Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул онлайн бўлади (+видео)

  •   DiMaX
  •  4790
  •  04.09.2020 10:48

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул онлайн бўлади (+видео)

Жорий йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга 2020/2021-ўқув йили учун имтиҳонлар икки босқичда ўтказилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов 3 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади Daryo нашри.

ЎҚИНГ: Битирувчиларнинг шаҳодатнома ва аттестатлари энди QR-код ва махсус ҳимояга эга бўляпти!

Хабар беришларича, мактабнинг 5—9-синфларига ўқувчиларни қабул қилиш сентябрь—октябрь ойларида бўлиб ўтади, ҳужжатлар мактабнинг расмий веб-сайти (www.ictschool.uz) орқали онлайн қабул қилинади. Имтиҳонлар икки босқичда ўтказилиши белгиланган:

1-босқич: сентябрда онлайн тест синови;

2-босқич: октябрда Zoom дастури орқали онлайн суҳбат.

Ҳужжатларни қабул қилиш ва имтиҳонлар ўтказилиш саналарига аниқлик киритилмоқда, бу бўйича яқин кунларда ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб Президентнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган эди. 2019 йил декабрь ойида мактаб биноси фойдаланишга топширилган. Айни пайтда мактабда математика ва хорижий тиллардан муваффақиятли имтиҳон топширган 680 нафар ўғил-қиз 5—11-синфларда таълим олмоқда.

Ушбу мактабга ўқувчилар 5-синфдан қабул қилинади. Мактаб математика, информатика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, таълим ўзбек тилида олиб борилади. Мактаб ўқувчиларига ўқув жараёнида олаётган назарий билимларини ИТ-лабораториялардан фойдаланиб, амалда синаб кўриш имкониятлари яратилган. Улар мактаб давриданоқ ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишлари мумкин. Бундан ташқари, битирувчилар IELTS инглиз тилидан баҳолаш тестларини мактабнинг ўзида топшириш имкониятига эга.

ЎҚИНГ: Мобил алоқа учун «ТАЪЛИМ» тариф режаси ва махсус интернет-тўпламлар жорий этилди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!