Дунёдаги энг тезкор оёқ кийим: MoonWalkers тақдим қилинди

Дунёдаги энг тезкор оёқ кийим: MoonWalkers тақдим қилинди

Kickstarter платформасида MoonWalkers номли оёқ кийимлар тақдим қилинди. Улар исталган оёқ кийим билан магнетли камарлар орқали ечиб-кийса бўладиган электрон қурилма бўлиб, улар юриш тезлигингизни 2.5 каррага оширади. Роликлардан фарқли ўлароқ MoonWalkers учун куч сарфлашингиз шарт эмас, шунчаки юрсангиз бўлди, оёқ кийимнинг ўзи сизнинг тезлигингизга тезлик қўшиб беради. Бу худди юриш йўлаги оёғингизга ўрнатилганига ўхшайди.

MoonWalkers юриш учун юқори даражада мослаштирилган: улар оёқларингиз бармоқлари эгиладиган жойда букланадиган эргономик ошиқ-мошиққа эга. Шунингдек, у фойдаланувчининг юришига мослашиш учун сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланади, яъни, агар сиз бироз тез юришни бошласангиз MoonWalker'лар тезлиги ўз-ўзидан ошади, секин юришни бошласангиз уларнинг ҳам тезлиги аста-секин пасаяди. Бунда сунъий интеллект сизга ўрганиши учун 10 қадам ташлашингиз етарли бўлади.

MoonWalker'лар мутлақо қўлсиз бошқарилади ва улар иккита: Lock ва Shift режимларига эга. Lock режимда ғилдираклар ҳаракатланиши электрон тормоз билан тўлиқ қулфланади, ёхуд бу режим билан сиз зина ёки автобуслардан бемалол чиқиб-тушишингиз ё бўлмаса пиёдалар ўтиш жойида светофорни яшил бўлишини кутиб туришингиз мумкин. Shift режими эса сизнинг юриш тезлигингизни ошириб беради. Бир режимдан иккинчисига ўтиш учун қандайдир тугмани босишингиз шарт эмас, Lock режимига ўтиш учун шунчаки ўнг товонни кўтариш ва тушириш, Shift режимига қайтиш учун эса ўнг товонни кўтариб, уни чап томонга (оёқ бармоқларини ерда ушлаган ҳолда) буриш кифоя. 

Техник жиҳатдан, MoonWalkers оёқ кийими 300 ваттли электрон моторга эга ва у ўз кучини 8 та ғилдиракларга тақсимлаб беради. MoonWalker'ларнинг максимал тезлиги соатига 11 км ни ташкил қилади ва бундай тезликдан сиз 1 метер масофада тўхташингиз мумкин. Уларнинг қуввати эса 10 км гача масофани босиб ўтиш имконини беради. Қувват тугаганда эса сиз уларни USB-C порти орқали (50+ Вт тезликда) 1.5 соатда тўлиқ зарядлаб олишингиз мумкин. Ҳар бир MoonWalker'лар оғирлиги салкам 2 кг ни ташкил қилади ва улар учун тавсия қилинган максимал одам оғирлиги 100 кг этиб белгиланган, ундан юқори оғирлик эса оёқ кийимлар тезлигига таъсир қилиши мумкин.

MoonWalkers айни дамда Kickstarter молиялаштириш лойиҳаларининг бири бўлиб, унга ҳозироқ 999 доллар нархда олдиндан буюртма беришингиз мумкин. Унинг асл нархи эса 1399 доллар. "Қутида" MoonWalker'лар ўзининг махсус сумкаси, ҳамда, қувватловчилари билан бирга келади. Илк 100 жуфт буюртмалар 2023 йилнинг март ойида етказиб берилиши кутилмоқда. Афсуски, етказиб бериш фақат АҚШ учун амал қилади.

ЎҚИНГ: Vertu дунёдаги илк Web 3 смартфон чиқарди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!