MIUI 9 тақдим қилинди: Xiaomi'дан 3 инновацион жиҳат

MIUI 9 тақдим қилинди: Xiaomi'дан 3 инновацион жиҳат

Xiaomi компанияси 26 июлда янги авлод MIUI 9 мобил платформасини тақдим қилди. Шу куни намойиши бўлиб ўтган Mi 5X смартфони MIUI 9 операцион тизими билан ишлаб чиқариладиган илк смартфон бўлди. Сяомининг маълум қилишича айни пайтда MIUI операцион тизими 142 мамлакатда 55 тилда сўзлашувчи 2,8 миллиард нафар фаол фойдаланувчига эга.


Кутилганидек, янги MIUI 9 прошивкаси Android Nougat 7.0'нинг ўзлаштирилган талқини бўлди.

Xiaomi янги тизим устида сезиларли тер тўккан. Маълумот оқимини режалаштириш ва процессордаги юклаб олишларни "ақлли тақсимлаш" механизмининг оптималлашуви натижасида бу тизим смартфонга янада тезкор ишлаш имконини беради.  

MIUI'нинг янги авлоди хотирани автоматик равишда тозалайди ва кэшни бошқаради, фрагментацияга қарши реал вақт режимида курашади, шунингдек унда ахборотни ҳимоялаш, симсиз уланиш технологияси мустаҳкамланган.

MIUI 9'га хос 3 та ўзига хос янги жиҳатни қайд этиш мумкин:

1. Smart Assistant виртуал "ақлли ёрдамчиси" (ҳозирча Хитойда, тез орада халқаро талқини ҳам эълон қилинади). Унинг ёрдамида смартфонда зарур файлларни, қайдларни, сурат ва матнни излаш мумкин. Уни Google Assistant'нинг муқобили дейиш мумкин. Компания келажакда бу тизимни ривожлантиради.

2. Фотосуратларни категория ва туркумлари бўйича гуруҳлаш ҳамда калит сўзлар ёрдамида фотосуратларни излаш. Мисол учун, «селфи», «одамлар» ва «табиат» ва бошқа калит-сўзлар ёрдамида керакли суратни топиш мумкин.

3. Smart app launcher функцияси. Бу тизим фойдаланувчи тез-тез мурожаат қиладиган иловани эслаб қолади ва зарур пайтда тезкор ишга тушириш, хизматлардан осон фойдаланиш мумкин. Мисол учун, бу тизим орқали экрандаги "Харита" иловасини ишга тушириб, бориш керак бўлган манзилни сўраш мумкин. Шунингдек, бу ёрдамчи сизга бирор таниқли шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳам тезкор топиб беради.

Шунингдек, MIUI 9'да бир вақтнинг ўзида 2 та иловадан фойдаланиш мумкин. Дейлик, сиз бирор мессенжердан муайян манзилни оласиз. Шу вақтда сизга "Харита" иловасини очиш имкони берилади.

MIUI 9'даги яна бир кутилган функция -- "кўп ойнали" режим бўлди.  Унинг ёрдамида экранни 2 га бўлиб, бир вақтнинг ўзида 2 тадан зиёд иловадан фойдаланиш мумкин.

Қолаверса, тизимда янгича дизайндаги иконкаларни ўрнатиш мумкин. Блокировка қилинган экранда Mi Home, Mi Remote, Mi Pay, Transport Card ҳамда фонарик каби иловаларнинг ёрлиқларини ўрнатиш мумкин.

MIUI 9'нинг илк бета-версияси 11 августда чиқарилади. Аввалига  Mi6 ва Redmi Note 4, сентябрга яқин Mi5S Plus, Mi5S ва бошқа смартфон эгалари уни юклаб олишлари мумкин.

MIUI 9 талқинидан компаниянинг барча аппаратлари, жумладан 5 йил аввал тақдим қилинган ва 5 миллион дона фойдаланилаётган эски Mi 2 ва Mi 2S моделларида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

MIUI 9 тизимидан расман сентябрдан бошлаб фойдаланиш мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!