Мобил алоқа тармоқларини модернизациялаш лойиҳаси якунланди!

  •   DiMaX
  •  813
  •  04.08.2020 08:18

Мобил алоқа тармоқларини модернизациялаш лойиҳаси якунланди!

«Ўзбектелеком» акционерлик компанияси 2020 йил бошида республиканинг барча ҳудудларида 3G/4G технологиялари бўйича мобил алоқа тармоғини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошира бошлаганди. UZTELECOM ўз расмий сайтида мазкур кенг кўламли лойиҳанинг якунланганлигини эълон қилди.

ЎҚИНГ: Мобил оператор нақ 50% дан 70% гача «ҚАЙНОҚ ЧEГИРМАЛАР»ни таклиф этяпти!

Ушбу лойиҳанинг мақсади – UZTELECOM операторининг мобил алоқа абонентларига, айниқса, мамлакатимизнинг энг чекка ва узоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун мобил интернет хизматларидан фойдаланиш тезлиги ва фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада ошириш, бунинг учун жойлашувидан қатъи назар, барча мавжуд база станцияларини 3G ва 4G LTE стандартларигача модернизациялашдан иборатдир.

Бугунги кунда UZTELECOM кенг кўламли лойиҳанинг якунланганлигини ҳамда лойиҳа натижасига кўра мамлакатнинг барча ҳудудларида 3 мингдан зиёд база станциялари Компания жамоаси томонидан янгиланганини ва модернизация қилинганини маълум қилади. Модернизация ишлари ҳамма жойда қамровни сезиларли даражада ошириш ва 4G LTE технологиясидан фойдаланиш имконини тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, карантин даврида тармоқни янгилаш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишлари барча зарур хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди.

Компания тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш, уларни барча учун ҳамёнбоп қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича энг янги стандартлар ва технологияларни жорий этиш ишларини давом эттирмоқда.

ЎҚИНГ: «Ўзбектелеком»нинг найрангини дастурчи фош этди!