Муҳим сабаб билан "кирпич-смартфон"лар қайтади

Муҳим сабаб билан

Яқин-яқингача ҳам мобил алоқа телефонларига нисбатан "кирпич" деган сифат ишлатиб келинар эди. Одатда йирик ва бесўнақай телефонлар халқ орасида ана шундай номланади. Бироқ, сўнгги йилларда мобил қурилмалар ниҳоятда нафислашиб, нафақат алоқа воситаси, балки қайсидир маънода бизни безаб турадиган яқин аксессуарга айланди.

Айни пайтда сайёрамиз бўйлаб бир нечта мамлакатларда янги авлод алоқа тармоғи ҳисобланган 5G технологиясини яратиш юзасидан йирик изланишлар олиб борилмоқда. Тадқиқот натижаларини эълон қилиб борувчи LightReading нашрининг фикрича, 5G-стнадартини қўллаб-қувватлайдиган илк смартфонларнинг дизайни ҳозирги силлиқ ва суйри кўринишдаги гаджетлардан фарқланади. Аниқроғи уларнинг дизайни яна қўпол кўринишга келиши мумкин.

Сўнгги бир неча йиллардан буён смартфонлар ҳар жиҳатдан жиддий ва ижобий ўзгаришлар билан бойиди. Смартфон ишлаб чиқарувчилар, дизайнерлар жозибадор кўринишдаги девайсларни яратиш устида узоқ тадқиқот ва тажрибалар олиб бордилар.

Телефонлар корпуси юпқалашиб, экранлари атрофидаги ҳошиялар қисқарди, олд панелда экран улуши ошди, антенна ҳамда бошқарув тугмалари, элементлар мунтазам камайиб келмоқда. Бироқ тўсатдан ҳаммаси яна аввалги ҳолга қайтиши мумкин. Бунинг бош сабаби эса 5G стандартининг смартфон дизайни билан боғлиқ бир қанча талаблари.

Гап шундаки, смартфон ўта тезкор ишлаши учун унга тамомила бошқа частота спектри керак бўлади. Бугун бизга ва фанга маълум радиотўлқинлардан фарқли равишда, янги алоқа тармоғи ишлайдиган 5G сигналлари ҳозирча узоқ масофада тарқалишга қодир эмас. Бу эса илғор алоқа сигналларининг бино ичини тўлиқ қамраб олишида муаммо туғдиради. Шунинг учун ҳам, аксарият экспертларнинг фикрига кўра, илк 5G-смартфонлари кучли антенналар билан таъминланади.

Эҳтимол, вақт ўтиб муҳандислар бу муаммони ҳам ижобий ҳал қилиш чорасини топсалар керак. Бунинг учун улар юқори даражада сезгир ихчам сигнал қабул қилувчи қурилмаларни яратишлари керак бўлади. Ҳозирги сигнал қабул қилувчи қурилмалар эса қалин ва қўшимча қисмларга эга смартфон корпусини талаб қилади.

Сезиларли даражадаги антенналар эса бугунги нозиктаъб смартфон фойдаланувчилари учун малол келади. Уларнинг бундай кўринишдаги гаджетларга кўникиши қийин бўлгани учун аввалига мазкур смартфонларнинг оммалашуви ҳам секин бўлади. Шу билан бирга, таннархнинг ошиши эвазига инновацион гаджетларнинг баҳоси ҳам қиммат бўлади. Шунинг учун ҳам аксарият компаниялар 5G учун флагман аппаратларни ишлаб чиқаришга шошмайдилар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.