MWC 2018’да рекорд: энг антиқа дизайнли смартфонлар ва бошқа гаджетларни ким олиб келган?

  •   DiMaX
  •  1256
  •  02.03.2018 14:57

MWC 2018’да рекорд: энг антиқа дизайнли смартфонлар ва бошқа гаджетларни ким олиб келган?

Анъанавий тарзда Барселонада ўтказилиб келаётган Mobile World Congress анжуманининг бу йилгиси турли кутилмаган қурилмаларга бой бўлди. Кўргазмада бу соҳада етакчи бўлмаган кўплаб компаниялар ўзларининг турли жиҳатларига кўра илғор девайслари билан иштирок этишди.

ЎҚИНГ: MWC 2018’да рекорд: энг ромсиз смартфонни ким ясаган? (+видео)

Хитойлик смартфонсоз Doogee компанияси эса бу тадбирда энг антиқа дизайнга эга қурилмаларини намойиш этди.

Ушбу ишлаб чиқарувчининг стендида журналистларнинг эътиборини энг кўп жалб этган маҳсулот – янги Doogee Mix 4 смартфони бўлди. Унинг кенг форматли дисплейи атрофида, тўрт томонида ҳам юпқагина ҳошия бор, холос. Мазкур экраннинг ўзига бармоқ изи сканери ҳам интеграция қилинган. Олд камера ва бошқа датчиклар эса... йўқ! Ҳа, телефоннинг олд панели фақатгина экрандан иборат (юқоридаги суратда уни олд томонидан, пастдаги расмда эса - орқа томонидан кўришингиз мумкин).

Doogee Mix 4

Кўриб турганингиздек, гап бошқа ёқда – бу қурилма слайдер форм-факторида ишланган. Экран панели сал пастга сурилиб, унинг орқасида, юқори томонда селфи-камера ҳамда суҳбатлашув динамиги очилади.

ЎҚИНГ: Мутлақо ромсиз смартфонни умуман танилмаган бир компания яратди (+видео)

Шунингдек, Doogee Mix 3 модели ҳам анча қизиқарли чиққан. Унинг сўзлашув динамиги анъанавий жойида – ромсиз экрани тепасида, аммо олд камераси йўқ! Бу гаджетнинг ўзига хослиги – унда селфи-камера вазифасини ҳам асосий камеранинг ўзи бажаради. Орқа панелдаги бош камера махсус механизми воситасида «қайрилиб», асосий корпуснинг тепасига чиқади.

Doogee Mix 3

Яна бир янги тақдим этилган смартфон – Doogee V моделидир. Бу девайсда бармоқ изи датчиги худди iPhone X’даги каби «ўйиқ»ли дисплейнинг ўзига жойланган.

Doogee V

Шу билан бирга, Doogee компанияси анжуманга ўзи ишлаб чиққан қайрилма экранни ҳам олиб келган экан. Бу дисплей компаниянинг навбатдаги смартфонларидан бирига қўйилади.

Булардан ташқари, Doogee компанияси Барселонадаги тадбирда ўзининг кўплаб аксессуарларини ҳам намойишга қўйган. Улар орасида симсиз қулоқчинларнинг бир нечта моделлари ҳамда симсиз тезкор қувватлаш станцияси ҳам бор.

Юқоридаги янги смартфонларнинг техник хусусиятлари ва нархлари сир тутилмоқда. Аммо Doogee’нинг аввалги моделлардаги айрим телефонларини онлайн савдо платформалари орқали харид қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: 372 минг сўмдан бошланувчи Doogee смартфонларини AliExpress орқали харид қилинг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.