Мобил процессорлар бозорида энди Qualcomm лидер эмас!

  •   DiMaX
  •  1619
  •  26.12.2020 12:16

Мобил процессорлар бозорида энди Qualcomm лидер эмас!

Qualcomm яқинда Snapdragon 888 русумли флагман процессорини тақдим қилди. Мобил чипсетлар борасидаги яна бир компания – MediaTek ҳам фаол ривожланиб бормоқда.

ЎҚИНГ: Номаълум Redmi смартфонидаги янги MediaTek процессори AnTuTu тестида Snapdragon 865’ни маҳв этди!

Counterpoint таҳлил компанияси турли брендларнинг мобил процессорлари 2020 йил давомида етказиб берилиши ҳажми бўйича ҳисоботини эълон қилди. Жорий йилнинг учинчи чорагида қизиқ ҳолат кузатилган – узоқ вақтлардан бери энг етакчи чипсоз бўлиб келаётган Qualcomm иккинчи ўринга тушиб қолган. Биринчи ўринни эса тайванлик MediaTek забт этган.

Якунига етаётган йилнинг сентябрь ойи охирига келиб, дунё бўйлаб 100 миллиондан ортиқ смартфон сотилган бўлса, уларнинг энг кўп қисми – 31 фоизи MediaTek процессорлари базасида ишлайди. Собиқ лидер ҳиссасига эса мобил гаджетларнинг 29 фоизи тўғри келган. Бир йил аввал эса америкалик чипсознинг улуши 31% бўлса, рақибида 26% эди.

Huawei компаниясига қарашли HiSilicon, Samsung компаниясининг Exynos ҳамда Apple корпорациясининг мобил процессорлари базасидаги девайслар бозорда эса бир хилда – ҳар бири 12 фоиздан сотилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, MediaTek компаниясининг ютуғига унинг турли процессорлари базасига ишланган, нархи 100–250 доллар оралиғида бўлган смартфонларнинг Ҳиндистон бозорида кўп сотилиши сабабчи бўлган. Шунингдек, Xiaomi маҳсулотлари орасида тайванлик чипсоз улуши ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нақ уч бараварга ошган.

Шунингдек, ҳамёнбоп 5G-смартфонларнинг аксарияти айнан MediaTek процессорлари билан чиқарилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. 2020 йилнинг учинчи чорагида дунё бўйлаб сотилган барча смартфонларнинг 17 фоизи бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватловчи чиплар билан таъминланган.

ЎҚИНГ: Realme ва Redmi’ларнинг ҳамёнбоп 5G-смартфонлари кушандасини Samsung тайёрламоқда!