Мобил банк орқали пулингизни ўғирлашлари мумкин, бундан ҳимояланиш йўллари бор!

  •   DiMaX
  •  2307
  •  31.05.2019 07:15

Мобил банк орқали пулингизни ўғирлашлари мумкин, бундан ҳимояланиш йўллари бор!

Бугунги кунда пул ўғирлаш учун кимнингдир уйига кириш шартмас, смартфони қўлга олинса кифоя – ҳамма маълумотлар ўша ерда. Баъзан смартфонни ўғирлаш шартмас, унинг эгасининг ўзи керакли маълумотни айтиб қўяди. Масалан, кимдир сизга телефон қилиши, ўзини банк ходими сифатида таништириб, барча зарурий маълумотларни билиб олиши мумкин. Minbar нашри шундан сақланиш йўлларини маълум қилган.

ЎҚИНГ: Пластик карточка йўқолса нима қилиш кераклигини биласизми?

  1. Телефонингизга парол (Touch ID, Face ID) ўрнатинг

Ҳар қандай паролни бузиш мумкин. Аммо банкка боғланиб, маълумотларингизни ўзгартиришингиз, картани блоклашга улгуришингиз учун вақт керак. Паролларни ечиш учун эса қароқчига вақт керак. Эринмасдан қийинроқ, мураккаброқ парол қўяверинг. Парол смартфонингиздаги иловаларга киришни қийинлаштириши мумкин, аммо SIM-картангизни бошқа телефонга қўйиб, ундан пул ечишлари мумкинлигини ҳам унутманг.

  1. Мобил қурилмангизга автоблок ўрнатинг

Смартфонингиз доим ҳам блокда бўлмаслиги ёки узоқ вақт ўтгач, блокка тушиши мумкин. Унга автоблок ўрнатинг. Ўғриларга ярим дақиқа ҳам имконият бериб бўлмайди. Автоблокка тушиш муддатини қисқа қилинг. Иложи бўлса, қурилмангиз бир дақиқада автоматик қулфланиши керак.

  1. SIM-картангизга ПИН-код ўрнатинг

Ўғрилар смартфонингиз қулфини бузиб киришга қийналса, SIM-картадан фойдаланишади. Бунинг учун уни бошқа мобил қурилмага қўйиб, SIM-картангиз орқали банкингиз билан боғланишлари, илова ўрнатиб, пулингизни ўзларига қулай ҳисобга ўтказворишлари мумкин.

  1. Янги телефон рақами олганда эски номер билан алоқаларни узинг

Айримлар янги номер олганда эки рақамини умуман ишлатмайди ёки SIM-картасини шунчаки ташлаб юборади. Агар эски рақамингиздан банк картангиз ўчирилмаган бўлса, ташлаб юборилган SIM-карта унга йўл очади. Ёки узоқ вақт ишлатилмаган номерингизни оператор бошқа одамга бериши мумкин. Натижада банк картангиз ҳақидаги маълумотлар ўша рақамни олган одамга боради. Демак, рақам алмаштирганда, эскиси билан барча алоқаларни узинг.

  1. Мобил қурилмангизда банк картаси маълумотларини сақламанг

Мобил қурилмаларда банк карталари, паспортнинг фотосуратларини сақламанг. Кимгадир мессенжерлар орқали бу ҳақда ёзган бўлсангиз, кейин ўчириб ташланг. Картангиз номерини, паспортингиз нусхасини қўлга киритган одам, агар ҳисобингизда каттагина пул бор деб ҳисобласа, улардан осон фойдаланиши мумкин. Ўғрининг банкда таниши бўлса, бу маълумотлар ўғирликни янада осонлаштиради.

  1. Телефонни йўқотсангиз, аввало SIM-картани блоклатинг

Ўғри аввало SIM-карта орқали банк ҳисобингизга киришга уринади. Телефон операторига қўнғироқ қилиб, SIM-картани блоклатинг.

  1. Банкка қўнғироқ қилиб, ҳисобингизни вақтинча ёпинг

Ўғирланган маълумотларингиз асосида банк картангиздан пул ўғирламасликлари учун картани вақтинча блоклатиш, ундан пул ечилишининг олдини олиш керак. Банкка шахсан бориб, ҳужжатларингизнинг асл нусхасини кўрсатмагунингизча ёпиб қўйишни сўранг.

ЎҚИНГ: Жиддий жиноят: Пластик картангиздаги пулни банкдагилар ҳам ўғирлаши мумкин!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!