин. Шу боис сосисканинг бир неча жойини санчқи билан тешиб, кейин печга қўйинг. Товуқ, тухумли ва қиймали таомларни оддий газ печида пиширган маъқул. Лекин гўштли овқатларни микротўлқинли печда пишириш истагидан воз кечмаган бўлсангиз, гўштни суякларидан ажратиб, сўнгра пиширгани қўйинг. Акс ҳолда микротўлқин нурлари суякка ўтмагани боис гўшт яхши пишмай қолиши мумкин. Шунингдек, мутахассислар болаларга мўлжалланган овқатни ҳам микротўлқинли печда иситмасликни тавсия этишади.

Ёқимсиз ҳиду доғлар қандай кетказилади?

Микротўлқинли печни ёқимсиз ҳиддан тозалаш учун идишга бир неча бўлак лимон қўшилган сув солиб, печда қайнатинг. Сўнг печ ичини яхшилаб артиб, тозаланг. Ичи тўла қуримагунча уни ишлатиш мумкин эмас.

Микротўлқинли печдаги ёғли доғлардан қутулиш учун эса сувга 1 чой қошиқ ичимлик содаси қўшиб қайнатинг. Кейин намланган латта билан печ ичини тозаланг. Вентиляция тешикчаларига сув тушишидан эҳтиёт бўлинг. Ҳар гал овқат иситгандан сўнг печ ичини намланган латта билан тозалаш унда ёқимсиз ҳид ва ёғли доғлар ҳосил бўлишидан сақлайди.

Бу каби қоидаларга амал қилсангиз, микротўлқинли печингиз сизга узоқ йиллар давомида хизмат қилади. Саломатлигингизга ҳам хавф туғдирмайди.

Манба: Darakchi.uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.