MWC 2017: энг антиқа қурилмалар!

  •   DiMaX
  •  1205
  •  09.03.2017 11:56

MWC 2017: энг антиқа қурилмалар!

Mobile World Congress кўргазмаси – нафақат мобил қурилмаларнинг, балки турлича технология ютуқларининг ва шу соҳадаги қизиқарли янгиликларнинг ҳам намойишидир. Қуйида бу йилги кўргазманинг энг қизиқарли, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ғаройиботларига бир нигоҳ соламиз.

Кишилар ва юкларни ташувчи ақлли платформа

Четдан қараганда, Ford компанияси Барселонага оддий робот-чангютгич олиб келгандек туюлиши мумкин. Аммо, табиийки, ғилдираклари, фаралари ва стоп-сигналлари мавжуд бўлган доира шаклидаги бу платформа асло электрон супурги эмас. Танишинг: бу – одамларни ва юкларни ташишга мўлжалланган ҳамда Carr-E деб номланувчи келажак транспорт воситаси ҳисобланади!

Ҳаракатланувчи платформа тўртта ғилдираги эвазига жуда бақувват бўлиб, 120 килограммгача вазнли кишини бемалол кўтара олади. Аммо уни бошқа мақсадларда ҳам қўллаш мумкин: масалан, бир қоп картошкани ёки бошқа бирор оғир юкни уйгача олиб келишда асқотади у. Carr-E ўз эгасининг буйруқларига бўйсуниб ҳаракатланади, унинг ичига ўрнатилган датчиклар эса йўлдаги тўсиқларни четлаб ўтишга ёрдам беради.

Платформанинг тезлиги 18 км/соатгача етади. Битта аккумуляторнинг тўлиқ қуввати билан у 20 километрдан ошиқ йўлни босиб ўта олади. Агарда Carr-E’нинг қуввати кутилмаганда тугаб қолса ҳам, яқин орадаги розеткагача уни шундоққина қўлда кўтариб бориш мумкин. Бунинг учун унга махсус тутқич ўрнатилган, бутун қурилманинг вазни эса атиги 15 килограмм атрофида.

Carr-E’нинг савдога чиқариш вақти ҳақида ҳозирча маълумот берилмаяпти. Тахминларга кўра, мазкур платформа келажак транспорт экотизимининг бир қисми бўлади. Мазкур тизим концепциясини яратиш устида эса Ford айни дамда фаол иш олиб бораётир.

Смартфонни 20 дақиқада қувватловчи адаптер

Meizu компанияси MWC 2017 кўргазмасида ўзини жуда бошқача намоён этди, дейилмоқда хабарларда. Хитойликлар бу гал бирор янги гаджет эмас, балки жуда истиқболли технологияни тақдим этишди – Super mCharge тезкор қувватлантириш технологияси. Унинг асосини ташкил этувчи йирик ва оғиргина адаптер махсус USB Type-C кабели орқали 3000 мА/соат сиғимли аккумуляторни атиги 20 дақиқа давомида тўлдира олади!

Ўзингиз ҳам англаб етгандирсиз – у фақат Meizu смартфонлари билангина ишлайди. Уларнинг ҳам ҳаммасига эмас, балки энди ишлаб чиқаришга жорий этилаётган айрим моделларга тушади бу адаптер. Масалан, яқин орада тақдим этиладиган Pro 7 моделига. Эҳтимол, кейинчалик Meizu бу адаптерни бошқа ишлаб чиқарувчилар қурилмаларига мослаб ҳам чиқарар.

Адаптер ва кабелнинг хусусиятлари анчагина жиддий. Зарядка 11 вольт кучланиш ва 5 ампер ток кучида ишлайди, қуввати – 55 ватт. Super mCharge сими эса уч баравар юқори – 160 ваттгача бардош берадиган қилиб чиқарилган. Meizu вакилларининг ваъдасига ишонсак, мазкур технология аккумуляторнинг ишлаш қобилиятига умуман салбий таъсир этмайди. 800 марта тўла қувватлантирилганда батарея ўз сиғимининг кўпи билан 20 фоизини йўқотиши мумкин, дейишяпти улар.

Барабанчи робот

MWC 2017 инновациялар ҳудудида ҳамманинг диққатини битта шовқин ўзига жалб этди. Бу – KUKA компанияси томонидан олиб келинган барабанчи робот эди. Унинг ижросини қуйидаги лавҳада ўзингиз кўришингиз мумкин:

Беш карралик оптик зумга эга смартфон

Ҳали кўпчилик икки каррали зум бўйича iPhone 7 Plus зўрми, ёки Huawei P10 камерасими, дея баҳслашиб ўтиришганида, Oppo компанияси ишлаб чиқарувчилари амалий иш билан банд бўлишган экан. MWC 2017’га улар беш карралик оптик зумга эга смартфон олиб келишди!

1 каррали зумда олинган тасвир

5 каррали зумда олинган тасвир

Тасвирнинг зуми учун жиддий оптик тизимга эга бўлган алоҳида объектив масъул. Қисқача айтганда, унинг камераси тўлақонли фотоаппаратларникидек ишлайди.

Мазкур ҳайратомуз фотомодул айнан қайси смартфон моделига ўрнатилиши ҳозирча номаълум. Кўргазма стендига қўйилган барча намуналар бир хил кўринишдаги пластик ғилофларга солинган бўлган. Уларга қараб хулоса чиқариш мумкинки, бу гаджетлар айтарли қалин смартфонлар эмас.

Буткул автоном пойгачи электрокар

Кўргазмада автомобиллар, табиийки, гаджетларга нисбатан анчагина кам бўлди. Аммо улар орасидан энг ғайриоддийси – Roborace компаниясининг Robocar номли пойга электрокари эди. Ишлаб чиқарувчилари уни шунчалик ақлли қилишганки… машинада нафақат йўловчилар учун, балки ҳатто ҳайдовчи учун ҳам жой йўқ!

Бу атай шундай қилинган. Шунчаки, Robocar – келажак пойгалари учун яратилган бутунлай автоном ишловчи илк автомобилдир. Ҳатто шу пойгалар учун ном ҳам топиб қўйишган – Formula E. Бир томондан, бу пойгалар енгил ва жуда тезкор ўзини-ўзи бошқарувчи автомобиллар пойгаси бўлса, иккинчи томондан – истеъдодли дастурчиларнинг ақл баҳси ҳам бўлади. Албатта-да, ахир, 300 км/соатдан ошиқ тезликда учиб бораётган 975 килограммлик рўдапони бурилишларда оқилона тарзда тезликни пасайтиришга, худди ўзи каби бошқа болидлар билан тўқнашмасдан маррага интилишга ўргатиш унча-мунча дастурчининг қўлидан келадиган иш эмас-ку!

Хулласи калом, технологиялар ривожи биз ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган янгиликларни тақдим этаётир. Улардан бохабар бўлиб бориш учун эса биздан узоқлашманг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!