“MIT.UZ” ғолиблари аниқланди  

“MIT.UZ” ғолиблари аниқланди   

Бугун пойтахтимиздаги муҳташам “Туркистон” саройида “Камолот” ЁИҲ томонидан сифатли интернет-ресурсларини яратиш, оммалаштириш, ёш веб-дизайнер ва дастурчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг кейинги фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида 2013 йилдан буён ўтказиб келинаётган “mit.uz” танловининг 2015 йилги ғолиблари аниқланди.

Ташкилот Ахброт хизмати хабарларига қараганда, 2013-2015 йиллар давомида танловда 3 мингга яқин ёшлар иштирок этиб, улар томонидан мингга яқин фотожамланмалар ва 1300 дан ортиқ веб-сайтлар тақдим этилган. Ва йилдан йилга бу танловнинг нуфузи, иштирокчилар сони, тақдим этилаётган лойиҳалар миқдори ҳам ортиб бормоқда.

Масалан, 10 та асосий ва 6 та қўшимча номинацияларда ўтказилаётган танловда 2013 йилда веб-дастурчилар ва дизайнерлар томонидан 200 дан ортиқ веб-сайтлар тақдим этилган бўлса, танловнинг жорий йилдаги босқичларига топширилган веб-сайтларнинг сони 4 баробарга ортиб, 809 тани ташкил этди. Мазкур сайтларнинг 40 фоизини жорий йилда фаолияти йўлга қўйилган сайтлар ташкил этади.

Шунингдек, танлов иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросими доирасида кўргазма ташкил этилди ва унда янги информацион технологиялар, дастурлар ва ранг-баранг лойиҳалар намойишга қўйилди.

Танловнинг асосий қисмида ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиниб, уларга махсус мукофот ҳамда совғалар топширилди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!