Мобиль иловалар ишлаб чиқиш – сердаромад соҳами?

  •   DiMaX
  •  1439
  •  14.04.2017 17:56

Мобиль иловалар ишлаб чиқиш – сердаромад соҳами?

Ҳар куни смартфонимизда кўплаб иловалардан фойдаланамиз, аммо шу дастурларни ишлаб чиқувчиларнинг иши қанақа экан, деб ҳамиша ҳам бош қотиравермаймиз. Шунингдек, бу соҳада ўқиб-ўрганиш ва ишлаш ҳақида ҳам аксариятимизнинг тасаввуримиз кам. Хўш, ёшларни шунга йўналтирсак, бу соҳанинг келажаги борми?

Бозор мунтазам ўсяпти

Мобиль иловалар яратиш – нафақат ажойиб касб, балки сердаромад бизнес ҳамдир. 2016 йили мобиль иловалар бозори 50,9 миллиард АҚШ долларига баҳоланган бўлса, «AppAnnie» компаниясининг кузатишлари натижаларига кўра, 2020 йилга бориб бу кўрсаткич 100 миллиардга етиши мумкин. Тўғри, турли маркетологлар бу борада ҳар хил рақам айтишади, аммо барибир мобиль бозор кенгайиб бормоқда.

Мана, буни қуйидаги графикда кўриш мумкин:

Смартфонлар ҳамроҳимизга айланмоқда

Маълумотларга кўра, дунё бўйича мобиль дастурчилар 2,3 миллион нафарни ташкил этади. Ҳар саккиз дастурчидан бири илова яратиш билан шуғулланади.

Бунинг сабаби шундаки, биз тобора ўз ҳаётимизни смартфонсиз тасаввур эта олмайдиган бўлиб боряпмиз. Кафтимиздаги шу кафтдеккина қурилма нафақат қўнғироқ ва матнли хабарлар орқали мулоқот қилиш воситаси, балки кўптармоқли ёрдамчимизга айланиб улгурди. Энди биз смартфондаги турли иловалар орқали такси чақирамиз, банкдаги ҳисобимиздан бошқа ҳисобга пул кўчирамиз, халқаро миқёсдаги ташувларда юкимизнинг силжишини кузатамиз, ҳатто қадамларимизни санаймиз, юрагимизнинг уришини назорат қиламиз. Ҳа, энди бу гаджетлар шунчаки телефон эмас, балки кўп жиҳатдан ёрдам берувчи универсал қурилмага айланаётир.

Ҳамонки кишилар смартфон ва планшетлардан яқин йилларда воз кечишмаслиги аниқ экан, мобиль иловалар бозори ҳам гуркираб ривожланаверади. Бу иловалар турлича: ўйинлардан тортиб таълимий дастурларгача. Ва улардан ҳар бир турда ўзига яраша ривожланиш мавжуд.

Бугундан ҳаракат қилинг!

Демак, ҳозир шу касбни эгаллашнинг, фарзандларимизни дастурчиликка ўқитишнинг айни мавриди. Чунки бозор кадрларга тўлиб кетган эмас, балки у янги ресурслар ва янгича ғоялар талаб этмоқда.

Бу мутахассисликка қизиққанлар, илова яратаётганлар учун эса App Store ёки Google Play каби дўконларда юқори ўринларни банд этиш имконияти мавжуд. Шунингдек, юртдошларимизда ўзлари яратган мобиль дастурларини TAS-IX’даги илк профессионал иловалар дўкони – AndroidBozor.uz’да бепул жойлаш имкони ҳам мавжуд.

Эртанги кунда бу йўналишнинг эгасига айланиш учун эса бугундан ҳаракат қилиш, кечикмаслик лозим. Нима дедингиз?