MIUI 11’даги янги функция Xiaomi смартфонлари эгаларининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин!

  •   DiMaX
  •  2206
  •  21.09.2019 14:54

MIUI 11’даги янги функция Xiaomi смартфонлари эгаларининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин!

MIUI 11 график қобиғи 24 сентябрда, Xiaomi Mi Mix Alpha, Mi 9 Pro 5G смартфонлари ҳамда Xaomi Mi TV Pro 8K телевизорлари билан бирга тақдим этилади. Ушбу дастурий таъминотнинг айрим янги жиҳатлари эса кам-камдан ошкор этилиб келмоқда.

ЎҚИНГ: Бугун MIUI'нинг туғилган куни! У неча ёшга тўлди?!

Янги график қобиқнинг ўзига хосликларидан бири инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга мўлжалланган функциядир. Яъни, зилзила хавфи ҳақида маълумот пайдо бўлиши билан MIUI 11 бошқаруви остида ишловчи смартфон бу ҳақда ўз эгасини огоҳлантиради.

Xiaomi’нинг маҳсулотлар бўйича директори ҳамда MIUI график қобиғининг бош менежери мазкур функциянинг пайдо бўлишини Weibo тармоғи орқали расман тасдиқлаган. «Фойдаланувчиларимизнинг ҳаёти ва фаолиятидан ташқари, биз ҳар бирининг шахсий хавфсизлигини ҳам ўйлаймиз. Шунинг учун биз ўз маҳсулотимизга зилзила ҳақида огоҳлантиришни қўшдик».

ЎҚИНГ: MIUI 11 нималарга қодир: Xiaomi масъул ходими расман маълум қилди

Компания бунинг учун зилзила ҳақида маълумотларни ўрганувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, улардаги ахборотга MIUI тизими орқали тўғридан-тўғри киришни жорий этмоқда. Натижада Xiaomi смартфонлари эгалари бундай хавф туғилиши биланоқ билдиришнома оладилар.

Зилзила хавфидан огоҳлантирувчи билдиришнома Xiaomi смартфони экранига қалқиб чиқади ва унинг будильниги жаранглайди. Шу билан бирга, у айни дамда фавқулодда ҳолатларда яшириниш мумкин бўлган энг яқин ҳимоягоҳлар ҳақида, қутқарув ва тиббий хизматларнинг контакт маълумотлари тўғрисида ҳам маълумот беради.

Мазкур функция Хитойдан ташқарида ҳам ишлайдими-йўқми, MIUI 11 яна қандай янги имкониятлар таклиф этади – булар ҳақида тақдимотда гапириб беришади, бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: MIUI 11 тайёр бўляпти, унга янгиланувчи ва янгиланмайдиган Xiaomi смартфонлари рўйхати билан танишинг!