Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди. Бу ҳақда Инҳа университетининг сайтида хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги буйруғига биноан 2018 йилнинг 13 январидан Амирулла Абдуллаев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга директор этиб тайинланди.

Амирулла Абдуллаев Ихтисослаштирилган мактаб директори лавозимда ишлаган ҳамда илм масканининг ривожланишига катта ҳисса қўшган ҳамда шу кунга қадар бошқариб келган Фаридон Усмановнинг ўрнига директор этиб тайинланди.

Абдуллаев бакалавр даражасини Гулистон давлат университетида ҳамда магистр даражасини Хиросима университети (Япония)да олган. Турли йилларда у ўқитувчиларни ҳорижий тилларга тайёрлаш бўйича Украина, АҚШ, Германия, Япония, Италия, Жанубий Корея ва Буюк Британияда ўқув курсларида иштирок этган ва шу билан бирга таълим тизимини ривожлантириш бўйича ўз малакасини ҳам ошириб борган.

2002 йилдан бошлаб у турли олий ўқув юртларида инглиз тили ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатиб, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган. 2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз таълим маркази менежери лавозимида ишлаб келаётган эди. 

Қайд этиш лозимки, 2017 йилда кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, А.Абдуллаев раҳбарлигидаги Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курсларининг 94 фоиз тингловчилари Ўзбекистон ва ҳориждаги олий ўқув юртларининг талабалари бўлишди.

Ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. 

Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактабнинг низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.