Мутахассислар: Apple смарт-кўзойнаклари ҳам iPhone каби муваффақиятга эришади

  •   DiMaX
  •  1210
  •  30.08.2017 12:54

Мутахассислар: Apple смарт-кўзойнаклари ҳам iPhone каби муваффақиятга эришади

Bernstein таҳлил компанияси мутахассиси Тони Сакконачи фикрига кўра, Apple’нинг «ақлли» кўзойнаклари келажакда катта муваффақиятларга эришиб, кенг оммалашади. Бу ҳақда PhoneArena сайти хабар бермоқда.

Apple компьютер савдосини бошлаган илк компания бўлмаганлиги барчамизга маълум. Шунингдек, биринчи смартфон ва планшетларни ҳам бозорга дастлаб у олиб кирган эмас. Аммо Apple’нинг битта қойилмақом ютуғи бор: қурилма ва дастурий таъминотни ўзаро боғлаш масаласига ўзига хос ёндашганлиги эвазига, у мана шу гаджетларни оммалаштиришга эришган.

Сакконачи сўзларига кўра, смарт-кўзойнаклар масаласида ҳам бизни худди шу сценарий кутаётир. Унинг таъкидлашича, ҳозирда тадқиқотларга сарфлаш учун Apple’да «ортиқча пул» мавжуд. Унинг мазкур соҳага сарфлаган маблағлари эса 2019 йилдаёқ, яъни – тақилувчи электроника жиҳозлари бозори айни авжига чиққан паллада компанияга қайтиб келади.

Хўш, Apple «ақлли» кўзойнагини ҳам Google Glass ва Microsoft HoloLens каби смарт-кўзойнакларнинг тақдири кутмаётганига Тони Сакконачи нимага бунчалик ишоняпти? Бунинг боиси шундаки, Apple нафақат қурилма ва дастурий таъминотдан иборат мажмуавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни уддалайди, балки бунинг натижасида харидорларни айни шу гаджетлар кераклигига ҳам ишонтира билади.

Apple кўзойнакларининг ютуққа эришувини прогноз қилаётган кўплаб мутахассислар каби, Сакконачи ҳам бир нарсага ишонмоқда: Apple Watch’даги каби муаммолар бу гал юзага келмайди. «Олма»нинг смарт-кўзойнакларини камида iPad даражасидаги муваффақият кутаётир, дейди мутахассис. У ҳатто, бу девайс iPhone даражасида ютуққа эришиши ҳам мумкинлигини таъкидламоқда!

Шуниси ҳам борки, ҳали бу – мазкур қизиқарли гаджетни ҳеч ким кўзи билан кўрмаган ҳолатдаги тасаввурлардир.

Таъкидлаш керакки, «ақли» кўзойнак борасида, юқорида айтиб ўтилган Google ва Microsoft’дан ташқари, яна Essential ва Facebook сингари компаниялар ҳам изланишлар олиб боришмоқда. Бунга яқин йўналишдаги ихтироларга келсак, Snapchat бир йил аввалоқ камерали кўзойнакларни намойиш этган, Samsung бўлса, экран ва камерани битта линзага жойлаштириш устида ишламоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!