Музаффар Жалолов: «Ойлик паст бўлса, ИНҲА талабалари боришмайди» (видео)

  •   DiMaX
  •  507
  •  12.08.2021 17:53

Музаффар Жалолов: «Ойлик паст бўлса, ИНҲА талабалари боришмайди» (видео)

«Xabar.uz» ахборот таҳлилий портали «110 метр баландликда» деб номланган лойиҳасининг навбатдаги сонини эълон қилди. Унинг бу галги меҳмони – Тошкентдаги ИНҲА университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов.

ЎҚИНГ: IT йўналишидаги университет ректори: «Танка»сиз ўқишга кириш мумкин! (+видео)

Музаффар Жалолов 1986 йилнинг 17 февралида туғилган.

Маълумоти олий: Тошкент ахборот технологиялари университети, Жанубий Корея Йонгнам университети.

Илмий даражаси: техника фанлари бўйича фалсафа доктори.

Меҳнат фаолияти: «UNICON.UZ» ДУК, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Геодезия ва картография миллий маркази» ДУК.

2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори вазифасини бажарувчиси.

– Aссалому алайкум, «110 метр баландликда» лойиҳасига хуш келибсиз. ИНҲА ва ТAТУ университетлари IT йўналишида кадрлар тайёрлайдиган ягона ОТМлар эди. Ҳозирда рақобатчи ОТМлар кўпайди. Рақобатдан қўрқмайсизми?

– Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади, сифат ҳам бўлади. Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети Ўзбекистонда ташкил қилинган Кореянинг биринчи университети ҳисобланади. Лекин биз Кореянинг филиали эмасмиз. Корея таълим дастурида Ўзбекистон ҳудуддида жойлашган Ўзбекистоннинг халқаро университетимиз. Бизларда кириш имтиҳонлари ҳам, ўқиш ҳам, диплом ҳам Корея томонидан берилади. Ўзбекистондаги халқаро университетлар сони ҳали унчалик рақобат қиладиган даражада ҳам эмас. Сабаби, Ўзбекистондаги университетлар ҳаммаси ҳам барча битирувчиларни қамраб олаётгани йўқ. Ҳозирда юртимизда хорижий 24 та олий таълим муассасалари бор. Олдин 100 та абитуриентдан фақатгина 8-9 нафари талаба бўла олган. Ҳозир эса бу имконият янада кўпайган.

Ўзбекистондаги ОТМларда сифатли кадрлар тайёрлашда нималар етишмайди?

– Муҳатарам президентимиз жорий йилнинг 26 июнидаги йиғилишда энди янги университет очилмаслигини айтиб ўтди, энди урғу фақат сифатга қаратилишини таъкидлади. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мавжуд. Бу инспекция 2019 йилда ишлаб чиқилган янги стандартга биноан барча ОТМларни аттестация ва аккредитациядан қайтадан ўтказяпти. Бизнинг университет янги кретерия, янги талаб бўйича ҳозир Ўзбекистонда ягона. 26 июндаги йиғилишда давлат раҳбари ректорларни бош ислоҳотчи эканлигини таъкидлади. Чунки, жуда кўп ёшларнинг келажаги бизларга боғлиқ.

ЎҚИНГ: Дипломатия университетига кира олмаган қиз Tesla’га ишга кирди!

Ўқишга киролмаганларнинг ёки талабаларнинг курсдан-курсга ўтолмаган ҳолатларида «танка» суришлари бўлиб турадими?

– Aгар университетимиз мисолида айтадиган бўлсак, бизда курсдан-курсга ўта олмаслик ҳолатлари йўқ. Бизда таълим жараёнлари кредит модул системасида ўқитилади. «Танка» суриш ҳолати ҳали бўлмаган. Бизнинг университетда бунинг имкони ҳам йўқ. Чунки, ҳамма жараёнлар ахборот тизими орқали Кореяга боғланган. Биздаги академик жараённи ҳаммасини Корея бошқаради. Ўқитувчиларни ҳам улар танлайди. Бизларда деканат тушунчаси йўқ, ўқув бўлими бор. Ўқув бўлимининг бошлиғи ҳам Корея фуқароси. Ректорнинг биринчи ёрдамчиси лавозимига ҳам Корея фуқароси қўйилган.

– Битирувчиларнинг ўқишдан кейинги фаолиятларини мониторинг қиласизларми? ИНҲА битирувчилари қаерларда ишламоқда?

– Иш топиш бўйича бизларда карьера маркази бор. Шу ерда ҳафтасига камида икки марта иш вакансиялари бўйича эълон берилади. Бизнинг 100 дан ортиқ ҳамкорларимиз мавжуд. Давлат корхоналаридан ташқари, банклар, хусусусий секторлар, халқаро ташкилотлар ҳам бор ва улар доимий равишда биз билан ишлайди.

Битирувчиларга келсак, 3-курсдан кўпчилик иш билан таъминланади. Сабаби, сифатли таълим берилганидан кейин қайси йўналишда бўлмасин, талаба керакли кадрга айланади. Биздаги талабаларнинг талаби ҳам юқори. Паст ойлик бериладиган бўлса, улар боришмайди ҳам. Чунки уларнинг малакаси, билими талабга жавоб беради.

ИНҲА магистратура йўналиши ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

– Бу йил биринчи марта бизнес бошқарувида «рақамли трансформация» деган йўналиш очдик. Фақатгина бошқарув тарафдан эмас, бунда техник тарафдан ҳам гибрид таълим берилади. Магистратура йўналиши бизда 1+1 усулида бўлади. Яъни, бир йил Ўзбекистонда, бир йил Кореяда таҳсил олинади. Ҳам Ўзбекистон, ҳам Корея дипломига эга бўлиш имконияти бор. Кейинчалик насиб бўлса, докторантура йўналишини очишни ният қилганмиз.

Супер контракт орқали ўқиш масаласига қандай қарайсиз?

– Оддий қарайман. Жуда ҳам кўп давлатларда бу тизим жорий қилинган. Билими пастроқ дегани, бу билим олишга, имконият берилишига унинг ҳаққи йўқ дегани эмас. Лекин шундай тизим жорий қилиш керакки, супер контрактдагиларни ҳаммасига ҳам диплом бериш керак эмас. Маълум бир имтиҳонларни топшириб, маълум бир талабга жавоб берганидан кейин диплом берилиши лозим. Биз ҳам кореялик ҳамкорларимизга бу таклифни бердик, улар таълим сифатини тушиб кетишидан хавотирда. Шунинг учун бу масалага ҳали қайтмадик.

ЎҚИНГ: Ўқишга имтиҳонсиз кириш имконини берувчи яна бир танлов жорий этилди

Тошкентдаги ИНҲА университети ТОП мингталикка қачон киради?

– Кореядаги ИНҲА университети ТОП-500 таликка киради. Ўзбекистондагиса энди киради насиб қилса. Бу рейтингга кириш учун жуда катта талаблар бор. Илмий салоҳият тўғри ташкил қилингани, профессор ўқитувчиларни кўпроқ илмий ишлар олиб бориши, кўпроқ мақолалар чоп этилган бўлиши керак. Бизда фақат академик йўналишлар йўлга қўйилган. Илмий йўналишлар энди йўлга қўйилади. Ҳозир олдимизга халқаро аккредитациядан ўтишни мақсад қилиб қўйганмиз. Aгар ўтсак, бошқа давлатларда ҳам бизнинг дипломимиз тан олинади. Насиб бўлса, кейиинги йил учун режа қилганмиз буларнинг ҳаммасини.

Университет рейтингини ошириш, таълим сифатини кўтариш, замонавий кадрлар тайёрлаш борасида нафақат ИНҲАда, балки бошқа университетларда ҳам нима ишлар қилиниши керак деб ўйлайсиз?

– Маҳаллий университетларга келсак, уларда жуда катта имкониятлар ҳам бор, камчиликлар ҳам. Бизга келсак, жой муаммоси бор. Яна, айтиб ўтганимдек, энди магистратурани очдик, ҳали доктарантура ҳам очишимиз керак. Илмий марказларни очишимиз зарур. Маҳаллий ОТМларнинг эса 26 июндаги йиғилишдан кейин имкониятлари жуда ҳам кенгайди.

Биринчиси, ОТМларнинг ўзида илмий кенгашларнинг, бошқарув кенгашларининг ролини ошириш. Бунгача ҳамма нарсани Олий таълим вазирлиги билан келишиш керак эди.

Иккинчиси, молиявий мустақиллик. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги барча маҳаллий ОТМлар ҳам молиявий мустақилликка чиқиши керак.

Учинчиси, университетга киришда бемалол бўлиш керак, лекин битираётганда ҳаммага ҳам диплом берилиши керак эмас. Яна стипендияни ҳам олиб ташлаш керак, бу фақат болани бузади. Бизларда стипендия йўқ. 1 сентябрдан кўп ОТМлар кредит модул системасига ўтади. Лекин ҳали бу ҳақида кўпчиликда тушунча йўқ.

ЎҚИНГ: Бир йил ичида университетни тугатган 11 ёшли болакай киборгга айланишни режалаштирмоқда!

2021-2022 ўқув йилида университет қабул жараёнларида қандай янгиликлар бор? Жорий йилда университетга қанча талаба қабул қилинади? Қўшимча квоталар ажратилганми?

– Бизда чеклов бор. Бу йил учун 420 та квота ажратилган. Имтиҳонни апрел ойидан бошлаймиз. 3 марта имтиҳон бўлади. Биринчи мартада йиқилган талабада кейинги имтиҳонда яна қайта топшириш имконияти бор. Чунки бизда имтиҳон жуда қийин бўлади. Инглиз тилида, математика, физикадан топшириш керак. Бу эса осон эмас. Онлайн ҳужжат топшириш жараёнлари кетмоқда. Aбитуриентлар бемалол уйидан туриб ҳужжат топшириши мумкин. Пандемия сабаб ўқиш жараёни ҳам маълум вақт онлайн бўлди. Эндиликда сентябр ойидан оффлайн ўқув жараёнига ўтиш ниятимиз бор.

ИНҲА да Сиртқи таълим тизимини жорий қилиш режалаштирилганми?

– Aлбатта. Тўғри, ҳозирда бизда сиртқи таълим жорий қилинмаган, аммо магистратура босқичининг кечки таълим йўналиши ташкиллаштириляпти. Бу иш билан таъминланганларга ҳам бемалол ўқиш имкони беради.

Сиртқи таълимни ҳам режалаштирганмиз. АКТ вазирлигининг кўмаги билан кўп нарсаларни амалга ошириш имконияти бўлди. Ҳозир вазирлик 100 фоиз қўллайди университетда нима янгилик қилмоқчи бўлсак ҳам.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан бу йил хорижий ҳамда хусусий ОТМ ларга давлат гранти ажратиляпти. Энг кўп грант бизларга ажратилди. Ўзи 10 та грант қабул қилар эдик. Бу йил учун эса ҳисоб-китоб қилиб 30 та грант қабул қилишни режа қилган эдик. Эндиликда муҳтарам президентимиз ташаббуслари билан яна 50 та грант жорий қилинди. Бу эса талабалар учун жуда катта имконият.

Ҳудудларда ИНҲА филиаллари очилиш режаси борми? Қайси ҳудудларда?

– Кўп вилоятлар қизиқиш билдиряпти. Лекин бизнинг кучимиз ҳаммасига ҳам етмайди. Ҳам молиявий, ҳам вақт томонидан ҳали имкониятимиз кам. Ҳозир қилишимиз мумкин бўлган энг тўғри иш бу – масофавий гибрид таълимни йўлга қўйиш. Яъни, ўқишини майли онлайн ўқисин, лекин талаба интерактив бўлсин. Дарсни кино кўргандек томоша қилмасдан, жараёнда қатнашсин, устоз билан суҳбат қилсин. Назорат ишларини эса келиб жойида топшириш керак. Бунда нафақат вилоятлардаги, балки қўшни давлатлардаги ёшларни ҳам масофавий гибрид таълимда ўқитса бўлади.

Пандемия таълим жараёнига қандай таъсир кўрсатди?

– Нафақат ИНҲА, балки бутун дунё бунга ҳали тайёр эмас экан. Кимлардадир интернетда муаммо бўлиб қолиши мумкин. Яна энг асосий муаммо бу – дангасалик. Баъзи ёшларимиз уйида бўлади, ёнида диван бўлади, телевизор бўлади, дарс тайёрлашга эса иштиёқ бўлмайди. Лекин шунда ҳам профессор ўқитувчиларимиз талабаларни бир тонусда ушлаб туришга қаттиқ ҳаракат қилишди.

ЎҚИНГ: Ойлиги 30 млн сўмдан ошиқ веб-дизайнер: «IT'ни ривожлантиролсак, АЭС ҳам керак бўлмай қолади» (+видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!