Миш-мишлар якунланди: Galaxy S23 FE расман тақдим қилинди!

Миш-мишлар якунланди: Galaxy S23 FE расман тақдим қилинди!

Ўтган йил ва ойларда янги Galaxy FE смартфони "ўлиб-тирилди" ёхуд айримлар Samsung ортиқ Fan Edition моделини чиқармайди деса, бошқалар компания янги FE телефони устида ишлаётгани ҳақида хабар беришди. Бироқ, энди миш-мишлар ортда қолди. Орада бир йиллик танаффусдан сўнг – Galaxy S22 учун FE моделини ўтказиб юборгач – Samsung биратўла Galaxy S23 учун FE версиясини тақдим қилиб қўя қолди.  

Galaxy S23 FE

Galaxy S23 FE смартфони Samsung компаниясининг энг олий тоифадаги Galaxy S моделларига "кириш" вазифасини бажаради, яъни у флагман эмас, лекин уни тўлиқ ўрта синф аъзоси деб ҳам бўлмайди. Ташқи кўринишидан бошлайдиган бўлсак, у Жанубий Корея компаниясининг бу йилги барча смартфонларига қўлланилган учлик камера дизайнига эга. Смартфон бир қарашда Galaxy A54 5G моделини ҳам эслатиб юборади, лекин FE'ни сиз ундан ихчамроқ, премиумроқ дизайни ва бироз каттароқ камералари билан ажратиб олишингиз мумкин.

Камералар ҳақида гап кетган шуни айтишимиз керакки, улар Galaxy S23'никидан қолишмайди ёхуд флагман модел камераси қила оладиган ишларни S23 FE'нинг асосий 50 MP (f/1.8) ва 12 MP (f/2.2) ултра-кенг сенсорлари ҳам уддалай олади. Учинчи 8 мегапикселли (f/2.4) телефото линзаси ҳақида бундай дея олмаслигимиз мумкин, аммо шунга қарамай у 3× оптик зум қилиш қобилятига эга.

Олд томонда эса селфилар учун 10 MP камера экраннинг юқори марказида жойлашган. Ушбу Dynamic AMOLED 2Х экран эса FHD+ резолюция, ҳамда 120 герц янгиланиш тезлигига эга ва у 6.4 дюйм. Худди шундай хусусиятларга хусусиятларига эга Galaxy S23 экрани эса ундан кичикроқ: 6.1 дюйм. Бу каттароқ экран ишқибозларига янги FE'ни сотиб олиш учун баҳона бўлиш эҳтимоли йўқ эмас.

Капот остига қарайдиган бўлсак, биз бу ерда Galaxy S23 FE ва Galaxy S23 ўртасидаги катта "жарлик"ни кўрамиз – флагман моделимиз Snapdragon 8 Gen 2 чипсетида ишласа, янги FE смартфон ундан бир авлод олдинги Snapdragon 8 Gen 1 чипсети билан жиҳозланган. "Эҳҳ" дейишга шошилманг, чунки бу ёмон дегани эмас. Таъкидлаш жоизки, Snapdragon 8 Gen 1 чипсети ўтган йилги Galaxy S22 Ultra каби кучли смартфонларга ҳам ўрнатилган. 

Гарчи ишлаш тезлиги борасида Galaxy S23 FE ўзининг ҳозирги флагманидан бироз ортда қолсада, батарея хусусида у сезиларли даражада устунликка эга – оригинал Galaxy S23 смартфони батареяси 3900 мА/соат бўлса, янги FE модел 4500 мА/соат қувват манбаи билан таъминланган.

Каттароқ батарея каттароқ йўқотиш билан келади ёхуд Galaxy S23 FE оғирлиги 209 грамм – таққослаш учун Galaxy S21 FE атиги 177 грамм оғирликка эга эди. Нима бўлганда ҳам қурилмадан ўртача фойдаланганингизда унинг батареяси бир-икки кунга етиб беради. Қуввати қолмаганда эса сиз уни 25 Вт тезликда 50% гача 30 дақиқада зарядлаб олсангиз бўлади. Қолаверса, янги FE симсиз заряд олиш хусусиятига ҳам эга.

Ҳали Android 14 га асосланган One UI тақдим қилинганича йўқ. Шундай экан, Galaxy S23 FE ҳозирги Android 13 устига қурилган One UI версиясида ишлайди. Ҳавотирга ўрин йўқ, янги смартфон Android 14 дан ташқари яна 3 та (Android 17 гача) катта янгиланишларни қабул қила олади.

Ҳа, айтганча, алоқа ва уланиш борасида қурилма 5G, Wi-Fi 6E ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Унинг томонлари ўлчамлари 76.5×158×8.2 мм ва у IP68 рейтингги билан сув ва чангга чидамли деб топилган. Экологик жиҳатдан, смартфон қайта ишланган алюминий, шиша ва пластик материалларидан ишлаб чиқарилган.

Galaxy S23 FE ялпиз ранг, бинафшаранг, қаймоқ ранг, кўк, мандарин ранг ва қора рангларда 8 GB RAM билан 128/256 GB хотира (кенгайтириш учун microSD карта уяси йўқ) вариантларида таклиф қилинади. Нархи эса 599 доллардан бошланади. Айтиш керакки, бу Galaxy S21 FE'нинг 699 доллар, Galaxy S23 нинг эса 799 доллар нархидан арзонроқ. Смартфон эртадан, 5 октабрдан бошлаб маълум бир ҳудудларда сотувга чиқарилади. Унинг Ўзбекистон бозорига ҳам келиш эҳтимоли йўқ эмас.

*суратлар 9Tо5Google сайтидан олинди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!