Mobiuz Тошкентда 5G хизматини ишга туширди

Mobiuz Тошкентда 5G хизматини ишга туширди

Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан яна бир алоқа оператор, Mobiuz, Тошкентда ўзининг 5G хизматини ишга туширганлигини эълон қилди. Эндиликда Mobiuz абонентлари ушбу хизматни ёқиш билан ўзларининг 5G тармоғини қўллаб-қувватлайдиган қурилмаларида юқори тезликдаги бешинчи авлод мобил алоқа стандартидан фойдаланишлари мумкин. 

Маълум бўлишича, Mobiuzнинг 5G тармоғи пойтахтнинг қуйидаги бешта туманида жойлашган саккизта ҳудудларида ишлайди:

  • Миробод туманида - Ойбек метро бекати атрофида, шунингдек, "Пойтахт" савдо маркази ҳудудида;
  • Мирзо Улуғбек туманида - "Le Grand Plaza" меҳмонхонаси атрофида;
  • Юнусобод туманида - Mobiuz Марказий офиси ҳудуди, шунингдек, “Пойтахт” бизнес маркази атрофида;
  • Шайхонтоҳур туманида - "Флешка" (Малика) савдо мажмуаси ҳудудида;
  • Чилонзор туманида - Чилонзор буюм савдо комплекси ҳудуди (Ипадром бозори) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети атрофида (Tashkent City, Бешёғоч).

Албатта, бу ҳаммаси эмас: Mobiuz келаси бир ой ичида Тошкентнинг яна бир қанча жойларида 5G стансияларини ўрнатишни режалаштираётганини маълум қилган.

Mobiuz 5G тармоғи таянч стансиялари жойлашуви

5G хизматини ёқиш бепул бўлиб, унга абонентлар *223*1# USSD кодини териш орқали ёки 616223 рақамига 1 сонини SMS қилиб юбориш орқали уланишлари мумкин. 

5G интернет тезлигига келадиган бўлсак, операторнинг айтишича бу ундан қандай усулда фойдаланишга боғлиқ:

- агар сиз 75 минг сўм эвазига 50 минг мегабайтлик махсус 5G тўпламни уласангиз (*225*50000#), бунда интернет тезлиги 1 Гбит/с гача бўлади;

- агар махсус тўпламга обуна бўлмасдан туриб 5G дан фойдалансангиз унда интернет тезлиги 300 Мбит/с гача бўлади. 

Батафсил маълумотларни ушбу манзилдан олишингиз мумкин.

Айтиш керакки, 5G фақат уни қўллаб-қувватлайдиган смартфонларда ишлайди. Масалан, Apple'нинг iPhone 12 қатори ва ундан юқори флагман смартфонлари қатори, шу билан бирга, учинчи авлод iPhone SE модели 5G ни қўллаб-қувватлайди. Samsung смартфонларига келадиган бўлсак, компаниянинг барча букламафонлари, Galaxy S10 қатори ва ундан юқори моделдаги флагманлари ва ўз номида 5G билан келадиган ўрта даражали смартфонлари 5G хусусиятига эга. 

ЎҚИНГ: iPhone SE 4 смартфони iPhone XR дизайнида чиқарилади