Нафақахўрлар учун янги электрон хизмат жорий қилинди

  •   DiMaX
  •  4166
  •  06.04.2019 10:09

Нафақахўрлар учун янги электрон хизмат жорий қилинди

Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этиладиган янги электрон хизмат жорий этилди. У пенсияни ҳисоблаш учун масофадан туриб ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани олиш имконини беради, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Энди онлайн тарзда нафақа учун ариза бериш ва пенсия ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида 140 дан зиёд электрон давлат хизмати тақдим этилган.

Янги хизматнинг ишлаши учун мамлакатимизда ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритиш таомили жорий этилди. Энди фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи суммалари тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан давлат солиқ органларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи таркибида электрон шаклда тақдим этилади. Айни дамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқароларга ҳисобланган иш ҳақи суммалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш автоматик режимда амалга оширилади. Порталда кўрсатилганидек, хизматлар шу заҳоти ва бепул кўрсатилади.

Шуни таъкидлаш керакки, агар мурожаат қилувчи шахс давлат хизматлари органларида ҳисобга қўйилмаган тақдирда, хизмат кўрсатиш рад этилиши мумкин.

Янги хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 1 февралида қабул қилинган «Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди.

ЎҚИНГ: Транспорт воситалари эгалари диққатига: ягона электрон база шакллантирилади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!