Мобил фотография танловида 2013 йилги смартфон совриндор бўлди

  •   DiMaX
  •  801
  •  27.07.2021 15:52

Мобил фотография танловида 2013 йилги смартфон совриндор бўлди

Дунёдаги биринчи айфон тақдим этилган 2007 йилда айнан шу серия смартфонларида олинган суратларнинг йиллик iPhone Photography Awards (IPPA) фототанловига асос солинган. Конкурснинг бу йилгисида саккиз йил олдин чиққан iPhone 5s моделида олинган расм учинчи ўринни эгаллади.

ЎҚИНГ: Эгасига жуда узоқ хизмат қилган 5 та афсонавий смартфон. Сиз ҳам уларни ишлатганмисиз?

Буни қарангки, сифатли сурат олиш учун юқори мегапкселлик камера ва илғор рақамли технологиялар унчалик муҳим эмас экан. Асосийси – композицияни яхши танлаш ва маҳорат бўлса бас: эски смартфонда ҳам зўр расмлар олса бўлар экан.

Диего Морено исмли мексикалик ҳаваскор мобил фотограф iPhone 5s русумли смартфонда олган «Посбон» номли сурати билан буни амалда исботлади. Ушбу фоторасм бу йилги IPPA фототанловида «Болалар» категорияси бўйича фахрли учинчи ўрин соҳиби бўлди.

Эслатиб ўтамиз, iPhone 5s бош камераси BSI технологиясига эга бўлган биттагина датчикдан иборат. Ушбу оптик сенсор атиги 8 мегапикселлик аниқликка ҳамда f/2.2 апертурага эга. Лекин у тарихдаги энг яхши iPhone моделлари рўйхатига кирган.

Қизиғи шундаки, IPPA конкурсида совринли ўринларни банд этган жами 54 та суратдан фақатгина еттитаси Apple’нинг ҳозирги флагманлари – iPhone 12 ёки iPhone 12 Pro Max моделларида туширилган. Қолган 47 таси эса iPhone X, iPhone XR ҳамда iPhone 7 каби нисбатан эски айфонларда олинган расмлардир.

iPhone Photography Awards фотоконкурсида бу йил совриндор бўлган барча суратларни томоша қилишни истаганлар мана бу ҳавола орқали танловнинг расмий сайтига ўтишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Android-смартфон камерасидан 100 фоиз фойдаланишнинг 10 та усули

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.