Миллиард фойдаланувчиларга эга иккинчи браузер

Миллиард фойдаланувчиларга эга иккинчи браузер

Браузерлар бизни Интернетнинг исталган қисмига уланишимизда ва турли хил кодлар билан ёзилган саҳифалардаги маълумотларни экранимизда содда ва чиройли кўринишида ёрдам беради. Ҳозирги кунда энг машҳур браузер Google компаниясининг Chrome дастури бўлса, эндиликда ундан кейинги ўринда Safari браузери туради.

Atlas VPN жамоаси томонидан олиб борилган изланишларга кўра, бугунга келиб Apple томонидан ишлаб чиқарилган ва автоматик тарзда барча iPhone ва Mac қурилмаларига ўрнатилган Safari браузери фойдаланувчилари сони 1,006,232,879 дан ошган. Бу бутун интернет фойдаланувчиларининг 19.16 фоизи бўлиб, энди Safari миллиарддан ортиқ фойдаланувчиларга эга дунёдаги иккинчи браузер ҳисобланади.

 

Safari 1 миллиардлик маррага эндигина эришган бир пайтда ўзининг содда ва тушунарли дизайни билан Chrome браузери ундан 3 карра кўпроқ: 3.3 миллиард одамларни ўзига жалб қилган. Шунингдек, YouTube, Google Drive, Docs, Maps каби веб-иловалар билан Google ўзининг онлайн хизматлари экотизимига эга ва бу Chrome браузеридан фойдаланиш учун яна бир катта сабаб бўлиши мумкин.

Миллиарддан ортиқ фойдаланувчиларга эга браузерлардан кейин Microsoft Edge ва Mozilla Firefox мос равишда кейинги ўринларда туришади. Windows 11'ни чиқарганидан кейин Microsoft компанияси ўзининг янги авлод браузерини худди аввалгисидек энг зўри қилишга кучли киришган кўринади, сўнгги пайтларда унинг янги функциялари кўпчиликни ўзига тортмоқда ва ҳозирда ундан 212 миллион одам фойдаланади.

Mozilla'нинг бошқа браузерлардан кўра кўпроқ махфийликка асосланган Firefox браузери эса 179 миллион фойдаланувчилар билан дунёдаги тўртинчи энг машҳур браузер ўрнини банд қилган.

Samsung компаниясининг ҳар бир Galaxy смартфонлари ва планшетларига ўрнатилган Samsung Internet браузери ҳам анчагина таниқли бўлиб қолган ва унинг фойдаланувчилари сони бугунги кунда салкам 150 миллионтани ташкил қилади.

Шунингдек, таниқли Opera браузери ҳам ҳозирда 100 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга эга.

ЎҚИНГ: Instagram'га кўпчилик кутган функсия қўшиляпти

 
 
 
 
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!