Миш-мишлар рад этилди: ChatGPT-5 версияси тайёрланмаяпти

Миш-мишлар рад этилди: ChatGPT-5 версияси тайёрланмаяпти

OpenAI компанияси ўтган йили GPT-3 тил модели билан чиқарган ChatGPT сунъий интеллект чатботи Интернет оламини, шубҳасиз, ларзага солди. Бироқ, у энди ҳозирги GPT-4 донолиги олдида ҳеч нима эмас. Навбат эса GPT-5 версиясига – ижтимоий тармоқларда OpenAI аллақачон унинг устида иш бошлагани ва у декабр ойида чиқарилиши мумкинлиги ҳақида бир қанча миш-мишлар тарқалди. Бироқ, компания раҳбари бундай хабарларни рад этди.

Массачусетс технология институтида бўлиб ўтган сунъий интеллект тизимлари томонидан бўладиган таҳдидлар ҳақидаги мунозарада OpenAI компанияси асосчиларидан бири ва раҳбари, Сам Алтман ҳам иштирок этди. Тадбир давомида Сам Алтмандан яқинда OpenAI ва шунга ўхшаш катта сунъий интеллект лабараторияларидан GPT-4 дан кучлироқ бўлган СИ лойиҳаларини тайёрлашни камида 6 ойга пауза қилиб туришни сўраган ҳолда Интернетга жойланган очиқ хат ҳақида сўралди (ҳозирда мактубга Илон Маск ва 10 мингдан ортиқ бошқа таниқли шахслар, олимлар имзо қўйишган).

Алтманнинг таъкидлашича, мактубда "қаерда пауза қилишимиз кераклиги ҳақидаги энг техник нуанслар етишмаяпти". Нима бўлганда ҳам, OpenAI раҳбари GPT-4 давомчиси, GPT-5 авлодини тайёрламаётганликларини, буни бир муддатга амалга оширмасликларини маълум қилган ва бу "қайсидир маънода аҳмоқона" эканлигини айтган.

Бироқ GPT-5 версиясининг ишлаб чиқарилмаётганлиги компания ҳеч нима билан шуғулланмаётганлигини англатмайди:

"Биз ҳозирда хатда бутунлай четда қолдирилган ва барча турдаги хавфсизлик масалалари ҳал қилиниши керак бўлган GPT-4 устида ишламоқдамиз", – дейди Сам Алтман.

Айтиш керакки, GPT-5 авлодининг тез орада чиқарилмаслиги "сунъий интеллект таҳдидларини йўқ қилади" дегани эмас, ваҳоланки GPT-4 нинг ўзи одамлар ундан қандай мақсадда фойдаланишларига қараб катта фойда ёки катта зарар келтириши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!